топик, блог, фотосет ёки йўналтиргич яратиш

Дилшод РАЖАБ. Шеърлар

Sherlardan...
Шеърият ва адабиёт
ЙЎЛИМ    ҚУЁШ   ТОМОНДИР

ТУҒИЛГАН ЖОЙ

Киндик қоним томган жой,IMG_2291

Меҳридан дид қонган жой.

Ишқи билан эрта-кеч

Юрак-бағрим ёнган жой.

Бағри-боғи чамандир,

Шу ер менга Ватандир!

 

Қадам боссам йўллари,

Елка тутар мард бўлиб.

Чанг-ғубори қошимга,

Қўнар тилла гард бўлиб.

Кутар майса, дарахти,

Юзи заъфар, зард бўлиб,

Дийдори туй-байрамдир,

Шу ер менга Ватандир.

 

Не азизлар хоки бор,

Ҳар бир қарич ерида.

Яшнайди боғ-роғлари

Элнинг манглай теридан.

Далалари кенг бирам

Одамларин феълидай

Тупроғи зар, маъдандир

Шу ер менга Ватандир.

 

 

Кўрдим не макон-маъво,

Унга ишқим бошқача.

Бағрида ётсам ҳатто

Кўрган тушим бошқача.

Худди ўғил-қизим у,

Ўхшар кўзгу қонгача.

Ҳам онам, ҳам отамдир,

Шу ер менга Ватандир.

 

У юртларда унутмайман,

Еган нону- тузимни.

Номин айтиб бошлайман,

Ҳар рўзим, ҳар сўзимни.

Қайда бўлмай нигорон,

Тикдим унга кўзимни.

Ўлганда ўгирмай,

Ётадирман юзимни.

 

Менинг қилам-каъбамдир.

Шу ер менга ВАТАНДИР!

 

ДЕНОВДА БАҲОР

Отамга

Осмон оқ қоғоздай топ-тоза бирам,

Навбаҳор шоири оламга ўхшар.

Учи кўкка теккан кўк тераклар ҳам,

Ёзишга шай турган қаламга ўхшар.

 

Тизилиб келмоқда турна сафлари,

Гўё зўр ғазалнинг илк шоҳ байтлари.

Шоирнинг илҳоми жўшган пайтлари,

Шу дилбар лаҳзалар, шу дамга ўхшар.

 

Она ер юзида яшил ҳаяжон,

Ҳар зарра, майсада таъсир, ҳаяжон.

Хуш еллар дилларга ташир ҳаяжон,

Бу кунлар шеър базми, байрамга ўхшар.

 

Ҳей, гўзал, гуллаган Денов боғлари,

Куй, ғазал гуллагн Денов боғлари.

Эсласам гуллаган ёшлик чоғларим,

Бу боғлар бир сулув санамга ўхшар.

 

Кезсам бу боғларда кўнглим чоғ бўлиб,

Дилим бир энтикди ногаҳон кўриб.

Анов оппоқ бўлиб гуллаган ўрик,

Сочлари оқарган отамга ўхшар.

 

ДЕНОВГА ҚАЙТИШ

Шовқинли шаҳарни эгнимдан ечиб,

Не дарё-кўллардан, чўллардан кечиб.

Бағрига отлдим она қишлоқнинг,

Бағримдан отилди завқу севинчим.

 

Бўй чўзиб йўлимни пойлаган каби,

Шивирлай бошлайди сергак тераклар.

Янги қурилажак иморатларга,

Синч, болор тераклар, тиргак тераклар.

 

Ҳар дарахт, ҳар майса кўнглимнинг мулки:

Толларга термулиб толмас кўзларим;

Қадрдон тутларнинг қўларин тутиб,

Отамдай сизлагим келар, сизлагим;

 

Ўриклар кўрикка чиққандай қатор,

Тиллодай товланар ҳар бир зардоли.

Шовуллаб юборрар бирдан буғдойзор,

Нигоҳим тортади ёрқин жамоли.

 

Бош эгган бошоқлар неларни ўйлар,

Шовуллаб неларни сўйлар буғдойлар?

Тандирнинг тафтида, онам кафтида,

Оппоқ нон бўлишни ўйлар буғдойлар.

 

О, она қишлоғим!

…Ҳар майса гардида умрлик қарзим,

Болалик изларим ботган бу тупроқ.

Бошимга кўтариб юришга арзир,

Оёғим остида ётган бу тупроқ.

 

 

АМУ  ВА  СИР  ОРАСИДА

Икки дарё куйлаб ётган қўшнайдир,

Наволарин тинглаб, қалбинг жўшгайдир.

Ҳаёт қайнар, чарх ургандек “Лазги” га,

Обод турмуш — фаравонлик базми-да!

…. Икки дарё — икки мисра, шоҳбайтдир,

Озод юртга тинмай шукрона айтур.

Бу шоҳ байтга қулоқ сол қул-қаролдай,

У етиб бормаса, қалбинг …. oролдай….

 

ОНАМНИНГ   ҲАССАСИГА

Онажоним қўли маҳкам ушлаган,

Бир ўғилдай елка тутиб, суяган —

Ҳассажон, юравер доим “тўқ-тўқ-тўқ”,

Бемеҳр фарзандга урган каби дўқ.

Сенчалик ҳам мадад бўлолганим йўқ…

… Товушинг таралиб турса, кўнглим тўқ.

 

ОТАМНИНГ   КЕТМОНИГА

Эй, қанча тупроқни ўйиб-қўпорган,

Отам елкасида сени кўтарган.

Мен бошимда тутай, бошимни эгай —

Таъзимлар қилай, ёнингдан ўтаркан.

 

Эй, отам пойига неча бош урган,

Гоҳо дами қайтган – заранг тош урган.

Гарчи бир кетмонсан, кўп қадрдонсан,

Қадоқ қўл, ҳалол тер қадринг оширган.

 

                  ФАВВОРА

Бир гўзал шаклсан, на ажиб, хушсан,

Пок сувдан яралган (ясалган) сан, соз.

Кумуш қанотларин ёзган оққушсан,

Кўк сари тинимсиз истаган парвоз.

Ҳар гал гўзал қулаб, жойига тушган,

Қайта-қайта кўкка интилгувчи боз…

 

 

          БАДАНТАРБИЯ

Жисмонан ҳам руҳан тобланиб

Комил фарзанд бўлиб борамиз.

“Халқим!” деб чуқур нафас олиб,

“Жон, ватаним!” деб чиқарамиз.

 

“Бир, икки, уч” – қадамлар шахдам,

Ватан бирдир! Дўстим  — иккимиз,

“Уч” деганда учайлик баланд,

Юксак самоларга тикка биз.

       АДАБИЁТ

(Соат  айланадир.)

Миллар айланар,

Фасллар айланар,

Йиллар айланар.

Не замон ўтса ҳам

Номинг айтмоққа

Пок диллар талпинар,

Тиллар айланар.

Эзгулик йўлида соатдай бедор,

Ҳар лаҳза, қадаминг ёруғ ниятдир.

Эскию эскирмас бир ҳақиқат бор:

Асл адабиёт абадиятдир!

0 изоҳ

Рўйхатдан ўтганлар ва тасдиқланганларгина изоҳ қолдиришлари мумкин.