топик, блог, фотосет ёки йўналтиргич яратиш

СЎФИ ОЛЛОЁРНИНГ МАЪНАВИЙ-АХЛОҚИЙ ҚАРАШЛАРИ

Samarqand iqtisodiyot va servis instituti
Илм-фан




Ўзбек адабиётининг забардаст сиймоларидан бири, зуллисонайн шоир, фиқиҳ, нақшбандия тариқатининг йирик намоёндаси Сўфи Оллоёрнинг туғилган йили ҳақида турли фикрлар билдирилган. Илмий тадқиқотлар ва тазкираларда қайд этилишича, “Сўфи Оллоёр тахминан 1630 — 1650 йиллар орасида Самарқанддаги Каттақўрғон беклигига қарашли Минглар қишлоғида Аллоҳқули ( Темирёр ) хонадонида туғилган.Умрининг охирида Сурхандарё вилоятининг Денов қишлоғида яшаган бўлиб, тахминан 1721 йилда вафот этган ва ўша ерда дафн этилган”.[1]
Демак, Сўфи Оллоёр XVII асрнинг иккинчи ярми ва XVIII асрнинг бошларида яшаб, ижод этган. Шунингдек, у кишининг айнан шу даврларда яшаб ўтган оташнафас, мажзуб шоир Бобораҳим Машраб ( 1650 — 1711 ) билан мулоқот қилганлиги ҳам манбаларда келтирилган.[2]
У, дастлаб Самарқандда ўз қишлоғида бошланғич таълим олади, сўнгра 10 ёшларида Бухорога бориб, у ерда 15 йил давомида турли илмларни ҳамда касбларни ўрганади. 25 ёшда Бухоронинг божхонасига амалдор этиб тайинланади.
Лекин кўп ўтмай, Оллоёр   шайх Ҳабибуллоҳга эътиқод қилиб, уларнинг илм ҳалқаларига қабул қилинадилар. Шайх Ҳабибуллоҳ мадрасасида Оллоёр   12 йил ўқиб, етук олим ва авлиё даражасига етади.
Манбаларда таъкидланишича, Сўфи Оллоёр «Маслак ул – муттақин»,  «Мурод ул – орифин», « Сабот ул – ожизин», «Махзан ул – мутиъийн» каби асарларни ёзган. Баъзи олимлар «Нажотут – толибин» ва «Фавзун – нажот» китобларини ҳам Сўфий Оллоҳёрга нисбат берадилар.
Сўфи Оллоёрадабий мероси ўзбек мумтоз адабиёти, тасаввуф ва ўзбек маърифатчилиги тарихида алоҳида аҳамиятга эга, унинг миллий маданиятимиз тарихидаги хизмати шубҳасиз буюкдир.  Агар Хожа Аҳрор Валий, Маҳдуми Аъзам каби алломалар Сўфия тариқати таълимотларини ижтимоий ҳаётга татбиқ этишда намуна кўрсатган бўлсалар, Сўфи Оллоёр бу тариқатни миллий мадрасаларнинг таълим тизимига олиб кирди. Ўз ижодида комил инсонни тарбиялашни бош мақсад қилиб олди. У ўзининг ана шу хизмати билан замонасининг етук муаллими ва мураббийига айланди.
Сўфи Оллоёрнинг адабий мероси кенг қамровли, алоҳида, мустақил бўлган тўрт асардан иборат бўлиб, уларнинг ичида айниқса, икки  «Маслак ул   муттақин» ва «Сабот ул ожизин» асарлари Чин (Хитой)дан Шом (Сурия)гача, Оқ Эдил (Волга) бўйларидан Ҳинд сарҳадигача бўлган минтақаларда яшовчи халқларнинг эътиқод қомусига, маънавий – маърифий  қўлланмасига айланди. Шоир бу асарлари орқали ўша ердаги халқларни бир исломий ахлоқий, фалсафий эстетик, мафкуравий ялов остида  бирлаштирди. Бу эса ҳар қандай ижтимоий иқтисодий давр ҳамда сиёсий муҳитларда унча мунча муттафаккир ижодкор қўлидан келаверадиган иш эмас эди. Сўфи Оллоёрга хос ижодий юксакликнинг боиси ана шундадир. Негаки, унинг бу саъй ҳаракати туфайли кураи заминнинг турли минтақаларида яшовчи халқлар бир бирлари билан яқинлашдилар, бир-бирларининг маърифатларидан хабардор бўлдилар.
