топик, блог, фотосет ёки йўналтиргич яратиш

Ғурур ва фидойилик тимсоллари

"Бобурнома" да тарихий шахслар
Шеърият ва адабиёт


Юртимизнинг шаҳар ва қишлоқлари муҳташам майдонлари, сокин хиёбонлари, равон  кўчалари, сўлим боғлари билан тобора кўркамлашиб бормоқда. Манзарали дарахтлар, тароватли гуллар билан безанмоқда, мунаққаш фавворалар эпкинларида камалаклар жилоланади. Бу гўзалликка уйғун маҳобатли ҳайкаллар салобати юртдошларимиз ғурурини юксалтирмоқда. Ҳиёбонлар қад ростлаётган бу ҳайкаллар аслида қалбларнинг тўридан жой олмоқда, қалбларда юксалиб бормоқда.
Мустақиллик йилларида ўзбек ҳайкалтарошлик санъати янги тараққиёт босқичига қадам қўйди. Сиймолар, мавзулар, тарихлар талқини янгича, тўғрироғи ўзининг аслида намоён  бўлди. Миллий тарихимиз ҳайкалтарошлар, меъморлар учун туганмас илҳом манбаига айланди. Юртбошимиз санъат аҳлини қўллаб-қувватлаб, ижодий ишларга катта рағбат кўрсатди. Натижада ўтган қисқа давр мобайнида ҳайкалтарошлик санъатида миллий руҳ билан йўғрилган бетакрор ҳайкаллар, улуғвор меъморий обидалар бунёд этилди.      
 
Тарихий хотира
         Мустақиллик майдонига кириб келар эканмиз, тўрт фасл ҳам ям-яшил арчазорлар ортидан “Мустақиллик ва эзгулик монументи” кўзга ташланади, майдоннинг баҳаволигидан дил яйрайди, қалбда ғурур ва сурурли туйғулар мавжланади. Мустақиллик йилларида бу қутлуғ майдон эл-юртнинг қадрли масканига айланди. “Бахтиёр она” ҳайкалига сингдирилган теран мазмунни уқиб, оналар қачон бахтли бўладилар, дея ўзингизга савол берасиз ва жавоб излайсиз. Фарзандлари ҳаётда ўз ўрнини топиб, она-Ватанга корига камарбаста, фарзандлик бурчларини адо эта оладиган, оналар чиндан-да бахт-саодат соҳибаларидир. Бундай оила бекасининг қиёфасидаги мамнунлик ва хотиржамлик юрт тинчлиги, эл фаровонлигидан нишонадир.
         Мустақиллик майдонининг ўнг томонида жойлашган Хотира ва қадрлаш хиёбони марказида ҳам Она ҳайкали бор. Мотамсаро Она ҳайкали. Бу ёдгорликнинг икки ёнида Иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўлган  ватандошларимизнинг исми-фамилиялари зарҳал китобларда зарб этилган. Бу зиёратгоҳ ҳам барчанинг қалбидан чуқур ўрин олган. Мустақиллик майдонидаги ёдгорликлар Ўзбекистоннинг янги, буюк тарихининг илк саҳифаларидир. Юрт учун, эл учун жонини фидо қилганларнинг номлари абадиятга нақш этилган ушбу муқаддас гўша ҳар йили Хотира ва қадрлаш кунида Президентимиз бошчилигида зиёратчилар билан гавжум бўлади. Агар шу зиёратгоҳга йўлингиз тушса, албатта, кимдир олтин китобларни варақлаётганлигини, тўғрироғи тарих зарварақларини очиб, боболарини ёдга олаётганлигининг гувоҳи бўласиз.
Ўтганлар ёдини хотирлаш ва қадрлашга бағишланган мажмуалар мамлакатимизнинг ҳар бир вилоятида бунёд этилганки, бу ёдгорликлар бугунги ва келгуси авлодларга матонатли аждодларнинг шонли-зафарли йўлидан сабоқ беради.
         Мустақиллик йилларида юртимизда, хорижий мамлакатларда ҳам халқимизнинг ўтмиши, бугуни, келажагини ўзида мужассам этган ҳайкаллар, ёдгорлик мажмуалари бунёд этилди, улуғ бобокалонларимизнинг мақбаралари ободонлаштирилди, зиёратгоҳлар нурли манзилларга айланди. Аслида ушбу ёдгорликларнинг яратилиши ва таъмирланиб, қайта тикланишида ҳам улуғ ибратлар бордир.
         Зеро, тарихга янгича муносабат руҳидаги Қарши шаҳридага “Эл-юрт таянчи” ёки Бухоро шаҳридаги “Кўҳна ва боқий Бухоро” ёдгорликларининг тарихий мазмун-моҳияти ёритилса жилд-жилд китоб бўлади.   
Юртбошимиз Ислом Каримов Имом Мотрудий таваллудининг 1130 йиллигига бағишланган тантанали маросимда сўзлаган нутқида шундай деган эдилар: “Буюк аждодларимизнинг бебаҳо меросини тиклаш, қадр-қимматини жойига қўйиш, уларнинг қадамжо ва зиёратгоҳларини обод қилишдек бахт сиз билан бизга насиб этганидан ҳар биримиз ҳақли равишда фахрланамиз.
Қадимий заминимизда ўтган бу улуғ зотларнинг яна бир хосияти шундаки, уларнинг шарофати билан табаррук мақбаралар, тарихий обидаларгина эмас, балки миллий тафаккуримиз, маънавиятимиз, миллий ғуруримиз, энг муҳими, халқимизнинг тарихий хотираси қайта тикланмоқда”.
         Юртбошимизнинг бу сўзлари мамлакатимизда тикланган улуғ алломаларнинг ҳайкалларидан бошлаб, бугунги кунда таъмирланиб, қайта ҳаёт бахш этилган меъморий ёдгорликларга қадар барчасига дахлдордир. Бу ҳайкаллар бир вақтнинг ўзида бизнинг қалбларимизда, онгимизда ҳам қад ростлаяпти, биз улуғ ватандошларимиз билан ҳар қанча ғурурлансак арзийди. Дарҳақиқат, юртимизнинг турли гўшаларида қад ростлаётган ёдгорликлар миллий ғуруримиз тимсолларики, улар бизни Ватан бахт-саодати йўлида доимо фидойи бўлишга чорлаб туради.
                                     
