топик, блог, фотосет ёки йўналтиргич яратиш

“Бобурнома” да Амир Темур сиймоси

"Бобурнома" да тарихий шахслар
Шеърият ва адабиёт

“Бобурнома” да Амир Темур сиймоси


Заҳириддин Муҳаммад Бобур (1483-1530) ўзининг шоҳ асари “Бобурнома” да улуғ бобокалони Амир Темур ва темурийлар тўғрисида жуда кўп нодир маълумотларни ёзиб қолдирган. Бобур аввало ўзининг соҳибқирон авлодидан экани ва насабини отаси вафоти воқеасидан сўнг шундай санаб ўтган: “секкиз юз олтмишда Самарқандта эди. Султон Абусаъид Мирзонинг тўртинчи ўғли эди. Султон Абусаъид Мирзо Султон Муҳаммад Мирзонинг ўғли эди. Султон Муҳаммад Мирзо Мироншоҳ Мирзонинг ўғли эди. Мироншоҳ Мирзо Темурбекнинг учинчи ўғли эди”.



Отаси вафотидан сўнг тож-тахт машмашаларига бош қўшган Бобур Амир Темур салтанати пойтахти Самарқанд учун кураш бошлайди. Нафақат Мовароуннаҳр, балки ер юзининг энг гўзал шаҳарларидан бири саналган Самарқанд Бобурда жуда катта таассурот қолдирган. Бобур Амир Темур бунёд этган олий иморатлар, шаҳар ичи ва атрофидаги чорбоғларни кўриб ҳайратга тушган. “Рубъи маскунда Самарқандча латиф шаҳар камроқдур”, деб таърифлайди ва Амир Темур Самарқандни пойтахт этиб тайинлаганидан сўнг унинг нақадар юксак мавқега эришгани,  қўрғон деворларининг ўта мустаҳкамлигини зикр қилган. Самарқанд аркида бунёд этилган тўрт қаватли Кўксарой, Оҳанин дарвозаси ёнидаги улкан жомъе масжид, мақбара ва мадрасаларни таърифлайди.



Бобур улуғ бобокалонининг она юрти Кеш ҳақида тўхталганида, соҳибқироннинг зоди-буди Кешдан бўлгани учун аввал уни пойтахт қилиш учун кўп саъй-ҳаракатлари қилгани, у ерда ҳам олий иморатлар қурдирганини, жаҳонгир Мирзо ва баъзи авлодари учун мақбара солдирганини, аммо кейинроқ пойтахт учун Самарқандни ихтиёр қилганини ёзади.


Бобур темурийлар салтанати тарихи ва шажараси, тахт учун курашлардаги воқеаларга тўхталар экан, Амир Темур Самарқанд тахтини тўнғич ўғли Жаҳонгир Мирзо (1356-1376)га бергани, аммо тахт ворисининг бевақт ўлими сабаб унинг ўғли, яъни Амир Темурнинг набираси Муҳаммад Султонга васият қилганин ҳам келтириб ўтган. Афсусуки, отаси вафотидан сўннг туғилган Муҳаммад Султон(1376-1404) бобосидан ҳам аввал бу оламни тарк этган. Бу ўринда Бобур темурийзодалар орасидаги тахт учун бошланган можаро сабабларидан бирини келтирмоқда.


Самарқанд ва Андижон тахтидан айрилган ёш Бобур маълум муддат Ўратепанинг Даҳкат деган жойида кун кечиради. Бобур Даҳкат оқсоқолларидан бирининг бир юз ўн бир ёшли онаси билан суҳбатлашгани, бу кекса онахоннинг қариндошларидан бири Амир Темурга черикликка кириб, Ҳиндистонга борганини гапириб бергани Бобурнинг Ҳиндистон ҳақидаги тасаввурларни янада бойитган. Ажаб эмас, айнан ўшанда Бобур қачонлардир Ҳиндистонга боришни аҳд қилган бўлса!


