топик, блог, фотосет ёки йўналтиргич яратиш

Амударё бўйларида..

"Бобурнома" да тарихий шахслар
Шеърият ва адабиёт


Ўзбекистон Бадиий академиясининг аъзоси, Бердақ номидаги Қорақалпоғистон Давлат мукофоти соҳиби Жўлдасбек Қуттимуратовнинг ўнлаб асарлари И. Савицкий номидаги Нукус Санъат музейида, шунингдек, ижод намуналари МДҲ давлатлари, АҚШ, Франция, Голландия, Бельгия, Швеция, Греция каби шаҳарлардаги дунёга машҳур музейларда сақланмоқда.
Ҳайкалтарош сифатида элга танилган Ж. Қуттимуратов рассом, реставратор бўлиб ишлаган, амалий санъат, халқ оғзаки ижоди, миллий урф–одатлар ва анъаналарнинг билимдони, энг асосийси, нафис қалб эгаси.
Унинг асрлари заминида халқнинг олис ўтмиши, орзу–умидлари, армонлари, асрлар хотираси мужассам. Ҳаёти ва ижодий фаолияти муштарак, даврнинг истеъдодли намоёндалари билан ҳамкорлик, юксак ижодий мулоқотлар ўзига хос санъаткорни вужудга келтирган.    
*   *   *
Болалигимдақаерда бахшилар йиғилса, ўша ёққа ошиқардим. Халқ достонларидаги шаддод ва гўзал қизлар хаёлимда тикланарди. Бўлажак севикли ёрим сиймосини хаёлан тасаввур этиб,  жуда ҳам сулув, дунёнинг энг гўзали бўлади, деб орзу қилардим. Балки бу Илҳом парисидир...
Агар адабиётдан Барчин, Лайли, Ширин каби муҳаббатга йўғрилган  сиймолар олиб ташланса, нима қолади?! Ҳайкалтарошлик ҳам шундай… Навоийнинг достонларидаги гўзаллар, Ҳофизнинг бир дона холга Самарқанду Бухорони инъом этиши… Дунёни гўзаллик, муҳаббат, шеъриятсиз тасаввур қилиб бўлмайди. Менинг асарларим – поэзия. Ижодимнинг моҳияти шу: гўзаллик нафосатини қалбан эътироф этаман ва қалбимни намоён этишга интиламан.
Мен ҳақимда аёллар сиймосини кўп ишлайди, деб айтишади. Аслида ҳам шундай! Ҳаётимиз мазмуни муҳаббат-ку, ахир! 
 
