топик, блог, фотосет ёки йўналтиргич яратиш

Рейтинг
+73.12
avatar

Буюк Бобурийлар тарихи

Батафсил

Бобурийлар давлатида Наврўз байрами

Буюк Бобурийлар тарихи
Илм-фан

БОБУРИЙЛАР ПОДШОҲЛИГИДА НАВРЎЗ БАЙРАМИ


 


         Инсоният оламида ҳар бир байрам алоҳида тантана ва хушчақчақлик билан кутиб олинади. Ҳар бир миллат ва халқларнинг ўз урф одатлари ва байрамлари мавжуд. Мусулмонлар учун наврўз байрами энг улуғ ва катта байрамлардан бири саналади. Баҳор ва ўйғониш куни, ҳижрий йил ҳисобида янги йилнинг биринчи куни Наврўз ўрта асрларда дунё саҳнасидаги энг йирик империялардан бири ҳисобланган бобурийлар давлатида кенг нишонланган.


Ойбегим

Буюк Бобурийлар тарихи
Илм-фан

ОЙБЕГИМ – Султон Маҳмуд Мирзонинг тўртинчи қизи. Онаси Мир Бузургнинг набираси Хонзодабегим. Султон Ҳусайн Мирзо Қундузга юриш қилганида Умаршайх Мирзо иккинчи ўғли жаҳонгир Мирзо бошлиқ Андижон қўшинини ёрдамга жўнатган. Ўша ёрдам эвазига Султон Маҳмуд қизини Жаҳонгир Мирзога ақд қилдирган. Бобур ҳижрий 910 й. Мовароуннаҳрдан чиқиб кетаётганида Термизда турган бегимлар Бобурга келиб қўшилади. Улар орасида Ойбегим ҳам бўлган. Коҳмардга етишганларида жаҳонгир Мирзо ва Ойбегимнинг никоҳи ўқилади. Бобур келинининг бир қиз фарзанд туққани зикр қилган (“Б.”, 27б).


Б.Й.  

Борбўл Мирзо

Буюк Бобурийлар тарихи
Илм-фан

БОРБЎЛ МИРЗО – Бобурнинг ўғли. Онаси Моҳим бегим. Ҳумоюн ва Меҳржаҳондан кейин туғилган учинчи фарзанд.  Тахминана 1500-11 йй дунёга келган. Бобур учинчи марта Самарқанд тахтига ўтирганида  аҳли аёли ва фарзандлари Ҳумоюн, Меҳржаҳон Бегим, Масъума Султон бегим ва Комрон Мирзо билан бирга Борбўл Мирзони ҳам Самрақандга олиб келтирган (“Ҳ.”, 7а). Бобрбўл Мирзо ёшлигида вафот этиб кетган.


Б.Й. 

Шоҳжаҳон

Буюк Бобурийлар тарихи
Илм-фан

ШОҲЖАҲОН, АБУЛ МУЗАФФАР ШАҲОБИДДИН ХУРРАМ, СОҲИБҚИРОНИ СОНИЙ (1592.01.05.-1666.01.22.) – Буюк бобурийлар давлатининг бешинчи ҳукмдори (1628-58). Отаси Жаҳонгир. Онаси Марварлик ражпут маликаси Манмати (Билқуис Макони).  Шаҳзода Хуррам оилада учинчи ўғил бўлсада, бобоси Акбарнинг энг севимли 



набираси бўлиб, ёшлигидан ҳарбий соҳага иқтидорли шахс бўлиб тарбия топган. У олти кунлик чақалоқлигида Акбар уни биринчи хотини Руқия Султон бегим тарбиясига топширган. Отаси Жаҳонигир тахтга ўтирганидан сўнг шаҳзода Хуррамни Ҳиндистондаги энг саркаш ва исёнли жойларга ҳарбий юришга тайин қилган. Жангари ражпут рожалари, тоғлик Кангри қалъаси ҳам Хуррамнинг кучли ҳужумларига дош беролмай бобурийлар давлатига қўшиб олинган. Декандаги ҳарбий зафарлари учун Хуррамга подшоҳ томонидан Шоҳжаҳон нисбаси берилган. Унинг ғалабалари ва шижоатини улуғ саркарда Амир Темурга қиёслаб Соҳибқирони Соний унвони билан ҳам аташган.


