топик, блог, фотосет ёки йўналтиргич яратиш

Бахт менинг наздимда

Тошкент давлат юридик университети ҳуқуқшунослари
Бахт менинг наздимда…
 
Бахт нима… Бахт қаерда? Бу савол қадимдан инсонларни ҳайрон қолдирган. Бахт ҳар бир инсон излайдиган орзудир. Файласуф ўткир фикри билан, содда киши оддий соддалиги билан, подшоҳлар гўзал, ҳашаматлик қасридан,  камбағаллар эса ўзларининг пастқам кулбасидан излайдилар. Ҳеч кимни бахтсизликни излайди, ёки бахтсиз яшашга рози деб ўйламаймиз. Бахт қаерда? Кўпчилик бахтни ўз ўрнидан изламаганликлари учун гўёки саҳродан маржон излаб, маржоннинг жойи денгизнинг туби бўлгани сабабли тополмасдан икки қўли қуруқ, ҳасрат надоматда, умидсиз қайтгани каби бахтга эришиш ўрнига турли мушкилотларга дуч келишмоқдалар.     Баъзилар бахтни бойлик, тўкин, роҳат, фароғат ҳаётда деб ўйлайдилар. Лекин яшаши тўкин бўлган мамлакатлар ўз халқига еб – ичиш, кийиниш, маскану – маркабларни қулай қилиб берса ҳам улар танг ҳаётдамиз деб шикоят қилишдан тўхтамадилар. Бахтни бошқа йўлдан излашга ўтдилар.  Мол–дунёнинг кўплиги бу бахт дегани эмас. Бахтни мол–дунё, фарзанд, илм ва фаннинг ривожлари тўлиқ касб қилиб бермас экан, унда у қаерда, унда уни қаердан излаш керак?
Бахт инсоннинг ичида – ички кечинмасидадир.
Бахт бу маънавий нарса, у кўринмайди, метрлаб, килолаб ўлчанмайди, хазина қилиб йиғилмайди, пулга  сотиб олинмайди.
Бахтни инсон қалби билан, ички ҳузурланиши билан ҳис қилади.
Бахт инсоннинг ичидан келиб чиқади, у ташқаридан олиб келинмайди.
Айтишларича, америкалик кўзга кўринган ўткир докторлардан бири ҳаётда эътироф қилинган, дунёда инсон учун ҳузурбахш бўлган, уни бахтли қиладиган нарсаларни жадвал қилиб ёзибди. Унда саломатлик, муҳаббат, ҳадялар, куч-қувват, обрў, мансаб ва шуҳратлардан иборат дунёвий истакларни баён қилиб, доно бир устозга мақтаниб тақдим қилибди. Устоз: “Дўстим жадвал гўзал бўлибди. Яхши тартиблaнибди, аммо зарур ва муҳим бўлган, усиз жадвалингиз бекор бўладиган бир унсурдан ғафлатда қолибсиз”, деб жадвалга икки сўз ёзиб қўйди: “Нафс хотиржамлиги.”
Юқоридаги гаплар кўпчилик учун маълум ва машҳур бўлган умумий гаплар. Мен бахтни қандай тушунаман? Шу онда айни шу мавзуда ўзимни фикрларимни баён этмоқчиман. Нафақат менинг, балки юртдошларимнинг энг катта бахти – шундай осойишта ва тинч юртда яшаётганимиз. Шундай эмасми? Бу сўзим бежиз эмас. Интернет саҳифаларига  назар солар эканман, бир-биридан даҳшатли хабарлар оқими диққатимни тортди. Эътибор қилинг-а:
—          Дунёда 210 миллиондан ортиқ етим болалар бор. Уларнинг 15%и 18 ёшга қадар ўз жонига қасд қилади.
—          Ҳар куни 22000 бола очлик ва қашшоқликдан вафот этади.
—          Дунёда 1,2 миллиард одам сув танқислигидан азият чекади.
—          Ҳар икки секундда янги туғилган чақалоқ ўзининг биринчи нафасини уруш ҳолатидаги давлатда амалга оширган.
—          250 миллионга яқин 5 ёшдан 15 ёшгача бўлган болалар оғир шароитларда ишлайди.
—          Ҳар йили 2 миллион бола вақтида тиббий ёрдам кўрсатилмаганлиги боис касалланиб вафот этади.
—          805 миллион одам очликдан азият чекади...
Бундай ёмон хабарларнинг поёни кўринмайди. Мулоҳаза қилиб кўрайлик. Шукрким, мусаффо осмон бағрида тинч-осуда ҳаёт кечирмоқдамиз. Ҳар куни тонгни хотиржам нигоҳлар ва меҳрибонларимизнинг илиқ меҳри тафти билан қарши оламиз. Кўнгил хотиржамлиги, эртанги кунимизнинг бундан-да гўзал бўлишига ишонч энг катта бахт. Икки йилча муқаддам Россия киноижодкорлари томонидан суратга олинган “Ўзбекистон – Осиё дурдонаси” номли ҳужжатли фильмни томоша қилган эдим. Унда бир ривоят келтирилди. Ривоят қилинишича, Оллоҳ ер юзини яратаётган пайт барча халқларни бир жойга жам қилибди. Халқларнинг ҳар бирига ерни тақсимлабди. Тақсимлаб бўлгандан сўнг, бир чеккада камтаргина бўлиб турган ўзбекка кўзи тушибди. “Сенга улуш қолмади-ку, ҳаммасини бўлиб бердим. Ҳечқиси йўқ, сенга камтарлигинг учун жаннатнинг бир парчасини тортиқ қиламан” дебди. Шундай жаннат юртда яшаётганим, ҳар куни  шу Ватаним равнақига оз бўлса-да ҳисса қўшаётганим энг олий саодат!
Ҳар куни эрталаб боғчага кетар чоғимиз ўғилчам кўча четида ўсиб ётган бегона ўтларнинг кўримсизгина гулини узиб олиб келади: “Мана, ойижон, бу гул сизга, ташлаб юборманг, хўпми” дейди. Кўнглим ийиб кетади. Меҳрибон, эътиборли фарзанд ато этгани учун Парвардигорга шукрона келтираман. Ҳар куни гарчи дийдор кўришмасак-да, олисдаги ота-онам, яқин қариндошларим билан телефон орқали боғланаман ва уларнинг соғинч тўла сўзларини тинглайман. Улғайиб, она бўлган бўлсам-да, ота-онам ҳалиям мендан хавотир олишади.  Борингизга шукр!
Одатдагидек ҳар куни ишга шошиламан. Аҳил, ҳамфикр, ҳаммаслак жамоам бор. Биргаликда берилган топшириқларни бажарамиз. Янги билимларни ўрганаман, тажрибам ошади. Қоғозга нималарнидир қоралайман, таржима қиламан. Илм олган сари қалбим нурларга тўлади. Билим ва тафаккур – улкан хазина. Мана шундай хазинадан бебаҳра қолмаганимни ўйлаб қалбим фахр ва ифтихорга тўлади. Маънан қашшоқ бўлмаганимнинг ўзи ҳам бахт!
Ишдан сўнг уйга йўл оламан. Мени меҳрибонларим кутишмоқда. Боғчага киришим билан фарзандларим бағримга отилади. Жуда соғинишибди. Турмуш ўртоғим ҳар куни бир  олам соғинч ва меҳр билан уйга кириб келади. Сизни соғинадиган, кутадиган, севадиган инсонлар учун жонингизни тортиқ қилсангиз арзийди...
Мен бахтни ана шундай оддийгина нарсаларда кўраман. Бахт олисларда эмас, у сизнинг ёнингизда. Фақат уни ҳис қила билиш керак, холос...
 