Адолат ва жасорат тимсоллари
Тошкентда, Самарқандда, Шаҳрисабзда, Қаршида соҳибқирон Амир Темурга ўрнатилган маҳобатли ҳайкалларни кўриб, буюк давлат арбобининг шу шаҳарларда ўтказган ҳаёти кўз олдингизга келади. Туғилиб ўсган юрти Шаҳрисабздаги Оқсарой майдонига (худди Оқсарой билан бирга бунёд этилгандай майдонга уйғунлашиб кетган) қўйилган улкан ҳайкалда жаҳонгир бобомизнинг буюк саркарда сифатида тикланиши, осмон қадар юксалиши хаёлингизга келса, салтанат пойтахти бўлган Самарқанддаги ёдгорликда тахтда ўтиргани, донишмандлик билан юртни бошқаргани; Тошкентдаги ҳайкалида эса, адолат ва бунёдкорлик тимсоли бўлиб тарих қаъридан, замонлар оша от елдириб ўтиб келаётгани кўз олдингизда жонланади.
Юртбошимиз 1996 йил 18 октябр куни Шаҳрисабз шаҳрида Амир Темур ҳайкалининг очилиш маросимида сўзлаган нутқларида таъкидлаганларидай, “Инсоният янги асрга қадам қўяётган бугунги кунда ҳам Амир Темур маънавияти ва шижоати, адолатпарвар сиёсати юксак ибрат намунаси бўлиб қолғусидир. Яна бир бор таъкидламоқчиманки, кимки ўзбек номини, ўзбек миллатининг куч-қудратини, адолатпарварлигини, чексиз имкониятларини, унинг умумбашарият ривожига қўшган ҳиссасини, шу асосда келажакка ишончини англамоқчи бўлса, Амир Темур сиймосини эслаши керак”.
         Тошкентда Соҳибқирон шарафига ҳайкал тикланган майдон Амир Темур ҳиёбони аталиб, унинг ёнида Темурийлар давлатчилиги тарихи музейи ҳам жойлашган. Бир бирига узвий боғлиқ бу қутлуғ масканлар хорижлик меҳмонлар ҳам ташриф буюрадиган муқаддас манзилга айланди.        
Соҳибқироннинг маҳобатли ҳайкалини тиклаш йигирма беш  йиллик орзуим эди, – дейди Ўзбекистон халқ рассоми, ҳайкалтарош Илҳом Жабборов. – Самарқанд шаҳрига киришда, тепаликда улуғ зотнинг ҳайкали бўлишини орзу қилар эдим. Шукроналар бўлсинки, Юртбошимиз тавсиялари ва кўрсатмалари асосида нафақат бир жойда, балки тўртта шаҳар марказида Соҳибқиронга ҳайкаллар тикланди”.
 