Шоҳжаҳон 1612 й. малика Нуржаҳоннинг жияни Аржумандбонуга уйланган. Келинининг гўзаллигини кўрган Жаҳонгир уни Мумтоз Маҳал (Сарой кўрки) хитобини берган. Кейинчалик Тож Маҳал номи билан шуҳрат қозонган Аржуманбону Шоҳжаҳоннинг учинчи хотини бўлсада, энг севимли маликага айланган ва ҳамиша эрини ҳарбий сафарларда ҳамроҳ бўлган. 1622 й. Шоҳжаҳон отаси ва малика Нуржаҳонга қарши исён кўтаради. Маҳобатхон бошлиқ подшоҳ армияси бутун Ҳиндистон бўйлаб шаҳзодани таъқиб қилади. Ана шундай оғир кунларда ҳам Аржумандбону эри билан бирга Ражпутананинг иссиқ чўллари, Декандаги улкан тоғли довонлар, Бенгалиянинг ўрмон ва чакалакзорларида жон сақлаган.     Ўн тўққиз йиллик турмуши давомида ўн тўртта фарзанд туққан. Охирги фарзандини туғиш чоғида малика ҳаётдан кўз юмган. Шоҳжаҳон унинг хотираси учун Агра шаҳрида дунёда тенгсиз мақбара қурдирган.


1605 й. охирида Жаҳонгир вафот этгач, шаҳзода Шаҳриёр  Лоҳурда ўзини подшоҳ деб эълон қилган. Аградаги саройда Хусравнинг ўғли Доварбахш тахтга ўтиради. Бу пайтда Деканда бўлган Шоҳжаҳон уч ойдан сўнг Аграга етиб келади ва тахтни эгаллаган. Шоҳжаҳон давлтани бошқариш тизими ва пул ислоҳатлари ўтказган. Чет мамлакатлар билан дипломатик ва савдо муносабатларини ривожлантирган. 1631 й. ҳаддидан ошган Португалларни Бенгал соҳилидан қувиб чиқарган. 


Шоҳжаҳон ҳукмронлик йиллари бобурийлар тарихида олтин давр саналади. У мамлакатнинг турли бурчакларида йирик меъморий обидалар ва боғлар қурдирган. Аградаги Тож Маҳал мақбараси, Деҳлидаги Қизил қалъа ва Жомъе Масжид, Лоҳур ва Тҳаттадаги йирик масжидлар, Товус тахт, Кашмир ва Лоҳурдаги Шалимар боғлари шулар жумласидандир. Шоҳжаҳон буюк боғбон сифатида ҳам тарихда ўрин қолдирган. Бобур бошлаб берган боғдорчилик санъатини янада


 кенг ёйган. Биргина Кашмир субасида 777 та боғ бунёд эттирган. Шоир ва рассомларга ҳомийлик қилган. “Бобурнома” ва Бобурнинг бошқа асраларини қайта-қайта ўқишни ёқтирган. Бобурнинг “Ҳиндистон девони” охирги саҳифасига ўз муҳрини қўйиб ундаги рубоийнинг Бобур қўли билан ёзилганинни тасдиқлаган қўлёзма сақланиб қолган.


1658 й. қаттиқ касалликка чалинган Шоҳжаҳон ўзи учун Жамна дарёсининг ўнг қирғоғида қора мармардан мақбара қуришни тайинлаган. Отаси вафот этмасдан туриб унинг ўғиллари ўртасида тахт талашиш бошланади ва бу курашда Аурангзеб ғолиб чиқади. Гарчи Шоҳжаҳон тузалиб кетсада, Аурангзеб уни тахтдан ағдариб Аградаги Қизил Қалъага қамайди. То умрининг охиригача қизи малика Жаҳоноро бегим унинг хизматини бажарган. Барча ҳуқуқлардан марҳум этилган Шоҳжаҳон фақат дарча орқали Тож Маҳал мақбарасига қараш имконига эга бўлган. Собиқ подшоҳ вафоти эртасига Тож Маҳал мақбарасида марҳума хотини ёнига дафн қилинган.


Б.Й.                

Юсуф Муҳаммадхон

Буюк Бобурийлар тарихи
Илм-фан

ЮСУФ МУҲАММАД ХОН-бобурийлар саройидаги йирик амалдорлардан бири. Атка Хоннинг ўғли. Акбарнинг эмчакдоши. Отаси ўлдирилгач Акбар уни ва укаси Азиз Кўкани шахсан ўз тарбиясига Хон Замон қўзғолонини бостиришда Ю. М. Х. фаол иштирок этиб ўзини кўрсатган. Беш минг боши мансабига тайин қилинган. Бадауний берган маълумотларга қараганда, Ю. М. Х. ортиқча шароб ичиш оқибатида ҳ. 973 (1565/66) йили ҳаётдан кўз юмган.


