топик, блог, фотосет ёки йўналтиргич яратиш

МАРКАЗИЙ ОСИЁ МУТАФАККИРЛАРИНИНГ ИЛМ-ФАН ТАРАҚҚИЁТИДАГИ ЎРНИ

TATU Samarqand filiali
Илм-фан
2 расм
image
Марказий Осиёда IX-XII асрларда ўзига ҳос Уйғониш даври мавжуд бўлганлиги илмий-тарихий манбаларда келтирилади. Бу даврда Марказий Осиёда Ал-Хоразмий, Ал-Фарғоний, Абу Райхон Беруний, Абу Али Ибн Сино ва Абу Наср Форобий ва бошқа шу каби кенг қамровли тафаккур ва қомусий билим эгалари илмнинг турли соҳаларида ижод қилишлари натижасида ривожланиш ва тараққиёт учун белгиловчи аҳамиятга эга бўлган турли фалсафий, табиий-илмий, ижтимоий-иқтисодий, сиёсий-хуқуқий ва маънавий-диний ғояларни илгари суришган.
Қомусий тафаккур эгалари ҳисобланган Марказий Осиё мутафаккирлари илмнинг барча соҳаларида олиб борган тақиқот натижаларидан ҳозирги замон фани ва техникаси кенг суръатларда фойдаланиб келмоқда.
Жаҳон фанининг энг йирик вакиллари қаторидан ўрин олган, унинг ривожига улкан ҳисса қўшган буюк ватандошларимиз Муҳаммад Хоразмий ва Аҳмад Фарғонийнинг илмий мероси бир неча асрлардан бери ўзига нисбатан катта қизиқиш уйғотиб келмоқда ва ҳозирги замон илм-фани ва маданий тараққиётида ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда. Уларнинг илмий ютуқлари Ўрта Осиё, жумладан Ўзбекистон халқларининг қадимдан ривожланиб келган бой ва кўп қиррали илмий-маданий анъаналарини, ўз даврида бошқа халқлар эришган муҳим илмий натижаларни умумлаштириш билан бирга жаҳон фанига улкан кашфиётлар бўлиб кирган ва унинг алоҳида муҳим ривожланиш босқичини белгилади. Шу даврда қатор омиллар таъсирида Мусулмон Шарқида ижтимоий-маънавий юксалиш, илмий тараққиёт, шаҳарлар, шаҳар маадниятининг ривож топиши ва бошқа тараққий этишнинг аломатлари кузатилади.
Табиий ва ижтимоий фанларнинг ривожида муҳим концептуал, инновацион характерга эга бўлган, ҳозирги замонда айниқса, улкан аҳамият касб этган қатор буюк кашфиётларни амалга оширган олимларидан аввало Муҳаммад Хоразмийни кўрсатиш керак. Буюк математик, астроном ва географ бўлган алломанинг асарлари ва ишлари умумилмий аҳамиятга эга бўлиб, ўша даврдаги олам манзарасини яратишда катта рол ўйнади, илк Марказий Осиё илм-фанининг асосчиларидан биридир.
Биз ҳозирги кунда тилга олаётган постиндустриал жамиятда кечаётган инсон ҳаёти билан боғлиқ бўлган жараёнлар юртдошимиз қомусий олим Ал-Хоразмийнинг ғояси билан боғлиқдир. Ал-Хоразмий ўзининг алгоритм ғоясини ижтимоий ҳаётнинг ҳодисаларини миқдорий ўрганишга қўллади. У кишилар орасидаги муносабатларни тўрт соҳасини танлади: битим, гаров, мерос ва савдо. Айтиш мумкинки, алгоритм ҳозирги даврга келиб жамиятнинг деярли барча соҳаларида, илм-фаннинг тармоқларида кенг равишда қўлланилмоқда. 
Яна бир мутафаккир Ахмад Ал-Фарғонийнинг илмий асарларини жаҳон ва тарих тан олган. Улар кўплаб тилларга таржима қилиниб, асрлар оша турли мамлакатларда нашр этилган, бинообарин, улардан олимлар оммаси бахраманд бўлган. Фалсафада энг муҳим масалалардан бири – олам манзарасини ҳам Ал-Фарғоний ўзига хос тарзда фикран кўра олган. Ал-Фарғоний илм-фан тарихида cфераларнинг радиусларини аниқлаб берди. Бу эса олам тузилишини илмий тасаввур этишнинг муҳим воситасидир.
Аллома томонидан илм-фан соҳасига киритилган жаҳоншумул янгиликлари ниҳоятда кўпдир, хусусан, илмий тадқиқот жараёнида назарий ва амалий ёндашувларнинг бирлигидан келиб чиқиш, йирик-концептуал назарий томонларига алоҳида аҳамият бериш, тажрибавий усулни кенг қўллаш уларнинг энг муҳимларини ташкил этади.
Марказий Осиёлик буюк файласуф Абу Наср Форобий фалсафанинг турли соҳалари бўйича асарлар ёзган. Айниқса, илм-фан ва унинг турлари, фанлар таснифи, илмларнинг келиб чиқиши ва уларнинг жамият тараққиётидаги ўрни тўғрисидаги фикрлари эътиборга сазовордир. Файласуф “Илмларнинг келиб чиқиши” номли рисоласида турли илмларни вужудга келиши тўғрисида фикр юритади. Ушбу рисолада сонлар тўғрисидаги илм, юлдузлар ҳақидаги илм, мусиқа илми, табиатшунослик илмлари тўғрисида фикр юритилади.
Мутафаккир мусиқа илмини келтириб чиқарган сабабларга тўхталиб, овозларнинг уч турга бўлинишини, яъни баланд, паст ва ўртача овозлардан иборат эканлиги, мана шу овозларни билишга қаратилган илмни мусиқа илми деб аталишини айтади. Улуғ мутафаккир мусиқанинг тарбиявий аҳамияти, уни кишиларнинг ахлоқий камолотга етказиш ва уларга эстетик завқ бериш кучига алоҳида урғу беради.
