топик, блог, фотосет ёки йўналтиргич яратиш

Ҳуқуқий асос – таълим самарадорлигини оширишга хизмат қилади  

Таълим ва тараққиёт
Илм-фан
 Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Вазирлик ҳузуридаги Маънавият ва маърифат маркази, Тошкент давлат иқтисодиёт университети ҳамда Тошкент давлат юридик университети ҳамкорлигида 2018 йил 22 июнь куни “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар мазмун-моҳиятини олий таълим муассасалари жамоасига етказиш ва тарғиб қилиш масалалари” мавзуига бағишланган конференция бўлиб ўтди.

Конференциянинг очилиш маросимида Олий ва ўрта махсус таълим вазири биринчи ўринбосари Дилмурод Набиев ва бошқалар 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида таълим соҳасини тубдан такомиллаштириш, таълим сифатини ошириш, интеллектуал салоҳиятли, жисмоний баркамол авлодни шакллантириш, турли соҳалар учун малакали кадрларни тайёрлаш устувор вазифалар сифатида белгиланиб, пировардида бугунги давр талабига жавоб бера оладиган таълим тизимини яратиш кўзда тутилганини алоҳида таъкидладилар.
Анжуманда “Ҳуқуқий ахборотни тарқатиш ва ундан фойдаланишни таъминлаш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари тўғрисида”, “Олий таълим муассасларида маънавий-маърифий ишларни олиб боришда инновацион ёндашув”, “Ҳуқуқий тарғибот – ҳуқуқий маърифат асоси”, “Ҳуқуқий ахборотни тарқатиш ва тарғиб қилишдаги жаҳон тажрибаси. Эътиборга молик жиҳатлар таҳлили”, “Мураббийлик ва ахборот соатларини самарали ўтишда мураббий маҳорати”, “Меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар мазмун-моҳиятини олий таълим муассасалари талаба-ёшларига етказиш ва тарғиб қилиш масалалари”, “Меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар мазмун-моҳиятини олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчиларига етказиш ва тарғиб қилиш масалалари” мавзуидаги маърузалар катта қизиқиш билан тингланиб, бу борада ўзаро фикр алмашилди.
Шўъба йиғилишларидан сўнг олий таълим муассасаларига норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ўз вақтида етказиш ва самарали тарғиб қилиш, 
***
Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети Ахборот хизмати раҳбари, филология фанлари номзоди, доцент Тўлқин Эшбековнинг “Мураббийлик ва ахборот соатлари”ни самарали ўтишда мураббий маҳорати” мавзуидаги маърузаси анжуман иштирокчиларида катта қизиқиш уйғотди. Қуйида ушбу маъруза матни эътиборингизга ҳавола этилмоқда.
“Мураббийлик ва ахборот соатлари”ни самарали ўтишда мураббий маҳорати
Олий таълим муассасаларида “Ахборот ва мураббийлик соати” машғулотлари қандай, қай тарзда ўтилиши керак?
Шу кунга қадар бирорта олий таълим муассасасида бу машғулот талаб даражасида ўтилдими? Бирор талаба бу машғулотдан ўзига керакли сабоқни ололдими?
Афсуски, бу саволларга кўп жойларда ижобий жавоб топилиши қийин…
Хўш, бу машғулотни биз қайси ҳужжатга асосан ўтамиз, деган саволга қуйидаги залворли жавоб мавжуд: Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг 2005 йил 11 июндаги қўшма Ҳайъати қарори ва 24 июлдаги 138-сонли қўшма буйруғига биноан олий таълим муассасаларининг барча ўқув гуруҳларида ҳафтада бир марта “Ахборот ва мураббийлик соати” ўтказилиши йўлга қўйилган!
Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг 2017 йил 23 августдаги “Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 27 июлдаги ПҚ-3151-сон қарори ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёев томонидан 2017 йил 9 август куни ўтказилган мажлис баёни ижросини таъминлаш тўғрисида”ги 600-буйруғида олий таълим муассасаларида талаба-ёшларни кундалик ахборотлардан хабардор этиб боришга қаратилган “Ахборот ва мураббийлик соати” машғулотларининг таъсирчанлиги ва самарадорлигини янада оширишга қаратилган қатор вазифалар белгиланган.