Ботир ЙЎЛДОШЕВ


 

Шоҳшужъо

Буюк Бобурийлар тарихи
Илм-фан

ШОҲШУЖЪО (МУҲАММАД СУЛТОН ШОҲ ШУЖЪО БАҲОДИР) (1616—1660)-бобурий шаҳзода, Шоҳ Жаҳоннинг иккинчи ўғли. Онаси Аржумадбону бегим (Мумтоз Маҳал бегим). Бенгалия ҳокими этиб тайинланган. 1657 йили отасининг касаллигини хабарини эшитган Шужо ўзини подшоҳ деб эълон килади ва 22 000 лашкар билан пойтахтга қараб жўнайди. Акаси валиаҳд шаҳзода Доро  шукуҳ укасининг қўшинини тухтатиш учун ўғли Сулаймон Шукуҳни катта қўшин билан жангга сафарбар қилади. Банорас яқинида мағлуб бўлган Шоҳ Шужъо яқин амирлари ва оила аъзолари билан бирга Бирмадаги Аракан ўрмонлар томонларга кочиб кетади. Баъзи маълумотларга кўра 1660 йили уни оила аъзолари билан бирга маҳаллий магҳ қабиласи қириб ташлаган деган маълумотлар бор.


Ботир ЙЎЛДОШЕВ

Шоҳ Олам Соний

Буюк Бобурийлар тарихи
Илм-фан

ШОҲ ОЛАМ СОНИЙ (1728 -1806)- бобурий подшоҳ. Оламгир Сонийнинг катта ўғли. Унинг асл исми Али Гавҳар бўлиб, отаси уни тахт вориси деб эълон қилган эди. оламгир соний вафот этганида у Биҳарда эди ва ўзини бобурийлар тождори деб эълон қилади ва ўзига Шоҳ Олам Соний нисбасини қабул қилади. Гарчи у подшоҳ саналсада ўн икки йил давомида пойтахт Деҳлидан узоқда юради. Бу давр ичида у Бихар ва Бенгал вилоятларини қўлга киритишга қанчалик ҳаракат қилсада муваффақият қозонолмайди. 1772-йили у Деҳлига қайтиб келади ва маратҳлар ҳамда Англиянинг Ост Индия компанияси ёрдамида узок вақт тахтда ўтиради. Айнан унинг замонида, 1761 йили учинчи Панипат уруши бўлиб ўтган эди. Аҳмадшоҳ Абдолий ва маратҳлар ўртасидаги тарихий жангда ғолиб чиққан афғонлар маратҳларни Деҳлидан бутунлай қувиб юбориб, шимолий Ҳиндистоннинг бобурийлар қўлида қолишини таъминлаган эди. 1765 йили Бенгал, Биҳар ва Орисса инглизлар тасарруфига ўтади. 1803 йилда инглизлар Деҳлини ҳам қўлга киритадилар ва Шоҳ Олам Сонийга махсус нафақа тайинланиб сиёсатдан четлатилади. Аслида бу бобурийлар салтанатининг хукмронлигига барҳам берилиши эди. Энди подшоҳ фақат расмий жиҳатдан тилга олинар ва унинг ваколатлари жуда ҳам чекланган бўлиб, асосан тайинланган пенсия ҳисобига кун кечирарди. 1806 йили Шоҳ Олам Соний ҳаётдан кўз юмади. Унинг вафотидан сўнг фирдавс манзил номи билан атайдилар.


Ботир ЙЎЛДОШЕВ


 

Шамсиддин атка

Буюк Бобурийлар тарихи
Илм-фан

ШАМСИДДИН МУҲАММАД (АТКА ХОН)-бобурийлар саройидаги йирик амалдорлардан бири. Ғазнида камбағал деҳқон оиласида туғилган. Оддий навкар бўлиб Комрон мирзо хизматига кирган. Қанауж жангида мағлуб бўлган Ҳумоюннинг дарёдан қирғоққа чиқишига ёрдам бергани учун подшоҳнинг назарига тушиб, хос хизматчилар қаторига қўшилган. Умаркотда туғилган шаҳзода Акбарга Ш. М. хотини (Жижи) энага қилиб тайинланган ва Ш. М. атка унвонига сазовар бўлган. Акбар тахтга ўтиргач, аткаси Ш. М.га Панжобни жогир қилиб берган ва сўнгра Панжоб ҳокими этиб тайинлаган. Байрам Хон вазифасидан четлатилиб, исён кўтарганида Ш. М. бошлиқ қўшин Жаландҳар яқнида қўзғолончиларни мағлуб этган. Бу ғалабадан сўнг Акбар унга Аъзам Хон нисбасини иноят қилган. 1548 йили Лоҳурдан саройга чақирилиб, Вакил мансабига тайинланган. “Ойини Акбарий”да ёзилишича, Ш. М. ҳ. 969 йили рамазон ойининг 12 куни (16 май, 1562) Адҳам Хон томонидан ўлдирилган.


