топик, блог, фотосет ёки йўналтиргич яратиш

Даврон сурайлик

TATU Samarqand filiali
Илм-фан
           ДАВРОН СУРАЙЛИК
Ғафлат домига илиниб юрибман-да дайр аро,
Кунларим осмонида абр бўлибди мотамсаро.
Оқ нарсани юмуқ кўз-ла дебман-ку мен қоп-қаро,
Бечора кўнгилда не айб, бўлибди ул ҳам яро.
 
Қўрқувларнинг минг турига ясабман-ку дилда жой,
Чор тараф зулмат кўрибман, бўлса-да теграмда ой,
Ҳар тўсиқни кўрганимда, ахтарибман ўқу ёй,
Энди билсам, ул тўсиқлар қанчалик оқликка бой.
 
Бул ҳаётда оқу қора юраркан-да ёнма-ён,
Ҳар нарсада жуфтлик кўргунг, қарамагин сен қаён,
Кеча ортидан кундузнинг келиши, албат, аён,
Яхшининг қадрига етмоқ ёмонсиз бўлмас осон.
 
Қўрқувларим, энди сизни бўш қўйдим, кетингизлар,
Узоқ ушлаб турганим-чун мени авф этингизлар,
Сиз ҳам менга посбон бўлмоқ ниятда эдингизлар,
Энди бу дил зулмат кўрса, ёруғлик изин излар.
 
Қандай дарслар кўрмоқлиғи эрурдир руҳга аён,
Устозларни қидирар ул, ошиқар олдга томон,
Яхшиликни кўрмаганга рўбарў бўлар ёмон,
Ул ёмондан мурод эса, яхшиликдир бегумон.
 
Жисмим, сен ҳам мени авф эт, кўнглим, сен ҳам кечиргин,
Энди сизга фақат шодлик шаробини ичиргум,
Тўсиқларнинг сойларидан опичлабон кечиргум,
Руҳ тилини тушундим мен, уни баланд учиргум.
 
Соя тушса қаён, шаксиз, сабаби нурдан бўлар,
Ўшал нурни кўролганнинг, албатта, бахти кулар,
Атиргулда ким гўзаллик, ким эса тикан кўрар,
Умр боғи яшнагайдир, ёинки, эвоҳ, сўлар.
 
Кўзлар очилганин, келинг, яйраб байрам қилайлик,
Байрамлардан байрамларга омонликда келайлик,
Муборак бизга озодлик, у-ла обод бўлайлик,
Жисм, руҳ, кўнгил – барчамиз эркин даврон сурайлик.

0 изоҳ

Рўйхатдан ўтганлар ва тасдиқланганларгина изоҳ қолдиришлари мумкин.