Амир Темур салтанатини сақлаб қолишга жон-жаҳди билан интилган Бобур яқин қариндошларининг ноаҳиллиги ва ноҳамжиҳатлигидан, айниқса, Ҳирот ҳукмдори Султон Ҳусайн Мирзо каби “Темурбек ўрунуға ўлтурғон улуғ подшоҳ” (Бобур ибораси) нинг бепарволигидан Мовароуннаҳрни сақлаб қололмайди. Энди Бобур Амударёдан ўтиб, ҳақли равишда Кобул тахтига даъвогар бўлади. Бобурнинг бобоси Султон Абусаъид Мирзо Кобул тахтини ўғли Умаршайх Мирзо (1456-1494), яъни Бобурнинг отасига берган, аммо кўп ўтмай ўғлини Кобулдан қайтартириб Фарғонага жўнатади. Бунинг сабаби Амир Темурнинг ўз вақтида Фарғона вилоятини иккинчи ўғли Умаршайх Мирзо (1356-1394) га берганини эслаб, буюк соҳибқиронга тақлид қилган. Эътибор қилинг ҳар иккала Умаршайх Мирзо таваллуди ва вафоти орасида роппа-роса юз йил фарқ бор.


Шундай қилиб, Кобулни фатҳ этган Бобур ўзини подшоҳ нисбасини қабул қилади. “Ушбу тарихқача Темурбекнинг авлодини бовужуди салтанат мирзо дерлар эди, ушбу навбат буюрдумким, мени подшоҳ атагайлар”, деб ёзади Бобур ўзи бу ҳақда.



Бобурнинг бу буйруғини ғарб олимларидан бири “ўғлининг келажагига оқ поёндоз тўшади”, деб таърифлаган. Яъниким, кўп ўтмай подшоҳзода Ҳумоюн таваллуд топган эди.


Кобулда мустаҳкам ўрнашиб олган Бобур энди нигоҳини Ҳиндистон томонга қаратади. Бҳира, Хушоб, Чиноб, Чиниват каби вилоятларга юриш қилган Бобур бу жойларни ўз мулки ҳисоблайди. Деҳли султони Иброҳим Лўдийга элчи жўнатиб қадимий туркка тааллуқ жойларни қайтариб беришни талаб қилади. Қониқарли жавоб ололмаган Бобур 1424 йили Лоҳурни ҳам ўз давлати тасарруфига қўшиб олади ва келаси йили охирида Деҳлига юриш қилади. 1526 йили Панипат жангида ғолиб келган Бобур Ҳиндистонни ҳам эгаллайди ва ўз давлати пойтахтини Кобулдан Аграга кўчиради.


Бобур зининг бу ҳарбий юришини тўлиқ баён қилган. Амир Темур Ҳиндистонни фатҳ этганидан сўнг Деҳли ҳукуматини саййидларга топширгани, Султон Алоуддин замонида Лўдийлар тахтни тортиб олгани каби маълумотларни келтирган. Ҳиндистонлик давлат арбоби ва тарихчи К. М. Паниккар “Бобур Деҳли тахтига ҳақли равишда эришгани, негаки унинг томирларида Амир темур қони оқиши” сабаб эканини таъкидлаган.


Юқорида Бобур Самарқандни эгаллаганида Амир темур томонидан барпо этилган боғ-роғлар, олий иморатлар унинг қалбида улкан таассуротлар қолдирганини ёзган эдик. Бобур Кобулни ва Ҳиндистонни фатҳ этганидан сўнг бу ўлкаларда ўнлаб самарқандча чорбоғлар, сарой, кўшк, толор мадраса, масжид ва бошқа иморатлар бунёд эттирган.



Бобур Ҳиндистонда мисли кўрилмаган бунёдкорлик ишларини бошлайди. Амир Темур даврида Самарқандда бир кунда икки юз сангтарош иш қилганини “Зафарнома” да ўқиган Бобур Аграда олти юз саксон киши ва Секри, Баяна, Гвалияр, Дҳолпур ва бошқа шаҳарларда бир кунда тўрт минг тўқсон бир сангтарошни ишга олади.


Хулоса қилиб айтганда,  Бобур ҳар томонлама Амир Темурга ўхшаш ва муносиб бўлишга ҳаракат қилган ва ўз олдига қўйган буюк мақсад – кучли марказийлашган давлат ўрнатишга эришган.


 


Ботирали ЙЎЛДОШЕВ                           


 

5 изоҳ

avatar
Яхши мақола. Темур бобомизнинг сиймосини янада кўпроқ ёритиш керак. Ибратли ва хайрли ишларидан намуна олиш даркор.

Профессор Мадраимов А.
avatar
Профессорнинг фикрини қўллайман.
avatar
Maqola uchun rahmat.
avatar
Amir Temur va Bobur nomi biz uchun faxr.
avatar
Раҳмат
Рўйхатдан ўтганлар ва тасдиқланганларгина изоҳ қолдиришлари мумкин.