Уйғондингми, дўстим, о, табрикларим,
Минг шукур, саломат экан жону тан.
Бугун бир қизиқдим, ҳар тонг эрталаб,
Ўн саккиз минг инсон уйғонмас экан.
 
 
Ёмон туш кўрдингми, бу эмас қайғу,
Нималар кирмайди тушга, деганлар
Тасаввур қилгин а, миллионлаб бемор,
Тунлари бир чимдим ухламас экан!
 
Дастурхон ёзилди хонадонингда,
Қош уйма, салгина суви қочган нон.
Қайдадир ўқидим, бир бурда нонга,
Зор экан бир миллион саккиз юз инсон.
 
Болалар шовқини ёқмас қулоққа,
Шукур қил, улғайиб қолдилар анча.
Эҳ дўстим,  нолима ёруғ оламда,
Тирноққа зор бўлиб юрганлар қанча.
 
Минг шукур, юртинг тинч. Рўзғоринг бутун,
Томоқдан сув ўтар, кўзларинг равшан.
Билмасанг, билиб қўй, минглаб мусофир,
Сен тепган тупроқни топмай йиғларкан...
 
 
Феруза Фузайлова

0 изоҳ

Рўйхатдан ўтганлар ва тасдиқланганларгина изоҳ қолдиришлари мумкин.