         Юртга фидойилик, жасорат туйғулари мужассам ҳайкаллар қаторида Андижон марказига улуғворлик бағишлаб турган “Мирзо Бобур” (1993), Урганч шаҳридаги “Абулғозийхон” (1994) ва Жалолиддин Мангуберди (1999) ёдгорликлари ҳам бор. 1999 йили Наманган шаҳрида ҳам Заҳриддин Муҳаммад Бобур ҳайкали тикланди.
Термиз шаҳрида қад ростлаган Алпомишнинг рамзий ҳайкали (1999) ҳам халқимизнинг орзу-армонларини, диллардан дилларга, тиллардан тилларга ўтиб достон бўлган Алпомишнинг жасоратини, юртпарварлигини намоён этиб турибди.
         Тошкент шаҳрида қад ростлаган “Ватанга қасамёд” ёдгорлиги эса замондошларимизга, жасорати ва матонати билан Ватан ҳимоясига жонини тиккан ёш аскарларга буюк саркардалар – Амир Темур, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Жалолиддин Мангубердининг бугунги авлодларига бағишлангандир.  
        
         Мутафаккирлар ватани
 
Мамлакатимизда жаҳон тамаддунига муносиб ҳисса қўшган буюк сиймолар – Имом Мотрудий, Имом ал Бухорий, Аҳмад ал Фарғоний (Фарғона ва Қува шаҳарларида), Бурхониддин Марғилоний, Мирзо Улуғбек каби улуғ алломаларга истиқлол йилларида барпо этилган ҳайкаллар ва ёдгорлик мажмуалари бугунги авлоднинг қалбида боболар билан ғурурланиш туйғулари қаторида илму фанга меҳр, келажакка умид, ўзига ишонч уйғотмоқда.
Албатта, улуғ алломаларга қўйилган ҳайкаллар, тикланган ёдгорликлар билан боғлиқ анъаналар – зиёратлар, анжуманлар,  таваллуд айёмлари, маросимлар тизми ҳам шаклланиб бормоқдаки, буларнинг барчаси халқимиз маънавиятини юксалтиришга хизмат қилаётир. Яқинда Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган “Ўрта асрлар Шарқ алломаларинг тарихий мероси ва уларнинг жаҳон цивилизациясида тутган ўрни” халқаро илмий анжумани ҳам бу йўналишда олиб борилаётган оламшумул ишларнинг халқаро даражаларга ҳам кўтарилганлигидан далолатдир.
Бугунги авлод улуғ алломаларимизнинг сиймоларини ёрқин тасаввур эта олиш, уларнинг бебаҳо меросларидан баҳраманд бўлиш бахтига мушарраф бўлмоқдалар.
Юртимизда тарихга муносабатга синчиклаб назар солсак, буюк ўтмиш билан буюк келажакнинг боғланиш жараёни бораётганлигини англайсиз. Айни жараёнда улуғ алломаларимизнинг маҳобатли ҳайкаллари алоҳида аҳамият касб этади. Зотан, бу ҳайкаллар, ёдгорлик мажмуалари орқали ҳар биримизнинг қалбимизда буюк аждодларнинг сиймолари қад ростламоқда ва бизнинг кимлигимизни, кимларнинг авлоди эканлигимизни ёдимизга солиб, ўзимизга, фарзандларимизга бўлган ишончимизни мустаҳкамламоқда.  
Юртбошимиз 1998 йил 24 октябр куни, Ахмад Ал Фарғоний ҳайкалининг очилиш маросимида таъкидлаганларидек, “Бугун  озод  юртимизда  Аҳмад  ал-Фарғоний  каби  зотлар  ёқиб кетган илм машъали янгитдан порлай бошлади. Биз ўсиб келаётган ёш авлод таълим-тарбиясини, уларнинг замонавий илғор билимларга эга бўлган ҳолда улуғ бобокалонларимиз меросига муносиб бўлишларини давлатимиз  сиёсатининг  устувор  йўналиши,  деб биламиз”.
        
