топик, блог, фотосет ёки йўналтиргич яратиш

Баркамол инсонни шакллантиришда эстетик тарбиянинг ахамияти

Диалог во благо общества
Жамият
     Бугун Ўзбекистон ҳуқуқий-демократик давлат, эркин, фуқаролик жамиятини барпо этиш йўлидан бормоқда. Ҳозирда амалга оширилаётган барча ишлар, ишлаб чиқилаётган дастурлар моҳиятан инсонпарвар жамият фуқаросининг тарбияси масаласига қаратилган.
      Маълумки, тарбиянинг бош вазифаси инсон борлиғининг камол топтиришдан иборат. Зеро, ҳуқуқий, аҳлоқий, иқтисодий, сиёсий каби қатор тарбия шаклларининг барчасида инсон масаласи ётади.

 
     Нафосатли тарбия жамиятда маънавий муҳитни пайдо қилишга кўмак берувчи мўҳим унсур бўлиб, у инсон дидини шакллантирувчи, ривожлантирувчи ҳамда ана шу орқали инсонни жамият муносабатларига яқинлаштирувчи кучдир.
    Нафосатли тарбиянинг вазифаси шундан иборатки, у инсонларни янгиликлар яратишга ундабгина қолмай, айни пайтда  уларни нафосат тамойиллари, гўзаллик талаблари асосида ривожлантиришга ўргатади ҳам.
    Нафосатли тарбия инсонда ҳаёт ва санъатдаги гўзалликлардан баҳраманд бўлиш, уларни баҳолай билиш, ҳамда ўзи ҳам гўзалликлар яратиш туйғуларини шакллантиришга кўмак беради. Аммо, бу жараён ўз-ўзича эмас, балки бир қатор омиллар ва воситалар иштирокида амалга оширилади. Жумладан, оила, маҳалла, таълим муассасалари нафосатли тарбияни шакллантирувчи асосий омиллар бўлиб саналади.
        Бугунги кунда миллий ғоя ва миллий мафкура ҳаётий эҳтиёж даражасига кўтарилди. Шундай экан, ҳар бир инсон жамиятда ўз ўрнини билиши, ўзини жамиятнинг ажралмас қисми деб ҳис қилиши лозим. Эндиликда мафкура дунёсида пайдо бўладиган бўшлиқ пировардида жамият, инсон ва мамлакат учун нақадар катта хавф солишини англамоқдамиз. Тарбиянинг нафосатли шакли эса мазкур жараёнларда ёш авлодни гўзаллик ҳақидаги туйғуларини, табиатга бўлган муносабатини, бадиий адабиётга қизиқишини, жамият маънавий ривожидаги янгича қарашларни гўзаллик ва улуғворлик асосида тарбиялашдек долзарб вазифани амалга ошириши билан муҳим аҳамият касб этади.
Инсон диди, ҳис-туйғулари, орзу-умидлари, дунёқарашига яраша гўзалликдан, санъат асаридан баҳра олади ва шу жараёнда унда эстетик ўсиш, ривожланиш, руҳ нафислашуви, дид ўткирлашуви жарёни кечади. Эстетик идеал ижтимоий ҳаётдаги ва санъатдаги гўзалликни баҳолаш учун мезон бўлиб хизмат қилади. Эстетик идеал жамиятнинг юксак ва олийжаноб мақсади, келажакда кўзланган ғояси, орзусидир. Бу жараён маданият, санъат ва таълимни ривожлантириш, комил инсонни  шакллантириш билан бевосита боғлиқдир.Ўрта аср тасаввуф илми ва амалиётида хам комиллик ғояси асосий масалалардан бири эди. Бугунги кунда  асосий мақсад комил инсон ғоясини кишилар онгига сингдиришдан иборат экан, бу маьнавий ҳаётимизнинг замиригина бўлиб қолмай, эстетик идеал даражасига чиқди. «Комил инсон ғояси азал-азалдан ҳалқимизнинг эзгу орзуси, маънавиятнинг узвий бир қисми бўлиб келган». (Қаранг. Миллий истиқлол ғояси: асосий тушунча ва тамойиллар. Т., «Ўзбекистон», 2000 й, 56-бет).
Нафосатшуносликнинг мухим ва асосий категорияларидан бири гўзаллик тушунчасидир.
         Гўзаллик обьекти – хаётнинг ўзи.
Инсон табиатнинг энг гўзал махсули, ақл-заковат, ирода эгаси.
         Гўзаллик тушунчаси жуда кенг, кўп қиррали тушунча булиб у нафакат хаетдан завкланишни, балки фидоийликни хам тарбиялайди. Н.Г. Чернишевский ўзини «Санъатнинг воқеаликка эстетик мунособатлари» асарида шундай ёзади: “Кишига ёқадиган нарсалар ичида энг умумий бўлгани, дунёдаги хамма нарсадан кўпроқ ёқадигани-хаётдир; бундан хам энг ёқадигани–кишининг ўзи яхши кўрадиган хаётдир. Бинобарин «Энг гўзал нарса хаётдир».
       Афғонистон озодлиги учун курашган, ижодкор Махмуд Тарзий (1868-1935 й): “Гўзаллик- бу биз истиқомат қилаётган дунёдир, агар у хануз гўзал ва нафис бўлмаган экан, у холда дунёни шундай қилиш бизнинг мухим вазифамиздир. Дунёда энг гўзал нарса бу озодликдир. Уни қандай қилиб бўлса хам қўлга киритишимиз даркор” — деган эди .
         Чернишевский хам, Махмуд Тарзий хам гўзаллик сифатида ҳаётни айтишар экан, энг гўзал нарса бу озодлик эканини таъкидлашаяпди. Немис шоири, файласуфи Шиллер (1759 – 1805) хам “Гўзаллик инсон озодлигининг рамзи” деб бежизга айтмаган. Туркистон озодлиги учун курашган, советлар даврида катағонга учраб отиб ташланган шоир Чўлпоннинг “Бинафша” шеърини олайлик:
                               “Бинафша сенмисан, бинафша сенми,
                                 Кўчада ақчага сотилган?
                                 Бинафша менманми, бинафша менми,
                                 Севгингга қайғуга тутилган?”
            Бинафша – Дунёбозорида сотилган гўзал Туркистоннинг тимсоли.
Ватанпарвар шоир учун Туркистон энг олий гўзалликдир. Аммо, қурқув хукмронлик қилган тузумда факат хаёл гўзалдир:
                                 Хаёл, хаёл …. Ёлгиз хаёл гўзалдир,
                                 Хақиқатнинг кўзларидан қўрқаман….  
                     Демак қорни тўқ, усти бўт бўлиб эркин ва озод эмас экан киши, ўзини англаган инсонга асирликнинг бу  “жаннати” татимайди. Навоий бобомиз айтганидек:
                                Олтин қафас ичра гар қизил гул битса,
                                Булбулга тикондек ошиён бўлмас эмиш .
      Хулоса қилиб айтганда, Ватан энг олий қадрият экан, Мустакиллик олий гўзалликдир. Мамлакатимиз истиқлолга эришган бу кунда мана шу  гўзалликни асраб-авайлаб, тушуниб уни ҳис қилиб, янада бойитиш тафаккурини ёш авлодда шакллантириш  эстетик тарбиянинг вазифаларидан биридир.
 
 
                                                                            ТАТУ Қарши филиали “Гуманитар ва ижтимоий фанлар” кафедраси ассистенти
Тўлаев Ёрқин Қурбонович

0 изоҳ

Рўйхатдан ўтганлар ва тасдиқланганларгина изоҳ қолдиришлари мумкин.