топик, блог, фотосет ёки йўналтиргич яратиш

Ёш олимлар учун “Илмий мунозаралар клуби” ташкил этилди

Таълим ва тараққиёт
Илм-фан
 
Ўзбекистон ёшлар иттифоқи муассислигидаги Республика ёш олимлар Кенгаши ташаббуси билан ёш олимларнинг “Илмий мунозаралар клуби” ташкил этилди.  Мазкур клубнинг илк йиғилиши Тошкент ахборот технологиялар университетининг мажлислар залида “Замонавий ахборот коммуникация технологияларидан самарали фойдаланишнинг илмий-назарий асослари” мавзуида бўлиб ўтди.  Унда ИТ-соҳасида илмий тадқиқот изланишларини олиб бораётган докторантлар, тадқиқотчилар, магистрлар, ёш педагог ўқитувчилар ҳамда соҳанинг малакали амалиётчилари иштирок этди.  Тадбирда Республика ёш олимлар Кенгаши модераторлари “Илмий мунозаралар клуби”нинг фаолияти, истиқболи ва таҳлил учун белгиланадиган мавзулар тўғрисида иштирокчиларга маълумотлар бериб ўтишди.  Жумладан, клуб ёшларга илмий тадқиқот изланишларини олиб боришнинг босқичлари ҳақида маълумотлар бериш, долзарб, ижтимоий аҳамиятга молик тадқиқот мавзуларини танлашга кўмаклашиш, ёш тадқиқотчиларга илмий мушоҳада, илмий фараз, прогноз, қиёсий, таҳлилий хулосалар чиқариш кўникмаларини ўргатиш, тадқиқот олиб бориш тартиблари, тамойиллари бўйича маслаҳат, кўрсатмалар бериш борасида устоз-шогирд анъаналарини ривожлантириш, тадқиқотчиларнинг илмий маърузаларини етакчи халқаро журнал ва нашрларга тавсия этиш, қўллаб-қувватлашда амалий ёрдам кўрсатиш каби вазифаларни бажариши таъкидлаб ўтилди.  Йиғилишда ТАТУнинг ёш тадқиқотчилари мавзуга доир илмий маърузалар билан иштирок этди.  –Ахборот коммуникацион технологияларига доир адабиётларнинг ҳаммаси деярли инглиз ёки рус тилида. Ёшларнинг кўпчилиги ИТ-соҳасига қизиқиб, уни ўрганишга киришиши мумкин. Лекин тил билмаслик уларнинг мақсади олдига тўсиқ бўлиб тушади, – дейди ТАТУ талабаси Темур Собиралиев. – Тўғри, инглиз тилини яхши ўзлаштирганлар ҳам ИТ-соҳасига оид инглизча терминларни тушунишга қийналади. Чунки яхши биламиз, техника тили сўзлашувдан анчагина фарқ қилади. ИТ-соҳасига доир китобларни ўзбек тилига таржима қилиш вақти келди.  Тадбир давомида “Orient Software Team” web-порталлар, маълумотлар базасини яратиш ва қайта ишлаш компанияси, Ўзбекистон Фанлар академияси, “Nanovation” дастурий таъминот, сайтлар яратиш ва юритиш фирмаси, “Mobile first” компанияси каби соҳанинг малакали мутахассислари ҳам ўз мулоҳазаларини билдириб ўтди.  Йиғилиши сўнгида “Республика ёш олимлар Кенгаши” ННТ ва Тошкент ахборот технологиялари университети ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.

0 изоҳ

Рўйхатдан ўтганлар ва тасдиқланганларгина изоҳ қолдиришлари мумкин.