топик, блог, фотосет ёки йўналтиргич яратиш

Курашнинг Осиё ўйинлари дастурига киритилгани расман эълон қилинди

Всё о спорте
Спорт
Кураш XVIII Осиё ўйинлари дастурига расман киритилди. Бу ҳақда Осиё Олимпия кенгаши Бош ассамблеясида эълон қилинди. 
 
Курашнинг 2018 йили Индонезияда бўлиб ўтадиган XVIII Осиё ўйинлари дастурига киритилгани расман эълон қилинди, деб хабар қилди ЎзА. Бу ҳақда Туркманистоннинг Ашхобод шаҳрида ўтаётган Ёпиқ иншоотларда ва жанг санъатлари бўйича V Осиё ўйинлари доирасида бўлиб ўтган Осиё Олимпия кенгаши Бош ассамблеясида эълон қилинди.

Мустақилликнинг илк йилларида Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти Ислом Каримов соврини учун Шаҳрисабзда Амир Темур, Термиз шаҳрида Ҳаким ат-Термизий хотирасига бағишлаб халқаро турнирлар ташкил этилди. 1992−1998 йилларда Жанубий Корея, Канада, Япония, Ҳиндистон, Америка, Россия каби мамлакатларда бўлиб ўтган йирик спорт анжуманларида ўзбек кураши кенг намойиш қилинди.
 
Жаҳон ҳамжамияти 1998 йил 6 сентябрь куни ўзбек курашини халқаро спорт тури сифатида расман эътироф этди. Осиё, Европа ва Американинг 28 давлати вакиллари иштирокида ўтказилган таъсис конгрессида Кураш халқаро ассоциациясига асос солинди.
 
«Осиё олимпия кенгаши томонидан ҳар тўрт йилда ташкил этиладиган ва қитъа олимпиадаси сифатида эътироф этилган ёзги Осиё ўйинлари нуфузи ва аҳамияти жиҳатидан Олимпия ўйинларидан кейинги муҳим мусобақадир. Унда қитъамизнинг деярли барча мамлакатларидан минглаб спортчилар иштирок этади. Шу боис мазкур ўйинлар дастуридан жаҳон миқёсида ўз ўрнига эга, барча қитъаларда ривожланиб бораётган спорт турлари жой олади, — деди Кураш халқаро ассоциацияси матбуот котиби Жамшид Намозов. — Курашнинг XVIII ёзги Осиё ўйинлари дастурига расман киритилиши бу йўналишда залворли қадам қўйилганидан, унинг халқаро спорт ҳамжамияти томонидан кенг эътироф этилаётганидан далолатдир».
 
XVIII ёзги Осиё ўйинларида кураш мусобақалари саккизта вазн тоифасида ўтказилади. Эркаклар 66, 73, 81, 90 килограммгача, 90 ва ундан ортиқ, хотин-қизлар эса 52, 63, 78 килограммгача вазн тоифасида ғолиблик учун баҳслашади.

0 изоҳ

Рўйхатдан ўтганлар ва тасдиқланганларгина изоҳ қолдиришлари мумкин.