топик, блог, фотосет ёки йўналтиргич яратиш

Убайдуллоҳхон

"Бобурнома" да тарихий шахслар
Шеърият ва адабиёт

УБАЙДХОН,Убайд Султон, тўлиқ исми: Абулғозий Убайдуллоҳ Баҳодирхон (1486, Хоразмнинг Вазир ш. яқинидаги Тирсак мавзеси- 1540.17.3, Бухоро)- Бухоро хони (1533—40), шоир ва хаттот. Шабонийхоннинг жияни. Отаси Маҳмуд Султон (Абулхайрхоннинг набираси) Хожа Убайдуллоҳ Аҳрордан ўғлига исм қўйишни илтимос қилган. Улуғ пир ўз исмни берган.<cut> У. ўз даврининг машҳур уламоларидан сабоқ олган. Давлат арбоби ва саркарда амир Абдулла Яманий (Бухорода Мир Араб номи б-н машҳур бўлган) ҳарбий санъатдан сабоқ берган ва ўзига мурид қилиб олган. Отаси Қундузда вафот этгач (1504), Шайбонийхон Бухоро ва Хоразм ҳокимлигини У.га топширган. У. амакиси Шайбонийхоннинг Хоразм (1505), Балх (1506), Ҳирот ва Машҳад (1507)га қилган ҳарбий юришларида қатнашган. 1511 йили Бобур ва Сафавийлардан мағлуб бўлган Шайбоний султонлар қатори Туркистонга чекинган. Бир йилдан сўнг яна Мавороуннаҳрга қайтиб келиб Кўли Малик жангида Бобурни мағлуб этган. Бобур аввалига Бухорога, эртаси куни Самарқандга чекинган ва оиласини олиб Ҳисор томон кетган. 1512 йилнинг кузида Сафавий Нажми Соний бошчилигидаги кўп минг кишилик қўшин Ғузор ва Қаршини эгаллаган. Убайдуллахон Нажми Соний қўшинини Ғиждувон жангида мағлуб этгач, Бобур Кобулга қайтган.


 Убайдуллахон 1513 й.  март ойида Марвни эгаллаган. Узоқ давом этган ҳарбий тўқна-шувлардан сўнг Машҳад, Ҳирот (1529) ва б. шаҳарларни ҳам қўлга киритган. Бобурнинг ёзишича, У. Тус шаҳрини саккиз ой қамал қилганидан сўнг эгаллаган (“Б.”, 301б). 1533 й.да Абу Саидхон вафотидан сўнг, туркий анъанага биноан султонлар ичида энг ёши улуғи У. Бухорода шайбонийлар сулоласининг хони қилиб кўтарилган. Пойтахт ҳам Самарқанддан Бухорога кўчирилиб, давлатнинг номи расмий равишда Бухоро хонлиги деб аталган. Убайдуллахон ҳукмронлиги даврида Бухоро давлатининг сиёсий, иқтисодий ва маданий мавқеи кучайган. Бухорода Мир Араб мадрасаси, Кўҳак (Зарафшон) дарёси устида Меҳтар Қосим кўприги ва б. иншоотлар қурилган. У. «Убайдий», «Қул Убайдий», «Убайдуллоҳ» тахаллуслари б-н ўзбек, форс ва араб тилларида ижод қилган. Шоир Убайдийнинг 573 ғазал, 880 рубоийси, 34 қитъа, 16 фард, 32 маснавий, 10 муаммо, 11 туюқ ва ҳикмат жанридаги шеърлари куллиёт шаклида сақланиб қолган.


Ўзбек адабиётида рубоийнинг Бобурдан кейинги тараққиёти Убайдий номи б-н боғлиқ ва улар ўртасида ижодий яқинлик яққол кўзга ташланади:


Бобур:


Андан бериким, қасдим учун турди фироқ,


Юз дарду аламни манга еткурди фироқ,


Мани эшикингдин, нетайин сурди фироқ,


Қил чора, йўр эрса мани ўлтурди фироқ.


Убайдий:


Меҳнат ёсин жоним учун қурди фироқ,


Жонимға манингжафо ўқин урди фироқ,


Ўзгага раво кўрмайин ул меҳнатни,


Ваҳ-ваҳ, не қилай манга раво кўрди фироқ.


 


Убайдуллахон Бухоро яқинида жойлашган Баҳоуддин мажмуасидаги Дахмаи шоҳон (Шоҳлар дахмаси)даги шайбонийлар хилхонасида дафн этилган.


М. А., Б. Й.


 


Ад: С. Азимджанова. Государство Бабура в Кабуле и в Индии. М., “Наука”, 1977; Қ. Ражабов, Э. Очилов. Убайдуллахон. Т., “Abu matbuot-rjysalt”, 2011. 

3 изоҳ

avatar
Уларнинг ҳар иккаласи ҳам йирик давлат арбоби ва шоир сифатида ўчмас из қолдирган.
avatar
Уларнинг икковига ҳам Хожа Убайдуллох Аҳрор ҳазратлари исм берганлар.
avatar
Иккаласи ҳам халқимиз тарихи ва адабий меросига улкан ҳисса қўшган.
Рўйхатдан ўтганлар ва тасдиқланганларгина изоҳ қолдиришлари мумкин.