топик, блог, фотосет ёки йўналтиргич яратиш

«Ёш журналистлар клуби»га Фурқат Юсупов номи берилди

Muhammad al-Xorazmiy nomidagi TATU Nukus filiali
Илм-фан
Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Қорақалпоғистон Республикаси кенгаши Ёшлар маркази биносида «Ўзбекистон белгиси» кўкрак нишони соҳиби Фурқат Юсуповнинг туғилган куни муносабати билан хотира кечаси ўтказилди. Кечада марҳумнинг яқинлари, устозлари, курсдош дўстлари, касбдошлари ва шогирдлари иштирок этди.
 
Тадбирда иқтидорли журналист ҳаётига оид ролик намойиш этилди. Курсдош дўстлари, ҳамкасблари унинг серқирра фаолиятини ёрқин хотира билан ёдга олишди.
 
Фурқат Юсупов 1992 йил 11 декабрда Хоразм вилоятининг Хива туманида туғилган. 2015 йили Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университетининг Қорақалпоқ филологияси факультети Журналистика таълим йўналишини тамомлаган.
 
Қисқа фаолияти давомида кўплаб танловлар ғолиби бўлиб, дипломлар билан тақдирланган. Шунингдек, турли семинар-тренингларда сертификатларни қўлга киритган.
 
У асос солган «KRuz.uz» маҳаллий янгиликлар сайти тезда оммалашиб кетди. 2016 йили миллий интернет танловида ушбу сайт «Икки тилда яратилган энг яхши сайт» номинацияси бўйича ғолиб бўлди.
 
Фурқат Юсупов 2015 йили Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети талабалари орасида «Ёш журналист» танловига асос солган ва ташкилий ишларда фаол қатнашган. Шуни фахр билан таъкидлаш жоиз, университет қошида жорий йилда ташкиллаштирилган «Ёш журналистлар клуби»га Фурқат Юсупов номи берилди.
 
У 2017 йили «Қарыйдар» газетасига муҳарирлик вақтда газета адади 400дан 3000га кўтарилди, газетани рангли ва ёшларбоп форматда чоп эттирди.
 
Фурқат Юсупов қисқа умри давомида халқ дарди, ёшлар муаммоларини ҳал этишга доир долзарб мавзуларда кўплаб мақолалар ёзди. Бундан ташқари, у хомаки нусхада бир нечта китоб тайёрлаганди. Мана шу китоблар нашр этиш учун тақдим қилинди. Янги йил бошларида 10 минг нусхадаги китоблар таниқли блогернинг мухлислари қўлига етиб боради.
 
Эслатиб ўтамиз, қорақалпоғистонлик ёш журналист ва блогер Фурқат Юсупов 2018 йил 7 июль куни Нукус туманидаги анҳорда чўкаётган икки қизни қутқариш чоғида вафот этганди.
 
Саламат Авезов,
ТАТУ Нукус филиалининг ўқув бўлими кабинет мудири ёрдамчиси
 
Xabar 51 (1369)-son 21-dekabr 2018
O'zbekiston Respublikasi axborot texnologiyalari va kommunikatsiyalarini rivojlantirish vazirligi nashri


Веб-сайт: ТАТУ Нукус филиали
Facebook: ТАТУ Нукус филиали
Facebook: ТАТУ НФ – Ўзбекистон ёшлар иттифоқи БТ
Telegram: ТАТУ НФ – Янгиликлар, эълонлар ва огоҳлантириш канали @titunf
Telegram: ТАТУ НФ – Ўзбекистон ёшлар иттифоқи БТ канали @titunfjaslarawqami
Fikr.uz: Махсус – ТАТУ Нукус филиали блоги
Davra.uz Ижтимоий тармоғи

0 изоҳ

Рўйхатдан ўтганлар ва тасдиқланганларгина изоҳ қолдиришлари мумкин.