Мазкур буйруқда талаба-ёшларни мамлакатимизда амалга оширилаётган барча соҳалардаги ислоҳотлар, хорижда рўй бераётган воқеалар ҳамда бошқа зарур ахборотлар билан тезкор ва мунтазам равишда хабардор этиб бориш мақсадида гуруҳ мураббийлари томонидан ҳафтада бир марта “Ахборот ва мураббийлик соати” машғулотлари ўтказиб борилиши белгилаб қўйилган.
Дарҳақиқат, бугунги глобаллашган ва ахборотлашган дунёда талабларнинг онги ҳамда маънавиятига салмоқли таъсир ўтказаётган ахборотлар оқимига бефарқ қараб бўлмайди. Олий ва ўрта махсус таълим вазирининг юқорида зикр этилган буйруғини тўлақонли бажариш давр талаби, ҳаёт тақозосидир.
Афсуски, шу кунгача бирорта олий таълим муассасасида ушбу буйруқ ижроси тўла бажарилмаганини тан олишимиз керак. Шу ишни “бажардик” деб хаспўшлаганлар аслида хўжакўрсинга ишлаётгани сезилиб турибди. “Ахборот соатлари” материалларини, қандайдир баённомаларни чиройли тахлам қилиб қўйиш билан иш битмайди.
Хўш, бунинг сабаблари нимада? Кузатишлар, таҳлиллар натижасида бу саволга мухтасар жавоблар топилди. Шу кунгача “Ахборот ва мураббийлик соати” машғулотларини дарс сифатида ўтишни истамаган, бу борада билим ва малакага эга бўлмаган мураббийлар зимммасига шундоқ масъулиятли вазифа мажбуран юклаб қўйилди. Натижада, бу машғулот кутилган даражада ўтилмади. Ваҳоланки, ҳар бир ишни ўз мутахассиси бажаргани маъқул. Айтайлик, хорижий тилни фақат ўша тил бўйича мутахассисгина ўргата олади. Худди шундай, “Ахборот ва мураббийлик соати” машғулотларини ҳам қайси фан ўқитувчиси бўлишидан қатъи назар шу сабоқни беришга қодир, маҳоратли профессор-ўқитувчилар ўтмас экан, бу борада ижобий натижага эришиш мушкул.
Яна бир нозик жиҳати шундаки, “Ахборот ва мураббийлик соати” машғулотларида баҳо – балл қўйилмагач, талабалар беэътибор бўлиб қолмоқда. Ҳатто, бу машғулотга “кирмаса ҳам бўларкан” деган тушунчалар пайдо бўлмоқда.
Мутахассислар билан келишган ҳолда бу муаммонинг ечимини ижобий ҳал этиш борасида қуйидаги таклифларни илгари сурмоқчимиз:
1. Ҳар бир олий таълим муассасасида “Ахборот ва тарбия” кафедрасини (номи бошқачароқ ҳам бўлиши мумкин, моҳияти ўша-ўша!) ташкил этиш зарур.
2. Мазкур кафедрага қайси фан ўқитувчиси бўлишидан қатъи назар айнан “Ахборот ва тарбия” машғулотларини юксак маҳорат билан ўтишга қодир бўлган энг истеъдодли профессор-ўқитувчилар танлаб олиниши лозим.
3. “Ахборот ва мураббийлик соати” машғулотларида Олий ва ўрта махсус таълим вазирилиги томонидан тақдим этилаётган муҳим маълумотлар билан бир қаторда ҳафталик ахборотлар таҳлили ёшлар онгига етказилиши назарда тутилсин.
4. Бошқа фанлар қатори “Ахборот ва мураббийлик соати” машғулотларида ҳам талабалар баҳолансин, балл қўйилсин. Бунда қуйидаги мезонларга алоҳида эътибор қаратилсин:
– талабанинг кийиниш маданиятига;
– талабанинг муомала маданиятига;
– талабанинг одоб-ахлоқига (бунда ҳатто, кўча-кўйда, жамоат жойларида юриш-туришларигача эътиборга олиниши эслатиб турилиши зарур);
– фан даражасида ўқитиладиган “Ахборот ва мураббийлик соати”да ҳам уйга вазифалар, мустақил таълим мавзулари берилиши ҳамда уни талаба қай даражада ўзлаштиришига қараб баҳоланиши даркор.
Шунингдек, “Ахборот ва мураббийлик соати” машғулотлари доирасида талабаларга иншо ва ижодий ишлар ёздириш, бу борадаги саводхонлигини ошириб боришига кўмаклашиш мақсадга мувофиқдир.
“Ахборот ва мураббийлик соати” машғулотлари шу тариқа ўқитилиши йўлга қўйилса, амалда таълим ва тарбиянинг уйғунлиги ҳам таъминланади, деб умид қилса бўлади.
Ахборот хизмати
 

0 изоҳ

Рўйхатдан ўтганлар ва тасдиқланганларгина изоҳ қолдиришлари мумкин.