топик, блог, фотосет ёки йўналтиргич яратиш

Ўзаро англашув меморандуми имзоланди

Диалог во благо общества
Жамият
Ўзбекистон Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси (ЎИҲҲҚФ) 21-28 февраль кунлари Ҳиндистон истеъмолчилар ассоциациясининг (ҲИА) таклифига кўра ушбу мамлакат Тамил-Наду штатининг Ченнай шаҳрига сафар қилди.
Ўзаро тажриба алмашиш мақсадида ташкил этилган сафар чоғида ЎИҲҲҚФ раиси Жаҳонгир Саримсоқов ҲИА раисаси Нирмала Десикан билан икки ташкилот ўртасидаги келгуси ҳамкорлик йўналишларини белгилаб берувчи ўзаро англашув меморандумини имзолади.
 
– Мазкур меморандумнинг мақсади истеъмолчилар ҳуқуқини ҳимоя қилиш йўлида тажриба алмашиш ҳамда икки томонлама муносабатларни ривожлантириш ва мустаҳкамлашга қаратилгандир, – деди Жаҳонгир Саримсоқов.
Н.Десиканнинг фикрича, у раҳбарлик қилаётган ассоциация ЎИҲҲҚФ билан нафақат ушбу меморандум, қолаверса, халқаро истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, хусусан, Consumers International доирасида ҳам ҳамкорлик қилишни истайди.
Қайд этиш лозимки, айни пайтда ЎИҲҲҚФ Consumers International-га аъзо бўлишга тайёргарлик кўрмоқда.
Шундан сўнг уч кун давомида ҲИА озиқ-овқат хавфсизлиги, истеъмолчиларнинг молиявий манфаатларини ҳимоялаш ва товар ва хизматларни солиштириб баҳолаш сингари турли мавзулардан таркиб топган, интерактив ва қизғин муҳокамаларга бой ўқув машғулотлари ташкил этилди. Машғулотлар бошланишидан олдин Ўзбекистонда истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида яратилган ҳуқуқий база, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотларини қўллаб-қувватлаш борасида қабул қилинган қонун ва ҳукумат қарорлари, федерациянинг фаолияти тўғрисида ҳикоя қилувчи тақдимот ролиги намойиш қилинди.
Кейинги икки кун давомида делегация аъзолари хусусий сектор ва давлат идораларининг истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, Ҳиндистон аҳолисининг қашшоқ қатламларига молиявий ёрдам кўрсатиш, хусусан, Тамил-Наду штати ҳукуматининг Фуқароларни озиқ-овқат билан таъминлаш ва истеъмолчиларни ҳимоя қилиш департаменти ҳамда микро- ва кичик бизнес вакилларига кредит берадиган Equitas Holdings Limited фаолияти билан танишди.
Бугунги кунда Ҳиндистонда истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан уч ярим мингдан ошиқ нодавлат ташкилоти шуғулланади. Ушбу ташкилотлардан фақат 10 дан ошиғигина, жумладан,  ҲИА Consumers International аъзосидир.
Сафар давомида томонлар ахборот алмашиш, қўшма лойиҳа ва дастурларни ишлаб чиқиб, амалга ошириш, ўқув фаолияти, учрашув, илмий конференция ва семинарлар ташкил этиш борасида ўзаро ҳамкорликни давом эттиришга келишиб олди.
Айни пайтда Ўзбекистон Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси миллий миқёсдаги  ННТ бўлиб, 14 ҳудудий бирлашма, 193 та туман ва шаҳар жамияти ва 5500 дан ортиқ таянч пунктларини бирлаштиради.
 Эслатиб ўтамиз, федерация дунёнинг бошқа мамлакатларидаги истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотларини ҳам билан алоқаларни йўлга қўймоқда. Бунга 2015 йилда Корея истеьмолчилар агентлиги билан ҳам  ўзаро англашув меморандуми имзоланганини мисол қилиб келтириш мумкин.

0 изоҳ

Рўйхатдан ўтганлар ва тасдиқланганларгина изоҳ қолдиришлари мумкин.