Ботир ЙЎЛДОШЕВ

Бухоролик шайх

Буюк Бобурийлар тарихи
Илм-фан

ШАЙХ ФАРИД БУХОРИЙ (вафоти 1616)- Акбар ва Жаҳонгир замонидаги йирик амалдорлардан бири. “Тузуки Жаҳонгири”да берилган маълумотларга кўра Деҳлида туғилган. Акбар замонида ёшлигида хизматга кирган. 700 боши мансабидан 1500 лавозими ва Мир Бахши мансабини эгаллаган. Маълум муддат Дафтари Тан (жогирдорлар билан боғлиқ ишлар) бўйича мутасадди ва Гужорат субадори вазифасида ишлаган.  “Акбарнома” да берилган маълумотларга қараганда ҳукмронлигининг йигирма иккинчи йилида Деҳлига келганида Акбар подшо Шайх Фарид Бухорий қароргоҳида тўхтаган. Шаҳзода Салим исён кўтарганида Аллоҳободга бориб уни подшоҳ деб эълон қилади. Ана шу хизмати эвазига тахтга ўтирган Жаҳонгир унга хилъат, қимматли тошлар билан безатилган қилич ва сиёҳдон инъом қилиб “Соҳиб ус саиф вал Қалам” (Қилич ва қалам соҳиби) деб атайди ва беш минг ҳазори мансабига тайин қилган. 1606 йили шаҳзода Хусрав исёнини бостириб, уни Чиноб дарёси бўйидаги Бҳайравал деган жойдаги урушда уни асир олиб келгани учун Муртазо Хон хитоби сарфароз қилинган ва уруш бўлган жойлар унга жогир қилиб берилган. Кейинроқ Панжоб субадори мансаби ва 6000 зоти, 5000 сувори унвони берилган. Ўта қийин Кангра қалъасини забт этишда катта хизмат кўрсатган. Шайх Фарид Бухорий мамлакатнинг кўп жойларида масжидлар, ҳаммомлар, бозорлар ва саройлар қурдирган. Аҳмадобод шаҳрида бир маҳаллани обод этиб унга Бухоро номини берган. Бухороликларни ҳамма жойда қўллаб қувватлаган ва шу қавм аъзоларининг тўйларида катта катта совғалар ҳадя қилган. Ҳомиладор аёлларга ҳам пул берган.Ўзининг пиёда аскарларига ҳар йили тўшак олиб берган. Вафот этганида унинг уйидан 1000 ашрафий танг бўлган холос. Ундан фарзанд қолмаган. Иккита болани асраб олган бўлган.


Ботир ЙЎЛДОШЕВ


 

Шайх Абул Фазл Алломий

Буюк Бобурийлар тарихи
Илм-фан

ШАЙХ АБУЛ ФАЗЛ АЛЛОМИЙ — (1551-1602 йй.) Акбар подшоҳнинг яқин дўсти, бош вазири, ҳарбий қўмондон, шоир ва қомусий олим. 1574 йилда саройга ишга қабул қилинган. “Акбарнома”, “Ойини Акбарий”, “Рисолаи Муножат”, “Жами ул-Луғат”, “Мукотиботи Алломий” (“Иншои Абул Фазл”) каби қатор тарихий, фалсафий ва шеърий асарлар муаллифи. Бобурийлар давлатининг мустаҳкамланиши ва унинг сарҳадлари кенгайишига улкан ҳисса қўшган. Акбар унга “Муътамани давла” (Давлтанинг ишончли кишиси) хитобини сарфароз қилган. Отаси Шайх Муборак ва акаси Шайх Файзий билан биргаликда Акбарнинг янги дини- илоҳий номли ақидасини қўллаб қувватлайди. Номусулмонлардан олинадиган “жузья”- жон солиғи, қўналға, зиёрат ва бошқа солиқларни бекор қилиш орқали халқ томонидан подшоҳнинг ҳурматини оширишга эришади. 1580 йили барча дин ва эътиқодларнинг тенг ҳуқуқлигини ифодаловчи “Сулҳи кулл” назариясини баён қилган. Унинг шоҳ асари “Акбарнома” бобурийлар тарихига оид энг қимматли манбалардан бири саналади. “Ойини Акбарий” да бобурийлар давлати иқтисодиёти, ижтимоий тузуми, маданий ҳаёти, солиқлар, ҳарбий қўшин ва унинг тузилиши, амалдорлар, сарой шоирлари, олимлар ва санъат арбоблари, бобурийлар давлатининг чет мамлакатлар билан савдо ва дипломатик муносабатлари ҳақида қимматли маълумотларни беради. “Мукотиботи Алломий”да Акбар подшоҳ номидан Бухоро хони, португаллар ва бошқа ҳукмдорларга ёзилган мактублар жамланган. Абулфазл Декандан қайтаётганида шаҳзода Салим (Жаҳонгир) буйруғи асосида Бундела қабиласи Бир Сингҳ томонидан фожиали ўлим топган.