Сўфи Оллоёр шеърияти унинг ҳаёт йўли ҳақида маълумот берувчи асосий манба ҳисобланади.
Сўфи Оллоёр «Сирож ул ожизин», «Сабот ул ожизин», «Мурод ул орифин», «Махзан ул муштайин», «Нажот ул толибин» каби асарларни яратди. «Сўфи Оллоёр » номи билан халқ орасида машҳур бўлган «Сабот ул ожизин» деган асар мактабларда болалар савод чиқариши биланоқ ўқитилар эди. Унда ислом динининг асосий қоидалари, ақидалари баён этилганди. Улар инсоний фазилатлар, бадиий ҳикматлар, ҳамда ҳикоятлар тарзида ифодаланади. Китобда илгари сурилган масалалар ояту ҳадисларга мувофиқ ёзилганлиги намоён бўлади. Асар форс ва араб тилини билмаган оддий халқ учун мўлжалланган. Бу унинг муқаддимасидан ҳам кўриниб турибди. Унда «Аллоҳ таолони танимоқ баёнида», «Аллоҳ таоло маърифатининг баёни», «Аллоҳ таолонинг саккиз сифатининг баёни»дан сўнг иймоннинг, фаришталарнинг баёни, пайғамбарларга иймон келтириш баёнидан сўнг ислом динининг асосий қоидалари юксак ахлоқий талаблар, ҳикоятлар, ҳикматлар асосида баён этилиб берилади. Масалан, «Камтаринлик, ҳақида мавъиза», «Таъмадан тийилиш ҳақида», «Ёмонлар сухбатидин қочиб, яхшилар суҳбатинда бўлмоқнинг баёни», «Нафси шум баёнида», «Банда ахдида турмоғи баёнида», «Яхши ҳамроҳ баёнида», «Хиёнатдин йироқ бўлмоқ баёнида», «Жавонмардлик нишони» каби боблар бунга мисолдир.
Сўфи Оллоёрнинг “Сабот ул ожизин” маърифий тарбиявий  ва дидактик аҳамияга эга бўлган фалсафий педагогик асардир. Асарда комил инсонни тарбиялаш асосий мақсад қилиб олинган. «Сабот ул ожизин» ақоид мавзуида битилган. Бироқ унда панд насиҳатларга ҳам ўрин ажратилиши асарнинг ахлоқий тарбиявий йуналишини етакчи ўринга кўтарган. Китобда ҳамд санаътдан сунгра комил инсонни тарбиялаб етиштириш бош масала қилиб қуйилади. Ўзининг юксак эътиқод ғоялари билан йўғрилганлиги, чуқур фалсафий фикрларга бойлиги, тилининг равонлиги туфайли «Сабот ул ожизин» асари туркий халқлар ўртасида оммалашиб кетган. Бу асар Тошкент, Бухоро, Когон, Қозон ва Истамбулда 20 мартадан ортиқ нашр қилинганлиги, эски усул мактабларида «Суфи Аллоҳёр» номи билан "Ҳафтияк" ва «Чор китоб»дан кейин асосий дарслик сифатида уқитилганлиги ҳам фикримизга далил булади.