*   *   *
Дарахтларга  Яратганнинг ўзи ҳикмат бериб қўйибди.
Бу ерда гужум, қарамон, туронғи каби дарахтлар бор. Қарамон – пишиқ дархат. Урганч туманида Қарамон деган қишлоқ ҳам бор. Қадимда подшолар 40-50 йил давомида боғдай парвариш қилган бу дарахтлар Хиванинг кўҳна биноларига устун бўлган.
Туронғини юмшоқ ёғоч деб менсимай юрардик, бу ҳам яхши экан. Ёнғоқ кўп ёрилмайди, қаттиқ ва боқий дарахт. Ҳарорати одам тафтига яқин. Ранги ҳам инсоннинг танасига ўхшайди.
Бир куни келаётсам, йўл четида бир уюм ўтин, орасида гўё бир гўзал қиз ётибди, кўкраклари кўтарилиб. Дарров эшигига ўтин тўкилган уйга кирдим.
– Не керак сизга, бу ўтин, тандирга ёқаман, ёриб, – дейди уй эгаси.
– Ёқиш учун ўзим сизга бошқа ўтин олиб келиб бераман, – дедим.
Машина тутиб, кўпроқ ўтин келтириб бердиб, ўша қиз образи яширинган дарахтни олиб кетдим.
Ёғочга жон кира бошлади. Кўз-қошларини, сийналарини ишладим. “Ялонғоч қиз” асарим яралди. Музейда турибди. Кўрганлар ҳайратга тушади. Агар кўриб қолмаганимда…
Ўйлайман, Худо ҳар дарахтни бир нарсага ўхшатиб яратган. Дурадгор усталар устун, тўсин бўладиган ёғочни чамалаб биладилар. Рассом эса зийрак нигоҳлари билан тимсолларни ажратиб олиши лозим.
 *  *   *
Сўлим оқшомлардан биридакино кўргани бордим. Нукус санъат музейида реставратор бўлиб ишлаган пайларим. Томошадан чиқишда жуда чиройли қиз ёнимдан ўтди. Қанчалар гўзал! Ўзини эътибор қилмагандай кўрсатса ҳам, атайин менинг олдимдан ўтганлиги аниқ.
У хаёлимда тасаввур қилиб, суратларини чизиб юрган қизнинг худди ўзи! Ёнига боришга юрагим бетламади, безори деб ўйлаши мумкин. Қараб қолавердим.
Оромим йўқолди. Ўзимни чалғитиш учун Тошкентга кетдим. Аммо ўша қизнинг қиёфаси кўз олдимдан кетмас эди. Шунда унинг ҳайкалини тиклашга қарор қилдим. Эски шаҳардаги ўтин бозорига тушдим. Ўрик дарахтини мўлжаллаб, нархини сўрасам, қиммат айтди. Бу ёғочдан тароқ ишланса, икки юз тароқ чиқади, фалон пул бўлади, дейди. Кейин, майли энди деб, айтганини бердим.
Ўрик дарахти. Қип-қизил бўлади. Дуторнинг дастасини кўриб, одам яратса бўлармикан, деб юрардим. Қуёшда тобланган одамларнинг ранги шундай кўринади. Қалбимдаги қизнинг сиймосини ўрикдан ишладим. Кўнглим озроқ таскин топди. Ҳайкални тошкентлик дўстим Тўхтабекнинг уйида қолдириб, Нукусга қайтдим.
Аҳволимни кўриб, устозим:
– Энди, ўттиздан ошиб кетдинг, уйлансанг бўларди, – деди.
– Мен бир қизни учратдиму йўқотдим, энди уни излаб юрибман, шуни топмасак бўлмайди, – дедим.    
– Қаерда кўрдинг? Қайдан, қандай топамиз? Кел, яхшиси, Кегейлида қариндошимнинг қизи бор, ўқишни битириб, ҳамшира бўлиб ишлаяпти, феъл-атвори сенга монанд. Бир олманинг ёртисидайсиз, бориб кўрайлик, –деди.
Бордик, онаси чиқди. Уйга кирдик. Дастурхон ёйди. Одатимизга кўра, қиз чой қуйиб узатди. Қарасам ўша, мен излаган қизнинг ўзи! Бошқа эмас. Менинг орзуим-ку, дедим.
Ҳамшира қиз оқшом навбатчи экан, юзма-юз келдик:
–  Мен сизни кинотеатрда кўриб, ёқтириб қолгандим. Суратингизни ёғочдан ишлаб қўйибман, Тошкентда, – дедим.
–  Мен ҳам сизни кўрган эдим, бироқ сиз эътибор қилмадингиз. Бир қаторда ўтирдик, чиқишда атайин ёнингиздан ўтдим…    
Иккимизнинг ўйларимиз, сўйларимиз бир эди. Аммо журъат йўқ. Қаранг, Худо бор эканда!
Эски вақтда тўй қилиш қийин: қалин пули, сарпо қилиш, қуда-анда, дегандай. Тўйга тайёргарлик чўзилиб кетди. Бизда етгулик ақча йўқ. Бир оқшом учрашганимизда:
–  Битмайдиганга ўхшайди. Совчилар кўпайди. Кетайлик бошқа ерга, –  деди Наима.
Шу куни Тошкентга йўл олдик. Унга бир вақтлар ишлаб, Тўхтабекникида қолдирганим – ўзининг ҳайкалини кўрсатдим. Шунда Наима ҳайратда деди:
–Кўрмасдан ишладингизми?
*   *   *
Қадимги афсоналаржуда қизиқда. Қанчалар ҳақиқат мужассам!
Ўтган асрнинг 66–йили Тошкентда декада бўлганди, Тарих музейида кўгазма очилди. Ҳозирги Амир Темур хиёбонида, Фотокўргазма жойлашган ерда.  Менинг “Амударё” асарим илк бор намойиш этилган шунда. Унинг атрофида одамлар йиғилиб, ҳайрат билан томоша қилишарди. (Ёнида севгилимни кўрмасдан ишлаган асарим ҳам турибди). Санъатшунос Рафаэл Тоқтош, “бу ҳақида ўзим ёзаман, фақат ўзим, бу меники” деб, бошқа мутахассисларни яқинлаштирмай ҳазиллашарди. Кейин “Ҳайкалтарош Қуттимуродов” деган асарини ёзди.
“Сирин” асаримнинг мазмуни ҳам қадимги афсоналардан олинган. Қанотли аёллар ёки одам бошли қушлар. Одиссей денгизчиларнинг қулоқларига мум қуяди, сиринларнинг қўшиқларини эшитмасин деб. Кўзларини бойлайди, кўрмасин деб.
Бўлмаса бу гўзаллик олдида одам ақл-ҳушидан мосуво бўлиб, қолиб кетар эканда, сиринларни кўрганда… Сирин қуши ўзининг қизини кўтариб турибди бу ерда.
*   *   *
Мен 1965-йилдан И. Савицкий билан 1965-йилдан ишлай бошладим. Унинг олдига суҳбатга борганимда шундай савол-жавоб бўлгани ёдимда:
– Мен Бенков номидаги билим юртини тамомладим. Институтга кирган эдим, ёқмади, ташлаб келдим.
– Институтдан кетганинг яхши бўлибди. Улар сени издан чиқаришлари аниқ эди. Ҳозир таълим дастурлари бузилган, билимли устоз ҳам йўқ, – деди…
И. Савицкий ҳали биноси йўқ санъат музейининг директори эди. Аммо тинимсиз ишлар, музей очилишига тайёргарлик борар, дунёни кезиб, юзлаб экспонат йиғарди. Кўргазмалар ўтказганида унга кўмаклашардим.
Кейин, менга ёрдамчи бўл, деб таклиф қилди. Бир йилдан кейин Тарих–ўлкашунослик музейининг еттита хонасини бизга ажратиб беришди. Шу Санъат музейининг биринчи биноси бўлиб, жамоамиз жами тўрт кишига етганди. Музейнинг очилишига бағишланган кўргазмани тайёрлаш учун бир йил ишладик. Сув қувурларини хоналарнинг шифтига ўрнатиб, унга экспонатларни ип билан осдик. Кулолликдан ҳеч нарса йўқ, йигирма дона сополни гипс билан ишлаб, ўрнатдик. Кўзалар, ҳайкаллар, сопол буюмлар… Тупроққалъадан Зардуштийлик даврига оид кўп ашёлар топилганди....
66-йилнинг апрелида музейнинг очилиш маросими бўлди. Бу музей авангард йўналишидаги тасвирий санъат асарлари жамланган Марказий Осиёдаги ягона санъат кошонаси.
Кўргазмамиз гулларга кўмилди. Олимпиев деган биологнинг гулларидан фойдалангандик. У Нукусда гул кўчатлари етиштирарди. Кўргазмада ўзи ўстирган турли гулларни кўриб, атрофдагилар ҳайратланганида, фахрланиб, хурсандчиликдан йиғлаган эди.
*   *   *
Музейнинг олтин фонди – тасвирий санъатда XX асрнинг 20-40 йилларида ривожланган авангард оқими намоёндаларининг ишларидир. Бу коллекция Санкт-Петербургдаги Рус музейидан кейин дунёда иккинчи ўринда туради. Савицкий авангард оқимига оид асарларни тарихий билиб, авайлаб, музейга жамлаган. Уларнинг кўргазмаси ташкил этилганида эса, музейнинг донғи дунёга кетди:  “Саҳродаги мўъжиза” деб аташди.
Европада машҳур Роберт Фальк, Климент Редько, Любовь Попова, ҳайкалтарошлар Вера Мухина ва Сара Лебедева, буюк рассом А. Волковнинг дурдона асарлари, Уста Мўмин (А. Николаев), импрессионистлар П. Беньков ва З. Ковалевский асарлари, Ў. Тансиқбоев, Н. Караханнинг илк ижодий ишлари ва дунёнинг не-не рассомларининг асарлари жамланган бу хазинада.
Музей муҳитида янги-янги рассомлар пайдо бўлди. Қорақалпоқ ёғоч ўймакорлиги ривожланди. Ишларимиз хорижда ҳам юқори баҳоланди. 66-70 йилларда ёғочдан ишлайдиган қорақалпоқ ҳайкалтарошлари кўпайиб, бир катта тўлқин пайдо бўлди, деб айтиш мумкин. Бизнинг санъат йигирма йилга илгарилаб кетди. Замонавий қорақалпоқ рассомлари Ж. Изентаев, Б. Серикеев, Р. Матевосянларнинг асарлари ҳам музейдан жой олди. Биз табиий материалдан, асосан ёғочдан фойдаланганмиз.
 
