топик, блог, фотосет ёки йўналтиргич яратиш

Илоҳий гўзаллик тантанасида

"Бобурнома" да тарихий шахслар
Шеърият ва адабиёт


Ҳазрат Алишер Навоийнинг “Эл нетиб топгай мениким, Мен ўзимни топмасам”, деган нақли ижод аҳли учун шиор бўлмоғи керак. Мусаввир Акмал Нурнинг ижодий фаолияти, бетакрор изланишлари билан танишганингизда бунга гувоҳ бўласиз. Мусаввир олис ўтмишдан, табиат манзараларидан, қишлоқ кўчаларидан, эртак-афсоналардан, инсонлар қалбидан, муносабатлардан, қолаверса бутун оламдан ўзлигини қидирар экан, борлиқни юракдан ҳис этиб, унинг моҳиятини англаб етади ва англанган ҳақиқатларнинг рангин тасвирларини сизга тақдим этади. Мана шу Акмал Нурнинг ўзлигидир. Мусаввир мўйқаламининг сеҳри, гўзал сўзи ва ўзидир. Айрим асарларининг “Ўзимга йўл”, “Муҳаббат водийси” деб аталиши фикримизга далилдир.
Мусаввир ижодида маънавий гўзаллик, комилликка интилиш миллий бўёқлар ҳамоҳанглигида ўз ифодасини топган. Фалсафий мазмун ва шоирона лирик оҳанг, рамз ва тимсоллар, маъжоз, шарқона идрок ва мафтункор сирлилик мусаввир ўзлигининг қирраларидир.
 “Ҳис ва хаёл” кўргазмаси билан танишар экансиз, Марказий кўргазмалар кошонасида илоҳий гўзаллик тантанаси ҳукм сураётгандай. Ҳар бир асарнинг ўз оҳанги, ўз олами бор. Мусаввирнинг қарийб ўттиз беш йиллик ижодий фаолиятидан намуналар мужассам бўлган бу гўзаллик тантанасида икки юз элликдан ортиқ рангтасвир асарлари эътиборингизга ҳавола этилади. Асарларнинг яратилган даври, мавзулари билан яқиндан танишган одам наздида муаллифнинг ижодий ривожланиш босқичлари, тобора уйғунлашиб бораётган истеъдоднинг машаққатли ва сермазмун йўли кўринади. Кўргазмага асарларни жойлаштириш моҳирона амалга оширилган. Мусаввир ижодининг илк даври – талабалик ва ундан кейинги шаклланиш йилларини шартли равишда биринчи босқич (1980 йиллар) деб аташ мумкин. Бу даврда мусаввир сифатида оламни идрок этиш, уни борлигича қабул қилиш устунлик қилади. Ижодкорнинг “Умид” (1988), “Менинг кўчам” (1988), “Тонг” (1988), “Бобомнинг уйи” (1989) деб номланган ишлари – илк  ижодий даврнинг асосий ҳусусияти яққол кўрингувчи – ҳаёт лавҳаларининг оний суратларидир.
1990-йиллардан бошланган иккинчи ижодий босқични изланиш, тўғрироғи ўз ўзини излаш, ўзлигини англаш даври деб аташ тўғри бўларди. Биринчи ижодий босқичда тасвирлардаги тўқ, хира ранглар орасида энди  илк нурлар, ёруғлик пайдо бўла бошлайди. Нафақат илк нурлар, балки тимсоллар, маъжозлар намоён бўлади: “Тунги дарбадарлар” (1991), “Иблис” (1991), “Оқ шаҳар” (1991)… Энди мавзу доираси кенгайиб, мувофиқ равишда янги ранглар, мусаввир ижодига хос бўлган тимсоллар (анор, балиқ, олма...) ривожлантирилиб, муҳаббат етакчи мавзуга айланади. Аввалги бир лаҳзани ифодаловчи картиналарга нисбатан бу даврда яратилган жозибадор, кўп маънолар мужассам бўлган, сизни беихтиёр хаёлот оламига тортувчи тасвирлар ижодий юксалишдан далолат беради. Тимсоллар олами яралади. Бир тимсол бир қатор тасвирий асарларда такомиллаштирилади, узвий боғланиб, алоҳида картиналарни бир бирига боғлаб, беқиёс маънолар касб этувчи тасвирлар туркумини юзага келтиради. Масалан, «Севги олмаси», «Муҳаббат боғи», «Муҳаббат дарёси», «Муҳаббат ороли» асарларида мусаввир турли рамзий маъжозий тимсоллар, яъни ой, ҳўкиз шоҳи, балиқ, қайиқ кабиларни қўллайди. Бироқ, ушбу картиналарда асосий маънони олма мавзуси эгаллайди. Олма гоҳо бўлинган ҳолда, гоҳо ҳавода муаллақ ҳолатда тасвирланади. Мавзунинг ботиний мазмунини англатишда олма тасвиридан муваффақиятли фойдаланилади. Шунингдек, нон – фаровонлик рамзи, олма эса жаннат меваси – муҳаббат, балиқ – беғуборлик, покизалик тимсолидир. Бу даврда яратилган асарлар орасида мусаввирнинг «Муҳаббат ороли» (1998) полотноси композицион ечимнинг нафислиги билан ажралиб туради.