Лекин собиқ шўро даврида Сўфи Оллоёр  ижоди фақат адабиётчи мутахассисларнинггина тадқиқот объектига айланганлиги, унинг асарлари диний мистик адабиёт қаторига киритилганлиги афсусланарли ҳолдир. Олий ўқув юртларининг педагогика, психология, фалсафа фанлари ўқув дастурларида мазкур нодир ёдгорлик муносиб жой олмаган.
«Сабот ул ожизин» фалсафий ахлоқий асардир. Унинг «Дар баёни маърифат Аллоҳи таоло» бобида инсоннинг эътиқодли булиши, жамоат эътиқодини ҳурмат қилиши ҳақида:
Яқин билмак жамоат эътиқодин,
Кейин солмоқ мухолиф ижтиҳодин.
Ақида билмаган шайтони элдур,
Агар минг йил амал деб қилса елдур, – дейилади.
(Ақида — Аллоҳнинг борлигини ва бирлигини тан олмоқ, нораво — гуноҳ ишлардан қочмоқ, маърифатга интилмоқ). Дарҳақиқат, ўзлигини таниган инсонгина етук инсон бўлиши мумкин. Ўзликни таниш эса Аллоҳни танишдир. Бу ҳақиқатни ҳозирги кунда бутун дунё олимлари, фан тан олиб, эътироф этиб турибди. Асарда инсоннинг маънавий олами, руҳий олами мавзуларида ҳам фикр юритилган.
Уялма маърифатни урганурдин,
Танур жойинг булур, қолсанг танурдин, –
мисралари буюк маърифатпарвар шоир Ҳазрат Алишер Навоийнинг:
Билмаганин сураб ўрганган олим,
Орланиб сўрамаган ўзига золим,    
– деган фикрига ҳамоҳангдир.«Сабот ул ожизин»да шоир илгари сурган фикрлар бугунги қунимиз муаммоларига мос тушади. Чунончи, ҳозир ёш авлоднинг маънавий тарбияси, таълим тизимини такомиллаштириш, ёшларнинг сиёсий онгини ошириш, ахлоқимиз ва маданиятимизга оид бир қатор муаммоларни ҳал этиш педагогик жамоатчилик олдида турган ана шундай долзарб масалалардир. Бу борада «Сабот ул ожизин»га қайта қайта мурожаат эташга туғри келади.
Сўфи Оллоёр  «Сабот ул ожизин» асарини суфийлар учун панд насиҳат тариқасида ёзар экан, мурид ва муршид қандай сифат ва фазилатларга эга булишлари лозимлиги ҳақида фикр  юритади:
Керак муршид беган монанди уммон,
Муборак ботини пур дурри маржон...
Шоир-тарбиячини буюк денгизга қиёс этади, Унинг ботини эса зурру маржон, яъни ҳикмат, илм маърифатга тула. Тарбияланувчи муршид ҳақида:
Удур жоҳил билиб муршид ўзини;-
Қулоқға олмағай олим сўзини, –
каби кўплаб фикрларни учратиш мумкин.
Ёки:
Агар сиз топсангиз бир яхши шахсни
Хабардор айлангиз ман рўсияхни.
Қилай ман ҳам юзин кўзин зиёси,
Қадам туфроғини куз тўтиёси, –
каби байтларидан тарбиячи устознинг ўзи ҳам доимо илм излаши, кексаёки ёш бўлишига қарамасдан, бор илми билан қаноатланиб қолмай, янги янги илмларни ўзлаштириши лозим, дейилади.
Илм эгаллаш осон эмас. У қатьий ирода, жиддийлик ва сабот талаб қилади:
Риёзат мевасидур мисли ёнғоғ,
Агарчи зоҳири тош, ботини ёт.
Маишат аввали нарм, охири қаҳр,
Йилонни таши юмшогдир, ичи заҳр.
(Риёзат чекиб маърифатга интилиш охир оқибат яхши натижага олиб келади. Бекорчи маишатнинг эса охири – қаҳр).
