топик, блог, фотосет ёки йўналтиргич яратиш

Нажми Соний

"Бобурнома" да тарихий шахслар

НАЖМИ СОНИЙ (асл исми Ёраҳмад Исфаҳоний) – Сафавийлар давлати бош вазири, лашкарбошиси. Нажми Соний, яъни иккинчи Нажм лақаби Нажм Заргар исмли вазир вафотидан сўнг унинг ўрнини эгаллагани учун берилган. У ниҳоятда ақл-фаросатли, билимдон, шоҳнинг девон ишларини бошқариш ва ҳисоб-китоб қилишда тенгсиз шахс саналган. Кўли Малик жангидан сўнг Бобурнинг Ҳисори Шодмонга чекингани хабаридан сўнг Нажми Соний Мовароуннаҳрни фатҳ этишни осон вазифа санаб  Исмоил Сафавийдан рухсат сўраган. Исмоил Сафавий унинг олдига Бобурга ёрдам бериш вазифасини қўйган. Термиз кечуви орқали Амударёдан ўтган Нажми Соний Ғиёсиддин Муҳаммад исмли амирини Бобур ҳузурига жўнатиб, шайбонийларга қарши бирга жанг қилишни таклиф қилади. 1512 й. куз фасли ўртасида Бобур ва Нажми Соний Чакчак довонида учрашиб сочқи сочиш ва пешкаш тортиш каби шартлар бажарилади. Темурий подшоҳ ва Сафавий вазир ўртасидаги учрашувда такаббурлик билан иш тутиб ўзини Бобурдан юқори қўяди. Бобурнинг ёрдамчи куч билан келаётганини эшитган Хузор қалъаси ҳокими Фўлод Султон қарши курашишга кучи етмаслигини ҳисобга олиб сулҳ тузишга мажбур бўлади. Қалъа дарвозалари очилиши билан ўртадаги нажми Соний сулҳни бузиб, Фўлод Султонни ҳибсга олади ва бир қанча юзбоши ва навкарларни ўлимга буюради. Шундан сўнг Қарши шаҳрини қамал қилади. Шаҳар ҳокими Шайхим Мирзо мудофаа урушига киришади, аммо бир неча кундан сўнг Сафавийлар шаҳарни эгаллайди ва қатли ом ўтказиш тўғрисида буйруқ беради. Ғиёсиддин Муҳаммад ва бошқа аёнларнинг бегуноҳ одамларнинг қонидан кечиш ҳақидаги арзларини Нажми Соний қабул қилмайди. Бу қатли омда ўн беш мингга яқин инсон (шоир Биноий ҳам ўшанда ҳалок бўлган) ҳаётдан кўз юмган.


Шундан сўнг иттифоқчилар Бухоро томон юриш қилади. Муҳаммад Темур Султон бошлиқ шайбонийлар Ғиждувон қалъасига жойлашиб мустаҳкам ҳимоя йўлига ўтади. Сафавий амирлар қиш яқинлашгани ва озиқ-овқат заҳираси камлиги учун қамални тўхтатишни таклиф қилсада Нажми Соний қулоқ солмайди. Шунда Бобур Қарши ва Хузорда қишлашни таклиф қилади. Нажми Соний кўчишни яна бир кунга орқага суради. Бу эса сафавий амирларнинг норозилигига олиб келади. Эртаси куни эса Бухорода турган Жонибек Султон ва Убайдуллоҳ Султон катта ёрдамчи кучбилан етиб келиб, бирлашган шайбонийлар жангга отланади. Ўзига бино қўйган ва димоғдор Нажми Соний душманининг кучига етарлича баҳо бермайди. Ўзи марказда ўрнашгани ҳолда  ҳатто Бобурни ҳам четга чиқариб, уни қайси қанотда заифлик юз берса ёрдамга боришини тайинлайди. Жанг бошланганидан сўнг норози амирлар жанг майдонини ташлаб қочадилар. Мағлубият аниқ эканини кўрган Нажми Соний ўзи ҳам қочишга тушади. Аммо Убайдуллоҳ Султон одамлари уни қувиб етиб асир оладилар ва буйруққа биноан қатл этилади. (қ. Ғиждувон жанги).  


“Б.”да Нажми Сонийнинг золимлиги ва у  Султон Ҳусайннинг ўғли Суҳроб Мирзони Астрободда азоб билан ўлдиргани қайд этилган (166б).


С. Ж.


 

0 изоҳ

Рўйхатдан ўтганлар ва тасдиқланганларгина изоҳ қолдиришлари мумкин.