Манба ва ад.: Жаҳонгир. Жаҳонгирнома. Ўз ФА ШИ қўлёзма № 2192; Низомиддинов И. Абулфазл Алломий. – Т.: Ўзбекистон, 1982.


            Ботир ЙЎЛДОШЕВ


 

Ҳумоюн мақбараси

Буюк Бобурийлар тарихи
Илм-фан

ҲУМОЮН МАҚБАРАСИ-бобурийлар архитектурасининг илк намуналаридан бири. Архитектор эронлик Мирак Мирзо Ғиёс лойиҳаси асосида XVI-аср ўрталарида Ҳумоюн подшоҳнинг Ҳожи бегим (Асл исми Бика бегим) исмли хотини томонидан бунёд этилган. Қизил тош-қум ва қора, сариқ мармарлардан яратилган мақбара чорбоғ ўртасида жойлашган. Мақбаранинг тўрт томонида тўртта минора бор. Бу шакл кейинроқ Тож Маҳал мақбараси андозасига ҳам асос бўлган. Мазкур мақбарани темурийларнинг энг катта хилхонаси деб ҳам атайдилар. Бир неча ўнлаб бобурий шаҳзодалар ва маликалар шу ерда дафн этилган. Охирги темурий подшоҳ Абу Зафар Баҳодиршоҳ Соний инглизлардан қочиб Ҳумоюн мақбарасидан паноҳ топади ва кейинчалик қўлга олинади. 1947 йили Ҳиндистон иккига бўлинганида Покистонга кўчаётган муҳожир мусулмонлар учун вақтинчалик лагерь вазифасини ҳам ўтаган.


Ботир ЙЎЛДОШЕВ


 


            Ад.: Йўлдошев Б. У. Ҳиндистон: саёҳатчи йўлдоши.Т., 2011.

Ҳумоюн

Буюк Бобурийлар тарихи
Илм-фан

ҲУМОЮН, Насриддин Муҳаммад (1508. 03.07., Кобул-1556.01.17., Деҳли) – Бобурнинг тўнғич ўғли. Бобурийлар давлатининг иккинчи подшоҳи (1530-40, 1555-56), шоир, бобурийлар миниатюра мактаби аосчиси. Онаси Моҳим Бегим. 12 ёшида Бадахшон ҳокими этиб тайинланган. 18 ёшида отасининг Ҳиндистонга қилган ҳарбий юришида фаол иштирок этган. Панипат жангидан олдин Ҳумоюн Деҳли султонлигининг Ҳисори Феруза вилояти шиқдори Ҳамидхон бошлиқ қўшинини мағлуб этиб юзтача асир ва филларни Бобурга тақдим этган. Бобур ўғлининг бу жасорати эвазига ўша вилоятни жулду қилиб берган (“Б.”, 263а). Панипат ва Канва жангларида Ҳумоюн буронғор қисмдан ўрин олган. Деҳли фатҳидан сўнг Ҳумоюн Жамна ва Ганга оралиғидаги ҳудуддаги маҳаллий афғон ва ҳиндларни буйсундиришда иштирок этган. 1527 й. Кобул ва Бадахшонни идора қилиш учун  рухсат берилган. Ҳумоюн Бадахшондан туриб Самарқанд тахтини эгаллашга ҳаракат қилган (“Б.”, 356б).


Б.Й.


 

Бобур авлоди

Буюк Бобурийлар тарихи
Илм-фан

ҲОШАНГ - Бобурнинг чевараси, шаҳзода Дониёлнинг учинчи ўғли. Жаҳонгирнинг тўнғич ўғли шаҳзода Хисравнинг Ҳошмандбону исмли қизига уйланган. куёви. Жаҳонгир вафотидан сўнг, 1627 йили Шоҳ Жаҳоннинг  қайнотаси Осифхон томонидан ўлдирилган.


Ботир ЙЎЛДОШЕВ