Такаббурлик ёмон хислат эканлиги ҳақида фикр юритар экан, 'Такаббурлик оламининг баёни бобида шоир моҳирона образли тасвирлар, ўхшатишлар орқали талабалар ҳиссиётини бойитади, уни мевали дарахтдек серҳосил, инсонлар учун фойда келтирувчи бўлишга ундайди:
Тавозуълик бўлиб тутгил ўзинг кам
Шажарким бўлса мевалик бўлур ҳам.
Теракким ул кутарди юқори бош,
Самарсиз булди курдингму ани фош.
Сўфи Оллоёр  «Саботул ожизин»ни фақат суфийлар учун назарий қўлланма эмас, балки комил инсоннинг сифатлари ва фазилатлари ҳақидаги, яхшилик ва ёмонлик, савобу гуноҳ амаллар ёритилган китоб сифатида дунёга келтирди. Бинобарин, у инсоний феъл-атвор, илму амал ҳақида фикрлар баён этди. Ана шу нарса китобнинг ахлоқий-дидактик қийматини ошириб юборган ва талабаларга маълум маънода дастуриламал бўлиб хизмат қилишга замин яратган. Бу асар эллар аро ёйилиб, бутун туркий халқлар орасида нафақат адабий фалсафий, балки педагогик қўлланма сифатида ҳам шуҳрат қозонган.
«Сабот ул ожизин » асарида яна бир диққатга сазовор жиҳат бор.
Маълумки, пегогикада инсон шаклланишида уч омил етакчи: бу – ирсият, муҳит ва тарбия. Қайси жамиятда булмасин, ўтмишда ҳам, ҳозир ҳам кшшшинг насл-насабига катта эътибор берилади. Чунки кишидага қобилият, истеъдод наслдан наслга ўтиши мумкин, бу ҳаётда неча бор тасдиқланган. Бироқ давлат ва жамият ишлари ишониб топширилган киши ўзи ҳам қобилият, ирода, билим, маҳорат жиҳатидан бошқалардан устун булиши керак. Наслу насаби билан кибрланиб, ҳаволаниб кетган кишилар ҳақида :
Такаббур қилмагил, эй бомаъоний,
Фалоний уғлидурман деб фалоний,– дейилган.
Инсон отасининг мансабдорлиги ёки обруси билан фахрланиб, ўз умрини бекор ўтказиб юбормаслиги лозим. Умр охирида афсус чекмаслик учун елдек ўтаётган умрда илму ҳунар эгаллашга улгуриш кераклигани шоир қуйидагича баён этади :
Ишонма отаға, қолма талабдин,
Суралмасдур қиёматда насабдин.
Ҳасаб фавқи насабдур, эй наку ҳол,
Ипак тундин утар хуб ишлаган шол...
Ёки:
 
Агар соҳиб насаб туздур ишига,
На суздур икки хислатлик кишига, –
деб насабнинг ҳам киши камолотидаги аҳамиятини тан олса, муҳит кишини тарбиялаши ҳақида:
Олур суҳбатда бир-бирдин киши баҳр,
Агар куп чашма бир бўлса булур баҳр.
Жамоатдин ўзингни қилма мумтоз,
Чопар куп тупдин айрилғон қуша боз,
– дейди ва муршид, яъни тарбияланувчи бир пири комил топиб унга қул беришини, муҳаббатсиз кишидан эса "қуш бўлиб, кочишини" тилайди:
Кел, эй соҳиб, кузунг ибрат билан оч,
Муҳаббатсиз кишидан қуш бўлиб қоч.
Муҳаббатсиз киши деганда шоир Аллоҳга, маърифатга, илмга, умуман, покиза инсоний ҳаётга муҳаббатсиз жоҳил кимсани кўзда тутади.