*   *   *
Бизнинг заминимизочилиб ётган китобдай, уни ўқий олиш керак. Амударё соҳилларида Кампиртепа каби не-не қалъалар қум остида ётгандир. Буюк тарихимиз бор, ҳали қанча ўрганилмаган маконларимиз бисёр. Мени бу қадимий гўшалар чорлайверади. Улар билан фахрланаман. Шу ерларда ўтириб, қадим ўтган даврларни ўйлайман. Қумнинг устида ётардик, кеча-кундуз тинимсиз ишлаганмиз. Афсоналарга йўғрилган лаҳзалар эди. Шоир айтганидай:
Амударё бўйида туриб
Билиб қолдим буюклигимни... 
Қўйқирилган қалъа яқинида тошдан ясалган қизнинг бош қисмини топиб олдим. Бу Анахита, сув худосининг ҳайкали эди. Сув худоси она экан-да! Биз ичаётган сув – Анахитанинг сутидир. Муқаддас неъмат. Қадимги Зардушт афсонасига кўра, Анахита бизга кўкрагидан сут беради. Сувни покиза сақлаш, азиз билиш керак, ахир бу сут-да!
Анахита ҳайкалига қарасам, мен тасвирини ишлаган қизнинг худди ўзи: кўзлари, лаблари. Шунда И. Савицкийга:
– Бу мен яратган асаримга жуда ҳам ўхшар экан, – дедим.
– Сен бу ерда минг йил олдин ҳам яшагансан ва шу ҳайкални яратиб, авлодларга қолдиргансан, энди ўз асарингни топиб олиб, ҳайратда қолиб турибсан, – деди И. Савицкий.
Мен унга ишондим. Ҳозир ҳам ишонаман.
Анахита қандай чиройли бўлган экан, деб тасаввур қиламан. “Амударё” асаримнинг биринчи номи “Анахита” эди.
Амударё сиймосига икки ой сайқал берганман. Ниҳоят, ҳайкал чуқур хўрсиниб, нафаси юзимга урилганини сезганман.
Бир санъатшунос Амударёнинг сочларини тўфонга ўхшатган. Сув балоси, дейди. Сочларида офат, чеҳрасида муҳаббат! Мен бундай ўйлаганим йўқ. Бу мухлис фикри… Санъат – мўъжизада!
Музей ташкил этилган йили Қўйқирилган қалъага археологик қидирув ишларига бордик. Қарасак, шамол қумни кўчириб, қалъанинг бир қисми  очилиб қолган, қум устида тангалар сочилиб ётибди. Мен узук топиб олдим, юнонлардан қолган бўлса керак. Узукнинг кўзига муҳр ўйилган. Ҳайрон қолдим, бу ердан Искандар ўтмаган дейишарди, ўтган экан–ку…
Қалъада уч қаватли бино топилди. “Менимча, бу расадхона бўлса керак” –  деганди Савицкий. Буни исботловчи далиллар талайгина бор эди. Шу даврларга оид кутубхона ҳам топилган. Деворларида  токчалар кўп. Китоблар ёқиб юборилган.
Қанча-қанча ерга пахта экилиб, ҳаммаси сувнинг остида қолиб кетди.
И. Савицкий кечаси ҳам музейда тунарди. Бир жойда ўтирмас, жонсарак одам эди. Уйига бормас, дам олиш ва байрам кунларини ёқтирмасди. Ёлғиз қоларди-да… У ёлғизликдан азият чекарди.
И. Савицкий билан 20 йил бирга ишладим, ундан кўп ўргандим. 1984–йилда мен элликка кирганимда у оламдан ўтди.
 
