топик, блог, фотосет ёки йўналтиргич яратиш

Султонхон тўра Адо ва унинг адабий мероси ҳақида

Блог им. lalixon
                                         Адо мулки маънида султон эрур
Хирадманди иқлими Турон эрур.
“Мажмуаи шоирон”дан
 
  Ўзбек адабиёти тарихида Қўқон адабий муҳити алоҳида ва салмоқли ўрин эгаллайди. Ушбу адабий муҳит етиштириб берган ижод аҳли тараққиётимизнинг турли даврларида адабий ҳаракатнинг фаол иштирокчилари бўлишган. Уларнинг асарлари халқимизнинг ўлмас маънавий мулкига айланган.

Мумтоз адабиётнинг турли жанрларидаги битиклар улкан мерос сифатида бизнинг давримизгача етиб келган. Уларнинг кўплари бугун қайта-қайта нашр этилиб, китобхонларга етказилмоқда. Лекин, у кўламдор адабиётнинг ўрганиш доираси кенглигиданми, муҳитнинг бир қанча шоирлари ҳақида ҳануз тўла-тўкис маълумотга эга эмасмиз. Ёки “шўро даврида… адабий муҳитнинг ташаббускори ва ҳомийси бўлган Амирий ва Фазлий, Адо, Вазир, Нола, Нақиб, Ошиқ, Мир, Асад, Маъюс тахаллуслари билан ижод қилган унинг аъёну амалдорлари асарларига “сарой адабиёти” тамғаси босилиб, улар бир чеккага суриб қўйилди”.
Ана шундай ижодкорлардан бири Хожа Убайдуллоҳ Ахрор авлодларидан бўлган Султонхон тўра Адодир. Шоирнинг таржимаи ҳоли, адабий мероси шу кунга қадар кенг кўламда тадқиқ этилган эмас.  Султонхон тўра Адо ва унинг ижодига оид маълумотларни Абу Тоҳирхожанинг “Самария”, П. Қайюмийнинг “Тазкираи Қайюмий”, Б. Валихўхаевнинг “Буюк маънавий муршид”, П.И. Демезон ва И.В. Виткевичларнинг “Записки о Бухарском ханстве” каби китоблари, Э.Шодиев, А.Эркинов мақолалари, айрим қўлёзмаларда учратдик. Шунингдек, ўша давр билан боғлиқ бўлган тарихий асарларда унинг ҳаёти билан боғлиқ маълумотлар учрайди, баёзлар Адонинг асарлари киритилган. Масалан, адабиётшунос Э.Шодиевнинг қайд этишича, “Баёзи Фахри Рўмоний”да шоир шеърлари бор. Шунингдек, Адо “Моҳларойим”, “Жинлар базми” каби бадиий асарларга эпизодик образ (тарихий шахс) сифатида киритилган. Бу эса шоирнинг ўз замонида алоҳида мавқега эга эканлигини кўрсатади.  
Келтирилган манбалардаги маълумотлар Султонхон тўра Адонинг ҳаёти ва ижодини ўрганишдаги илк қадам ҳисобланади, қолаверса, уни ўзбек адабиётидаги истеъдодли шоир сифатида таништиради.
Шайхул-ислом, хўжаи калон Султонхон тўра Адонинг туғилган йили маълум эмас. У Амир Умархон даврида Қўқонда, Амир Ҳайдар даврида Бухорода шайхул-исломлик қилган.
Амир Умархон саройидаги муҳтарам аъёнлардан бири бўлганлигини Муҳаммад Ҳакимхоннинг “Мунтаҳаб ут-таворих” асаридаги мана бу маълумот далиллайди: “Умархон амирал-мўъминин номини олиб, ўз номига хутба ўқиттириб, васиқа уради. Шоҳлик тожини кийиб, салтанат тахтига ўтиради.… Эшон тўра хўжа Махдум Аъзамий ва Эшон Султонхонтўра Ахрорийларни хожакалонлик амали билан сарафроз этди”.
 Ибратнинг “Фарғона тарихи” асарида эса, “Бу жаннатмакон асринда (Амир Умархон назарда тутилмоқда – Ў.М.) ҳамсуҳбат ва мусоҳиб уламолардан, чунончи, Зокирхўжа Эшон, Шайх ул-ислом Намангоний, Мавлавий Намангоний… Исҳоқбек Тўра, Султонхонтўра… лар бўлуб, подшоҳликға тааллуқ ҳар иш ва ҳукм бўлса буларнинг фатволари илан амал қилур экан” дейилади. “Моҳларойим” қиссасида ҳам мана шу нарсага алоҳида урғу берилади.
Қўқон адабий муҳити ривожига Адо нафақат шоир ўлароқ, балки моддий ва маънавий кўмаклари билан ҳам ҳисса қўшган. “Умархоннинг аркида бир маросим ижро этилиб ҳар томондан фозиллар, ажиб ва шоирлар тўпланиб Маликуш шуоро Султон хўжа Эшон Адонинг тахти раёсатида адабий мажлис бўлуб шоирлар ўз шеърларини ўқуб, таҳсинга лойиқ бўлганлар мукофотланганлар”.
Вафоти 1835-36 йилларга тўғри келади, қабри Самарқандда. Бу ҳақда Абу Тоҳирхожанинг “Самария” асарида қуйидагиларни ўқиймиз: “… 1251 да Бухорода ўлди. Ўлигини ундан Самарқандга келтириб ҳурматлик бобоси (хожа Ахрор) ёнида кўмдилар”.
Адонинг машҳур шоир бўлганлигини ХХ асрдаги адабий муҳит вакиллари суҳбатларидан ҳам билиб олса бўлади. Саид Аҳмаднинг “Топганларим ва йўқотганларим” китобидаги  “Назм чоррахасидан репортаж” номли Ғ.Ғуломга бағишланган хотирасида ўқиймиз: “Бу пайт Боқий домла Умархон саройидаги шуаронинг пешқадам шоири Адо тўғрисида, унинг “Адо қаддини дол этмиш” сатри билан тугайдиган тўртлиги хусусида кўзларини юмиб гапираётган эдилар”. Унинг “пешқадам”лигини “Фарғона тарихи”даги ушбу мисол ҳам таъкидлайди: “Ул асрда шоирлик ривожда бўлуб, шуъаролар кўпайган эканлар. Булардан Хотиф, Машраб, Фитрат, Адоий, Акмалхон тўра, Намангандан Мавлоно Фазлий ва шоиралардан ҳам неча адад фозила хотунлар бор экан”.
Ижодида ғазал, мухаммас, мустаҳзод жанрлари етакчилик қилади. Ўзбек ва тожик тилларида девонлари бор. Озарбайжон ФА Қўлёзмалар институтида Навоий ва Фузулий рубоийларига Адо томонидан қилинган рубоий-мустаҳзодлар сақланади. Ушбу нодир манбани Адонинг ўзи тузган. Абу Райҳон Беруний номидаги қўлёзмалар институтида ҳам Адонинг девони сақланади. Шунингдек, унинг йирик ҳажмдаги “Нола ва фиғон” қасидаси ҳам бор. Қўқон хонлиги тарихига оид “Мироти футуҳ” асарини Л.А. Зимин Султонхон Адога нисбат беради.      
Адо мутасаввуф шоир ҳамдир. Буни унинг Нақшбандия тариқатидан эканлиги, хусусан, тариқат анъаналарини давом эттирганлигида, қолаверса, мана бу байтнинг шарҳи мисолида ҳам кўриш мумкин. “Айлаб” радифли ғазалида у шундай ёзади:
 
