топик, блог, фотосет ёки йўналтиргич яратиш

Шарқ мутафаккирларимизнинг тил ўрганиш соҳасида тутган ўрни

Тошкент давлат юридик университети ҳуқуқшунослари
 Тил ўргатиш кафедраси
 катта ўқитувчиси В.Ш. Мамадаюпова 
                                        
    Ҳеч кимга сир эмаски, бугунги кунда хорижий тилларни билиш — бу  нафақат инсоннинг маданий ривожланиш белгиси, балки унинг ҳаётнинг турли соҳаларида муваффақиятли фаолият юритишидаги  муҳим шартлардан бири ҳамдир. Буюк тарихимизга ҳам  назар ташласак улуғ бобокалонларимиз тил ўрганиш соҳасига эътиборли бўлганликларини, ушбу соҳага бебаҳо ҳисса қўшганликларини гувоҳи бўламиз. Халқимизнинг ўтмиши буюк. Миллий ифтихоримиз бўлган улуғ сиймоларимиз Муҳаммад Мусо Хоразмий, Абу Наср Форобий, Абу Райҳон Беруний, Ибн Сино, Юсуф хос Ҳожиб, Маҳмуд Қошғарий кабиларнинг сўнмас меъроси билан ҳар қанча фахрлансак, арзийди. Уларнинг инсон маънавий дунёсини бойитиш билан боғлиқ бўлган илму-зиёси ҳозирги кунда ҳам қадрлидир. Улар фалсафа, география, математика, астрономия, медицина, психология, адабиёт, тарих ва бошқа фанларни ўзларининг улуғ  кашфиётлари билан бойитдилар, жаҳон маънавияти хазинасига сўнмас асарлар армуғон этдилар. Бу буюк мутафаккирлар ҳаёти ва ижодини ўрганар эканмиз, уларнинг тилларга ҳам эътиборли бўлганликларининг гувоҳи бўламиз.
     Буюк қомусий олим Муҳаммад ал-Хоразмий ўз она тили билан бир қаторда турк, араб, форс, санскрит, яҳудий тилларини пухта эгаллаган. Чунки маълум бир халқнинг илмини ўрганишда бевосита шу халқнинг тилини билиш катта аҳамиятга эга, деб ҳисоблаган. Чет тилни ўрганиш билан бир қаторда аллома илмий адабиётларни таржима қилишда ҳам ўз ҳиссасини қўшган. Масалан, календарга тааллуқли  бўлган яҳудийларнинг эралари ва байрамлари ҳақида рисола (Рисола фи истиҳрож та рих ал-йаҳуд ва а ёдиҳим) китоби, Сурати-л-арз китоби (Китоб сурати-л-ард), “Хоразмий географияси” асaрлари муаллиф томонидан таржима қилинган.
     Ўзининг арифметик асарида Хоразмий араб тилида биринчи бўлиб ўнлик позицион ҳисоблаш системасини ва унга асосланган амалларнинг баёнини келтиради. Сонларнинг ҳинд рақамлари билан ўнлик позицион системада ёзилишини ва “О га ўхшаш кичик доирача” ни ишлатилиши ҳақида муфассал сўзлагандан сўнг Хоразмий катта сонларни айтишни ўргатади ва бунда у фақат бирлар, ўнлар, юзлар ва мингларнинг номларидан фойдаланади.           
     Хоразмий қайси соҳада қалам тебратмасин, ўша соҳани албатта тил билан боғлиқлигини эътироф этиб, унга диққат-эътиборини қаратган.
     Машҳур қадимий юнон файласуфи Арастудан кейин иккинчи муаллим унвонига эга бўлган, Ўрта аср Шарқининг машҳур мутафаккири Абу Наср Форобий худди Арасту каби илм оламининг деярли барча жабҳаларига оид қарашларини баён этган бўлиб, риёзиёт, фалаккиёт, тиббиёт, алхимия, араб грамматикаси, мантиқ соҳаларини ўзининг ноёб билимлари билан бойитиб, ўз даврининг қомусий олимига айланган.
     Турли илм соҳаларини ўрганиш ва ўзлаштириш бир қанча тилни билишни талаб этгани боис, Форобий ҳам турли тилларни ўрганиш билан шуғулланди. Унинг юнон тилини ўрганиб олиши юнонларнинг бой илми ва фалсафасининг моҳиятини тушуниш имкониятини берди. Форобий мусулмон оламида юнон тилидаги фалсафий асарларни  араб тилига таржима қилган биринчи олим ҳисобланади.
      Яна бир буюк қомусий олим Беруний ҳам ёшлигидан илмга берилиб, табиий ва ижтимоий фанларни ўрганди, тил ўрганишга ҳам катта аҳамият берганлиги илмий манбалардан маълум.
     Шарқ алломалари фаолиятларида бўлганидек, тил масаласида Беруний ҳам кўпгина маълумотлар берган. Ўзининг учинчи катта асари  “Ҳиндистон”ни яратар экан, у ҳинд халқига ҳурмат ва эҳтиром билан қаради.
     Беруний ҳинд тилини дастлаб Ғазнада яшаган ҳиндлардан ўргана бошлаб, сўнгра Ҳиндистон ерларига сафар қилганида давом эттирган.  У қадимги ҳинд тили – санскритни ҳам ўрганади ва унда ёзилган илмий-тарихий обидалар мутафаккирнинг кўз ўнгидан ўта бошлайди. Натижада, замонасининг ҳеч қайси олими муяссар бўлмаган ютуқларга эришишга муваффақ бўлади.
 
     Хулоса ўрнида шуни айтиш жоизки, дунё тан олган бобокалонларимиз кўплаб фанлар қаторида тилшунослик ва тил ўрганиш соҳасига ҳам бебаҳо меърос қолдирганки, бу дурдоналар ҳозирги кунда ҳам ўз қадрини йўқотмаган. Шубҳасиз қатор илм асосларини  уларнинг асарларидан топа оламиз.

0 изоҳ

Рўйхатдан ўтганлар ва тасдиқланганларгина изоҳ қолдиришлари мумкин.