Баркамол шахсни тарбиялаш ҳақида аллома жуда қимматли фикрларни баён этади. Талабаларга осон англашиладиган образлар, ўхшатишлар орқали тарбиянинг инсон ҳаётидаги аҳамиятини юқори ўринга қўяди.«Сабот ул ожизин» асарининг ҳозирги кунгача педагог психолог мутахассисларнинг назаридан четда қолиб келаётганлигига сабаб унинг диний ва тасаввуфий нуқтаи назарда ифодаланганлиги бўлса керак. Лекин синчиклаб ўрганилса, асарда талай педагогик қарашлар, тарбия усуллари, дидактик принциплар ёритилган. Жумладан, рағбатлантириш, огоҳлантириш танбеҳ бериш каби тарбия воситалари, жисмоний жазо қўллаш ҳақида аниқ фикрлар учрайди:
Тилинг захми билан қилғил жароҳат,
Уёлиб шояд этгай истибоҳат.
Агар тил захми анга қилмаса кор,
Қўлунгдан келса, ҳам зарб айла ночор.
Жамиятда, умуман, дунё миқёсида жиноятчиликнинг кескин ошибкетинишини олдини олиш, ёвуз ва турли ёд ғоялар таъсирига берилиб кетмаслик, турли хил оқимларга қўшилиб кетишини олдини олиш мақсадида ёшларни инсонпарварлик, миллий ғурур, миллий истиқлол ғояси асосида тарбиялашда, уларнинг онги ва шуурида  ватанпаврварлик ва ватанга бўлган меҳир – муҳабатини шакиллантиришда буюук алломаларимизнинг ўлмас маънавий – илмий меросини уларнинг руҳиятининг ажралмас бир қисми сифатида    шакиллатириш энг муҳим вазифалардан бири бўлиб ҳисобланади. Ўзвақтида ёшларга тўғри тарбия берилса, керак бўлгандауларда жавобгарлик ҳиссини ўйғотиш, рағбат туйғусини шакиллантириш оқилона қўлланилса, ҳар қандай ёт ғояларга қарши иммунитет шакилланади. Ҳазрат Алишер Навоий таъкидлагандек:
Гар кучук бирлан хўтикка қанча қилма  тарбият,
Ит бўлур, эшак бўлур асло бўлмас одамий, –
даражасидаги кишиларга жазонинг қўлланилишидан мақсад аллома шоир Сўфи Оллоёр  айтганидек:
Буларнинг барчаси меҳрибонлиғ,
Тараҳҳумдир анга, эрмас ёмонлиғ.
Асардаги «Чин эрнинг нишони», «Хиёнатдаги йироқ булмоқни баёни», «Банда аҳдда турмоқни баёни», "Ҳудрни неъматларига фикр айламоқни баёни", «Кўчни ҳиромдин юммоқни баёни», «Зоҳид сучук тиллик бўлмоқми басни», «Тамаъдин қочмоқни баёни», «Солиқ қазога рози, балога собир» бобларидан, ибратли ҳикоятлардан ёшлар тарбиясида нималарга эътибор беришимиз кераклигини уқиб ва ўқиб олишимиз мумкин.
Асарда панд насиҳатларга ҳам кенг ўрин ажратилиши, тасаввуфий қарашларнинг тарбиявий масалалар билан уйғунлашиб кетиши, унинг ахлоқий, тарбиявий йўналишини етакчи ўринга кўтарган.
«Сабот ул ожизин»нинг яратилишидан асосий мақсад комил инсонни тарбиялашдир.
Сўфи Оллоёрнинг қатьий ишончига кўра, инсон комилликка эришуви учун, аввало, эътиқодга эга бўлиши зарур. Эътиқодсиз кишининг умри умр эмас, бамисоли эсиб ўтган елдир:
Ақида билмаган шайтони элдур, 
Агар минг йил амал деб қилса элдур.
Шоирнинг дунёқарашига кўра ақида – ягона Тангри таолони тан олиш, нораво, яъни шариат ман этган ишлардан ўзини тиймоқ, Оллоҳнинг марҳаматига умид билан яшамоқ, ноумид бўлмаслик, жамоат эътиқодини ҳурмат қилмоқ, маърифатли бўлмоқдир.     