Бошимни саждага қўйган маҳалда ул оёқ босди,
Анга бердим салом ул лаҳза мен тарки намоз айлаб.
Маълумки, бу ибодатни “ёр келиб, бошга тепганда” бузиб бўлмайди. Гап шундаки, ошиқ Ёр – Аллоҳ васлини, раҳматини умид қилиб намоз ўқимоқдами, демак, бошқа хаёл уни чалғитмаслиги керак.  Маъшуқ ошиқнинг кўнглига фақат Ўзини ўйлаши кераклигини солганида (“ул оёқ босди”), обид дарҳол ўзини ўнглаб олди. Намозини хушуъли ҳолатга ўтказди.
Умуман, Султонхон тўра Адонинг шеърияти моҳият эътибори ва образлар олами, бадиият салмоғи, мазмун, ғоя ва руҳий таъсир кучи жиҳатидан тасаввуф таълимоти билан теран боғланган.  
Ўйлаймизки, кейинги тадқиқотлар Адонинг ҳаёти ва фаолияти тўғрисидаги маълумотларни янада бойитади. Қилинажак илмий ишлар адабиётшунослигимиз ривожи учун ҳисса қўшади.  
 
Ўткирбек Мадумаров,
АДУ ўзбек тили ва адабиёти йўналиши магистранти
 





 

0 изоҳ

Рўйхатдан ўтганлар ва тасдиқланганларгина изоҳ қолдиришлари мумкин.