                            Адабиёт аҳлига эҳтиром
 
Ҳазрат Мир Алишер Навоий… бу табаррук номни дунёда эшитмаган маърифатли одам бўлмаса керак. Халқимизнинг буюк шоири ва давлат арбоби, ўзбек тили ва адабиётига тамал тошини қўйган аллома. Мустақилликнинг илк йили юртимизда Алишер Навоий йили деб аталди ва пойтахт марказидаги Миллий боғида алломага улкан ёдгорлик ўрнатилди. Маҳобатли ҳайкал боғнинг энг баланд нуқтасида қад ростлади. Ҳайкал устидаги гумбаз гирдига шоирнинг қуйидаги ҳикматли сўзлари нақш этилди.
 
Олам аҳли, билингизким, иш эмас душманлиғ,
Ёр ўлунг бир-бирингизга ким, эрур ёрлиғ иш.
 
Бу жой доимо адабиёт ихлосмандлари билан гавжум. Айниқса, ҳар йили 9-феврал куни – Алишер Навоийнинг таваллуд айёмида мамлакатимизнинг адабиёт ва санъат аҳли, хорижлик меҳмонлар ёдгорлик пойига гулчамбарлар қўйишиб, улуғ алломани шарафлайдилар. Санъаткорлар шоир ғазалларига басталанган янги қўшиқларни ижро этадилар, шоирлар бағишловлар, муҳаммаслар ўқийдилар, бошқа тилларга таржима этилган ғазаллари илк бор шу ерда ўқиб муҳлислар эътиборига ҳавола этилади.
Навоий ҳайкали – пурвиқор, ўктам,
Асрлар кечмишин айларкан таҳлил,
Англаб етажакмиз уни дўстгинам:
Сабр не, не мақсуд, не юрту не дил...
Бунда сеҳрлидир сўз ила туйғу,
Бунда илоҳий нур, руҳлар кезадир.
Бу бир салтанатдир – кўҳна ва мангу,
Бунда қалб ўзини боқий сезадир.
 
Миллий боғга беқиёс салобат бағишлаган улуғ шоир ҳайкалини кўриш ва пойига гуллар қўйиш орзусида мамлакатимизнинг турли ҳудудларидаги мактаб, коллеж ўқувчилари ёдгорлик сари ошиқадилар. Ҳа, шоир таваллуд куни катта адабиёт байрамига айланади.
Миллий боғда кейинги йилларда улуғ адиблар – Ойбек, Абдулла Қаҳҳор, Саид Аҳмад ва Саида Зуннунованинг ҳам ҳайкаллари тикланди, Мир Алишер Навоий ёдгорлик мажмуасининг ён атрофида Адабиёт хиёбони намоён бўла бошлади. 
Ҳазрат Алишер Навоийнинг 560 йиллиги муносабати билан Навоий шаҳри марказида, шунингдек, барча вилоятларда ҳам маҳобатли ҳайкаллар тикланган ва бу ёдгорликлар билан боғлиқ ўзига хос адабий анъаналар шаклланган.  
         Юртимизда адабиёт байрамларидан бири ҳар йили 14 февралда Андижонда буюк шоир ва саркарда Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг таваллуд куни нишонланади. Шу куни вилоятга ташриф буюрган олимлар, шоирлар, санъат аҳли буюк шоир шарафига бунёд этилган Бобур боғидаги шоирнинг рамзий қабрини зиёрат этадилар, Бобур музейига қўйилган янги экспонатлар билан танишадилар, илмий анжуманлар ўтказадилар.
         Шунингдек, Вафо ва Садоқат маликалари адибалар – Зулфия ва Саида Зуннунова сиймолари акс этган ҳайкалларнинг ҳар бирини тошга битилган достон. Уларда буюк ибрат ва барҳаёт ҳикматлар мужассам.    
Маҳобатли ҳайкаллари тикланар экан, юртимизнинг мана шундай улуғ сиймоларига ярашгули адабиёт байрамлари, адабий анъаналар юзага келдики, юртдошларимиз учун ардоқли байрамларга айланди.   
        