Сўфи Оллоёрнинг иймон ҳақидаги қарашлари ҳам эътиборга лойиқ. Унинг фикрича, иймон кам ҳам бўлмайди, кўп ҳам, у собит, яхлитдир:
Яқин билгилки иймон бўлмагай кам,
Эрур бирдек зиёда бўлмагай ҳам.
«Сабот ул ожизин»нинг баъзи қисмларида муршид ва муриднинг кимлиги, уларнинг ўзаро муносабати, қандай сифат ва фазилатларга эга бўлишлари ҳақида фикрлар баён этилади. Асарнинг «расмий» бобларида муршид ва муриднинг яхши-ёмон хислатлари хусусида мулоҳаза юритилса, маъвиза (ўгит, панд) қисмлари ҳамда бобларга илова йўсинида берилган ҳикоятларда жиддий ҳаётий, тарбиявий аҳамиятга эга бўлган ахлоқий фикрлар илгари сурилади. Ҳикоятларда баён қилинган мулоҳазалар ўзига хос кўргазмалилик вазифасини ўтайди. Масалан, шоир камтарлик ва ўз насли-насаби билан мақтаниш ҳақидаги маъвизадан сўнг қуйидаги ҳикоятни келтиради. У "Ҳикояти ҳужжож" деб номланган:
Мусулмонига бир кун айди Хужжож,
Дуои хайр учун бизга қўлунг оч.
Дуога қўл кўтарди ул неку хол,
Деди: ё Раб, бу золим жонини ол,
Деди: Хужжож ўшал марди худога,
Тилинг борди нечук мундоғ дуога?
Мазкур ҳикоятдан аввалги маъвиза эса шундай баён этилади:
Тирик юргунча золим ўлгани хўб,
Гинадин ҳар неча кам бўлгани хўб.
Кўриниб турибдики, шоир ҳикоят билан маъвиза сўнгидаги
фикрини янада кучайтиради, маъвизадаги хулосани ҳаётий бир
воқеа билан тасдиклайди.
«Сабот ул ожизин»да Сўфи Оллоёр бировга тарбия берувчи кишининг, аввало, ўзи қандай бўлиши керак, деган саволни қўйиб, бунга тарбияланган, камолга эришган бўлмоғи лозим деб жавоб берадики, бу педагогиканинг асосий шартларидан биридир.
Шоир тарбиячини ичи дурру маржонларга тўла денгизга қиёс этади. Унинг вазифаси кишиларни ўзидаги илм жавҳари билан сероб қилишдан иборатдир. У яна бир ўринда тарбиячини шоҳга ўхшатиб шундай дейди:
Агар сиз топсангиз бир яхши шахни,
Хабардор айлангиз ман рўсияҳни.
Шоир бу мисраларда шоҳ сўзини икки маънода қўллаган: яхши шоҳ, эл юртни обод қилади. У халқнинг тарбиячисидир. Шунингдек, яхши тарбиячи ҳам яхши шоҳ каби юзи қораларнинг дилини поклайди.
Шундай қилиб, Буюк саҳоба Али бин Абу Толиб «Ислом мактабининг бағрида инсон нафсини поклашга, тарбиялашга эришилади», дейди. Зеро, одамни ёмон йўлларга киришига, кўпинча унинг нафси сабаб бўлади. Сўфи Оллоёрнинг «Сабот ул ожизин» асаридан кўзда тутган бош мақсади ҳам шу нафсни поклаш йўли билан ахлоқ тарбияси, комил инсонни вояга етказишдан иборатдир.


Абдивоҳидов Сунатилло Абдинабиевич

0 изоҳ

Рўйхатдан ўтганлар ва тасдиқланганларгина изоҳ қолдиришлари мумкин.