Картиналарда безакдорлик услуби ўзининг барча нозик қирралари билан намоён бўлиб, ёрқин ранглар кўпайиб, тимсоллар оламининг янада ранг-баранг тасвирлари мусаввир ижодининг учинчи юксалиш босқичи бошланганлигини, унинг камолот палласи келганлигини англатади. “Кўнгил дастурхони” (2010), “Илоҳий нур” (2011), “Сирдошлар” (2013), “Илоҳий мўъжиза” (2013) асарларида рангинлик ортиши, ёрқинлик, ҳаттоки асосий тасвир ортидаги (фон) жимжимадорлик ҳам ўзига хос маъно касб этади.    
Кейинги 2013-2014 йилларга мансуб сермаҳсул ижод намуналаридаги жозиба, фалсафа, ўзига хос рамзлар – ҳаётга теран нигоҳ самараларидир. Айни вақтда мусаввир ижодида тош тимсоли аксарият асарларидан ўрин олиб, мавзу доирасини кенгайтиради…
Мусаввир аслида хаёлнинг тасвирини чизади, унга туйғулар бахш этади. Гўзал хаёл тимсоллар тилида сизга ҳаёт фалсафасини армуғон қилганида хаёлот оламингиз ундан баҳра олиб, қалб гўзалликка ошуфта бўлиб, ҳис-туйғуларга чулғанади. Тасвирий санъат ва мусиқа асарлари таржима этилмайди, деган гап бор. Аммо кўргазмани кўздан кечирган одам миллий анъаналар, урф-одатлар, удумлар, халқимиз ҳаёти ва тарихи, бир сўз билан айтганда, чинакам миллий руҳда яратилган асарларни кўрганида, бу асарлар фалсафасини, ўзига хос маъжоз ва тимсолларини, албатта, хорижликларга тушунтириб, таҳлил қилиб бериш лозимлигини ўйлаб қоласиз (балки, санъатнинг бошқа турларига ҳам тааллуқлидир бу фикр.). Чунки баъзилар кўп ҳолларда ранглар уйғунлиги-ю яна ҳар турли оқимлар, услублар (“изм”лар) дан роҳатланадилар. Аммо бу асарлар фалсафасини, унинг ортида турган ҳаёт ҳақиқатини, қалб гўзалликларини англай олганларида эди, мусаввирнинг асосий мақсадини тушуниб етган бўлардилар. Кўргазмага қўйилган “Ойдин кеча. Лайлак уяси”, “Иссиқ кулчалар” каби ўнлаб асарлар ҳам халқимиз турмушининг гўзал манзараларидир.
“Ҳис ва хаёл” кўргазмасини йиллар навбатида айланиб чиқар экансиз, ҳаётнинг рангсиз оний лаҳзаларини тасвирлаш билан ижодини бошлаган мусаввирнинг машаққатли изланиш, ижодий юксалиш йўлини ҳис этиб, ўзингиз ҳам шу нурли йўлдан ўтиб, мунаввар туйғулар ва рангин хаёллар оғушида бўласиз.   
Мўйқаламда яратилган бетакрор асар бир ҳикояга (ҳаттоки романга), мусиқага ёки мангу қўшиққа тенг бўлади. Фақат ижодкорларнинг ифода воситалари ўзгача. Шоир сўзи билан, ҳайкалтарош тошйўнари билан, бастакор сози билан, мусаввир эса мўйқалами билан қалбларни ишғол қилади. Шунга ишора боис, кўргазмада ҳайкалтарошлар ва шоирларнинг асарларидан (ҳаттотлик санъати даражасида битилган) намуналар келтирилганки, бу ижод аҳлининг ҳамкорлиги, дард ва кечинмаларнинг бирлиги, умумийлигидан далолатдир. Айни вақтда мусаввирнинг бошқа соҳа ижодкорларини мусобақага чорловидай. Қолаверса, бу кўргазмага ўзгача бир файз бахш этиб турибди.
 
 
“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасидан олинди.

0 изоҳ

Рўйхатдан ўтганлар ва тасдиқланганларгина изоҳ қолдиришлари мумкин.