                            Шаҳидлар номини ёд этиб...
 
Юртбошимиз 2000 йил 12 майда «Шаҳидлар хотираси» ёдгорлик мажмуининг очилишига бағишланган маросимда сўзланган нутқида “...машъум 1937-1953 йилларда… Ўзбекистон бўйича қарийб 100 минг киши қатағонга учраб, 13 минг нафари отиб ташланганини” таъкидлаб, “Барчамизнинг тақдиримизга дахлдор бўлган тарихий адолатни тиклаш, халқимиз ва миллатимизнинг яқин ўтмишдаги ҳали-ҳануз сир бўлиб келаётган ёпиқ саҳифаларини тўла очиб бериш, шу тарихдан сабоқ чиқариб, бугунги ва келажак ҳаётимизга онгли қарашни шакллантиришда мана шу ёдгорлик ва амалга ошираётган эзгу ишларимизнинг алоҳида ўрин тутиши шубҳасиз”, деган эдилар. «Шаҳидлар хотираси» ёдгорлик мажмуида жойлашган музейда ўша ўтган қора кунлар ҳақида жамланган маълумотлар бугунги ёшларга аниқ ва тўлақонли тасаввур беради.
Собиқ шўро даврида қатағон қурбонлари бўлган Абдулла Қодирий, Абдулҳамид Чўлпон сингари халқимизнинг буюк адиблари юртимиз мустақиллиги шарофати билан юксак қадр топдилар. Улар шарафига  ҳайкаллар қўйилди, номлари абадийлаштирилди. 1994 йилда Тошкент шаҳрида Абдулла Қодирийга, 1997 йилда Андижон шаҳрида Абдулҳамид Сулаймон ўғли Чўлпонга, 1998 йилда Тошкент вилоятининг Ғазалкент туманида Элбекка ҳайкаллар ўрнатилди.
 
Черик чекмай Хитодин то Хуросон...
      