*   *   *
Табиатннг яратади, сиз кашф этасиз. Ёғочда образни кўрмасанг ишлама…
Кунларнинг бирида музейда чиройли ишланган отнинг эгарини кўриб, кўзи жиққа ёшга тўлган чолни учратдим.
– Бу менинг эгарим, ёшлигимда қандай отим бор эди–я, – деб йиғлаб турибди бечора.
Музейда халқ кўради, уйида чириб кетса, ким билади. Кўп зотларнинг уйларида экспонатлар чанг босиб ётибди. Музейларимизни бойитиш керак.
… Бу гужумдан қилинган асар, аввал жувоз бўлган. Эски жувоз мойга тўйган. Пишган. Йигит билан қиз. Йигит ўйчан. Келажакни ўйлаб турибди.
… Мана бу қумтош эса, устуннинг тагқисми, пойдевори бўлган, Кўҳна Урганчдаги Маъмун академиясидан олиб келдим. Қумтошнинг ўзи пирамидага ўхшаб кетади. “Пирамида бизга боқмоқда” деб қўйдим номини. Одамлар Пирамидани кўришга боради-ку, шунда у ҳам бизни томоша қилади…
Ҳа, биз ҳайкаллар, суратлар билан танишар эканмиз, улар учун ҳам бизга синчиклаб қараш, ўрганиш имконияти пайдо бўлади.
Улар музейдаги бир жойда турсалар ҳам кўпни кўрганлар...
 
Ҳумоюн АКБАРОВ
 
 
“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси. 2015 йил, 10 апрел, №15

0 изоҳ

Рўйхатдан ўтганлар ва тасдиқланганларгина изоҳ қолдиришлари мумкин.