Абу Наср Форобийнинг билиш назариясида илгари сурган ғоялари ҳам муҳим аҳамиятга эгадир. Форобий шуни очиқ баён этадики, ҳақиқатни билиш учун руҳиятни қуллик занжиридан халос этишга ёрдам берадиган маънавий камолот усуллари (риёзатдан) фойдаланиш зарур. Шунингдек, Абу Наср Форобийнинг фозил шаҳар ва унда яшовчи кишиларнинг ҳаёти ва яшаш тарзи ҳақиди илгари сурган ижтимоий-сиёсий ғоялари бугунги давр цивилизацион жамиятларини барпо этишда ўзига ҳос пойдевор вазифасини ўтамоқда.
Абу Наср Форобийнинг ижодида нафақат ижтимоий-сиёсий, балки, табиий-илмий ғояларнинг илгари сурилганлигини ҳам таъкидлаб ўтиш лозим. Форобий табиат ва унда юз бераётган ҳодиса ва жараёнлар, мавжуд предмет ва объектларни ўрганар экан, улардаги оддийлик ва мураккаблик жиҳатларига эътиборни қаратди. Унинг асарларида оддийлик ва мураккаблик муаммоси ўрганилган. У шундай деб ёзади: “Табиий жисмлар оддий ва мураккаб бўлади. Оддий жисмлар бошқа бир жисмлар воситасисиз мавжуд бўлса, мураккаб жисмларнинг мавжудлиги ўзга жисмлар билан боғланган, масалан, ҳайвонлар ва ўсимликлар”. Унинг асарида баён этилган ҳолат “физик гармония” деб номланади.
Форобий томонидан илгари сурилган табиатда мураккаб ва оддий жисмларни мавжудлиги ғояси бугунги кунда синергетика таълимоти томонидан ўрганилмоқда.
Марказий Осиёда табиий-илмий ва ижтимоий ғояларни илгари сурилишида Абу Райҳон Берунийнинг ижодида ҳам кузатилади. Дарҳақиқат, Беруний ижодига назар ташлаганимизда борлиқни ўрганишда кенг қамровли тафаккурнинг мавжудлигини учратишимиз мумкин. Беруний илмнинг турли соҳаларида ижод қилар экан, у ўзининг илғор ғоялари билан замонасидан анча илгарилаб кетган эди. Унинг табиий-илмий ғоялари бир қанча асрлардан кейин ўз тасдиғини топди ва унинг қарашлари замонавий фаннинг пойдеворини ташкил этиб турган эди.
Беруний минерология, геодезия, фалакиёт ва бошқа кўплаб соҳаларда илмий ғояларни илгари сурган. Масалан, Беруний Ер шарининг доимий ва муттасил ўзгариб боришини кўрсатган ҳолда, инсон фақат қадимги геологик жараёнларнинг натижасини кузатиши мумкинлигини таъкилайди. Унинг фикрига кўра, Ер шарининг шаклланиши улкан геологик муддатларни қамраб олади. Бироқ Беруний бу фикрдан ҳам юксакроқ ғояни илгари суриб, бу ғоя унинг замондошлари учун ҳам ва ундан кейин анча даврларгача сирлилигича қолди. Бу Ер шарининг геотектоник ўзгариши ҳақидаги ғоя эди.
Берунийнинг бу ғояси ҳозирги замон фанида кенг равишда ўрганилиб, геотектоник жараёнлар Ер литосфераси қатламлари ва қобиқларининг ўзаро таъсирлашуви, уларнинг сейсмиклиги кабилар билан боғлиқ ҳолда ўрганилмоқда. Шунингдек, Қуёш ва унинг атрофида ҳаракатланаётган планеталарнинг ҳаракатланишида нотекислик ғояси ва бу борадаги дастлабки тадқиқотлар Берунийга тегишлидир.
Самонинг тасвири ва Ер шарининг яссилиги ғояси инсониятга олдиндан маълум бўлиб, антик давр олимлари ва файласуфларидан Фалес, Аппалоний, Гиппарх ва Птоломейлар проекциялар ҳақидаги қарашларни илгари суришган. Картографик проекцияларни тузиш ва улардан фойдаланиш Птоломейнинг ижодида яққол намоён бўлган.
Беруний Гиппарх ва Птоломейларнинг қарашларини ўрганиб, уларнинг ғояларини ривожлантирган ҳолда ўзининг картографик проекцияларини яратди. Беруний яратган картографик проекциялар  математиканинг умумий масалалари билан боғланган бўлиб, бу эса Ер шарининг проекцияларини тузишда ва географик хариталарни яратишда муҳим аҳамиятга эга эди.
Демак, Марказий Осиё мутафаккирлари томонидан илгари сурилган ғоялар бутун жаҳон фани ва фалсафаси, умуман Ер юзидаги цивилизацион ривожланишга туртки бериб келган бўлиб, ҳозирги замон фанида қўлга киритилаётган ютуқларда бевосита ўз ўрнига эгадир. Шунинг учун ҳам Марказий Осиё мутафаккирлари томонидан илгари сурилган табиий-илмий ва ижтимоий сиёсий ғоялар ўз моҳиятига кўра ҳозирги давр жамиятини ривожлантириш ва илм-фанни янада юксалтиришда муҳим аҳамиятга эга бўлиб, бу ғоялардан инсоният бевосита ёки билвосита фойдаланиб келмоқда.

2 расм

0 изоҳ

Рўйхатдан ўтганлар ва тасдиқланганларгина изоҳ қолдиришлари мумкин.