        XV асрда Франция пойтахти Парижда соҳибқирон Амир Темурнинг жасорати шарафланиб ёдгорлик ўрнатилган экан. Манбаларга кўра, буюк бобомизга бағишланган ўнлаб бадиий асарлар ҳам битилган. Аммо кейинги ўтган юзйилликлар давомида бошқа аллома бобокалонларимизга хорижда бундай муносабат ва ҳурмат кўрсатилганлиги бизга маълум эмас.
         Юртимиз мустақил тараққиёт йўлидан борар экан,  боболаримизнинг маҳобатли ҳайкаллари нафақат юртимизда, олис хорижий мамлакатларида ҳам қад ростламоқда. Бу мустақил Ўзбекистонни жаҳон ҳамжамияти томонидан эътироф этилаётганлигидан, юртдошларимизнинг чет элларда ҳам улуғланаётганлигидандир. Бундан ҳар бир ўзбекистонлик ғурурланади, фахрланади.
         Ҳазрат Алишер Навоийнинг ҳайкаллари бугун олис Японияда, Москвада, Озарбайжонда, Ригада, Вашингтонда… Буюк шоирнинг ўзлари таъкидалангаридек: 
Олибмен тахти фармонимга осон,
Черик чекмай Хитодин то Хуросон...
Буюк шоир сеҳрли қалами билан бутун дунёни, дунё маърифат аҳлининг қалбини забт этгани айни ҳақиқат.
        … Дунёнинг энг улкан дарёларидан бири, фасллар ўзгариши билан тўлиб-тошгувчи Нилнинг сув оқимини ўрганиб, “Миқёси Нил”ни яратган улуғ бобомиз Муҳаммад ал-Фарғонийга 2007 йилда Миср пойтахти Қоҳира шаҳрида, Нил дарёси бўйида ҳайкал қўйилган. Ўзбекистон халқ рассоми Жалолиддин Миртожиев “Миқёси Нил” мажмуасига бориб, унинг қайси тарафига ҳайкал ўрнатишни режалаш жараёнида шу ердаги гид (бошловчи) берган маълумотларни синчиклаб эшитар экан, бир ҳодисадан ҳайратга тушади. Йигирма йилдан буён шу ерда ишлаётган гид Фарғонийни қоҳиралик деб таништиради. Маълум бўлишича, Қоҳира шаҳридан 10-15 чақирим нарида Фарғоний яшаган қишлоқ Фарғона деб аталар экан. Шунда бизнинг ҳайкалтарош ҳақиқий Фарғона қаердалигини, Фарғоний ўзбек тупроғида туғилганлигини қоҳираликларга тушунтириб, яқинда шу жойда улуғ алломага ўзбекистонликлар ҳайкал ўрнатишларини айтган экан. Ҳақиқий Фарғонани қаердалигини эшитган гид ҳайратда қолибди. Қаранг, 20 йилдан буён шу ерда ишлаётган гид қанча-қанча одамларга нотўғри маълумот берди экан. Улуғ алломага ҳайкал қўйилиши билан ҳаммаси изига тушди, деб айтишимиз мумкин.
        Худди шунингдек, Самарқанд заминида туғилиб, вояга етган улуғ давлат арбоби ва мутафаккир олим Мирзо Улуғбекнинг ҳайкали 2001 йилда Москва шаҳрининг марказий гавжум хиёбонларидан бирида ва 2004 йилда Латвия давлатининг пойтахти Рига шаҳрида, Андижон тупроғида таваллуд топган буюк саркарда ва шоир Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳайкали Швецариянинг Лозанна шаҳрида қад ростлаб турибди. Буюк мусаввир Камолиддин Беҳзод ҳайкали Хитойда, буюк мутафаккир олим Абу Али ибн Сино ҳайкали Белгияда, Латвияда…
        Тасаввур қилинг, ҳар куни бу табаррук зотларнинг ҳайкаллари ёнидан минглаб, юз минглаб одамлар ўтадилар ва албатта, Ўзбекистоннинг тимсолидек қад ростлаб  турган ҳайкалларни кўриб, буюк боболаримиз ҳаёти, фаолияти ҳақида суҳбатлар қуради ёки улар ҳақида хаёлга толади, тарихимиз билан қизиқади, алломаларимиз яратган асарларини қидириб топиб, мутоала қилади. Шубҳасиз, хорижга борган юртдошларимиз улуғ боболарни зиёрат қиладилар, улар билан фахрланадилар, таъзим бажо этадилар. Бу ҳайкаллар қадим ўзбек халқининг буюклигидан нишонадир.       2004 йил Японияда, Соко университети хиёбонида Ҳазрат Алишер Навоийнинг маҳобатли ҳайкали очилиши маросимида япон талаба қизлари ўзбек тилида ғазаллар ўқиганини тасаввур этинг… Шунинг ўзи қалбларга бир олам фахр-ифтихор туйғуларини бағишлайди.
        Аслида бу ҳайкалларнинг ўзга юртларда тикланиш жараёни ҳам бир тарих. Булар мустақиллик инояти билан бошланган юртимизнинг янги, ҳақиқий тарихининг ёрқин саҳифалардир. 
                   
Чорак аср аввал қайда бу хаёл,
          Бугун кўнгилларни ёритган учқун:
          Япон тупроғида турар тоғ мисол
          Навоий ҳайкали – осмонга устун!          
 
          Барибир ҳақни тан оларкан ҳаёт,
          Боболар ибрати, фикрати – ғурур:
          Нилнинг тўлқинларин жиловлаган зот –
          Фарғоний фиръавн мулкида мағрур.
 
          Айтгил, не омаддан даракдир бу сир,
          Қай юртни мужассам этиб ўзида,
          Қўлида мўйқалам улуғ мусаввир –
          Камолиддин Беҳзод – Хитой кўксида.
 
          Самарқанд заминин минг бор шарафлаб,
          Париж жамолига тутгандай қалқон,
          Буюк Амир Темур ҳайкалин тиклаб,
          Париваш Европа миннатдор ҳамон.
 
          Боболарим кўрган дунёнинг юзин,
          Улар – кўҳна тарих дилбандларидир,
          Не эллар, не юртлар қилгувчи таъзим,
          Ўзбеклар юртининг фарзандларидир!
Ҳумоюн Акбаров
 
 
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати»
Газетаси. 2014 йил, 8 август №32
 
 
 
 
 
 

0 изоҳ

Рўйхатдан ўтганлар ва тасдиқланганларгина изоҳ қолдиришлари мумкин.