топик, блог, фотосет ёки йўналтиргич яратиш

Чегара қўшинлари ҳарбий хизматчилари халқига ва Президентига содиқ туриб, Ватан олдидаги йигитлик бурчини шараф билан адо этишаётир

Vatanim
ВАТАН САРҲАДЛАРИ ҲИМОЯСИ ИШОНЧЛИ ҚЎЛЛАРДА
Ватан сарҳадларини туну кун сергаклик билан қўриқлаётган Ўзбекистон Республикаси МХХ Чегара қўшинлари ҳарбий хизматчилари халқига ва Президентига содиқ туриб, Ватан олдидаги йигитлик бурчини шараф билан адо этишаётир.

Давлат чегараларида муҳандислик иншоотлари ўрнатилиб, замонавий кузатув жиҳозлари билан таъминланмоқда. Чегараолди ҳудуди аҳоли пунктларида ҳушёрлик ва огоҳликни таъминлаш мақсадида жорий йилнинг ўтган даврида ички ишлар, ҳарбий прокуратура, ҳокимлик, қишлоқ ва маҳалла фуқаролар йиғини вакиллари билан ҳамкорликда 519 маротаба профилактик тадбир ўтказилди. Чегара масалаларини ҳал қилиш учун 69 маротаба доимий амалдаги штаб йиғилиши ўтказилиб, тааллуқли муаммолар ҳал қилинди. Чегараолди ҳудудларида яшовчи аҳоли ўртасида 1361 марта Ўзбекистон Республикасининг «Ўзбекистон Республикаси Давлат чегараси тўғрисида»ги қонуни талабларини етказиш бўйича тарғибот-ташвиқот тадбири ташкил этилди. Ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзолари ҳамда фарзандлари учун муносиб шароит яратиб бериш доимий эътибор марказимизда бўлди. Бу йилнинг ўзида 120 дан ортиқ хонадонга мўлжалланган турар-жой бинолари қуриб фойдаланишга топширилди.

– Янги уй замонавий қурилиш материалларидан бунёд этилгани ва ҳарбийлар оиласи учун барча шароитлар яратилгани билан бизга жуда манзур бўлди, – дейди офицер Сардорбек Хатамов. – Шаҳарчадаги болалар ўйингоҳи фарзандларимизнинг энг севимли масканларидан бирига айланди. Улар бўш вақтини қўни-қўшниларнинг ўғил-қизлари билан мазмунли ўтказаётганидан қувончимиз чексиз. Бу борада амалга оширилаётган барча ишлар мамлакатимизда тинчлик, осойишталик ва аҳолининг обод турмушини таъминлаш йўлида олиб борилаётган изчил саъй-ҳаракатлар самарасидир.

– Янги қурилган чегара постида барча шароит мавжуд, – дейди шартнома бўйича ҳарбий хизматчи, оддий аскар Жонбек Сапарбоев. – Кенг, шинам ижтимоий-маиший иншоотлар замонавий усулда жиҳозланган. Янги чегара пости ёнидаги минифутбол, волейбол майдонларида ҳарбийлар ва маҳалла ёшларининг спорт билан шуғулланишлари учун етарли қулайлик бор. Ҳарбий шаҳарчадаги турар-жойлар ва спорт майдони ҳам юксак дид билан барпо этилган.

Бундай эътибор биз, ҳарбийларни ёш чегарачиларга ўз билим ва тажрибамизни янада пухта ўргатиб, давлатимиз чегараларини мустаҳкамлаш йўлидаги хизматларимиз сифати ва самарадорлигини оширишга ундамоқда.

– Президентимиз томонидан ҳарбийлар оиласига кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрликлардан чексиз миннатдормиз, – дейди шартнома бўйича ҳарбий хизматчи, оддий аскар Жонбек Сапарбоевнинг турмуш ўртоғи Дилноза Саидова. – Бугун бизга барча замонавий шароитларга эга кенг, шинам хонадоннинг калити топширилди. Шаҳарчада фарзандларимиз учун ўйингоҳ ва болалар спорти иншооти ҳам барпо этилган. Бу шароитлар турмуш ўртоғимнинг хизмат бурчини оиладан кўнгли тўқ ва хотиржам бажариши учун янада кенгроқ имконият яратди.

Бундан ташқари, барча қулайликларга эга бўлган ҳарбий қисмлар ва чегара пости мажмуалари янги усулда қурилди, мавжудлари эса қайта таъмирланди. Шахсий таркибнинг жанговар шайлигини ошириш, моддий-техник базасини такомиллаштириш мақсадида чегара постлари замонавий қурол-яроғлар, ҳарбий техникалар ҳамда бошқа воситалар билан таъминланди. Дунёда ва қўшни мамлакатларда юз бераётган беқарор вазиятлар инобатга олинган ҳолда мунтазам равишда жанговар-тактик ўқув машғулотлари ўтказиб келинмоқда.

Амалга оширилаётган барча ишларнинг замирида мустақиллигимизни кўз қорачиғидек асраш, уни турли хавф-хатарлардан ҳимоя қилиш туради.

Подполковник Раззоқ ШАЙМАРДОНОВ

0 изоҳ

Рўйхатдан ўтганлар ва тасдиқланганларгина изоҳ қолдиришлари мумкин.