топик, блог, фотосет ёки йўналтиргич яратиш

Демократик жамият қуриш жараёнида миллий - маънавий қадриятларнинг роли.

Samarqand iqtisodiyot va servis instituti
Илм-фан
Истиқлолнинг 26  йилини қарши олаяпмиз. Бундай сарҳисоб қилганда, жонажон Ўзбекистонимиз бу қисқа тарихий давр ичида улкан ютуқларни қўлга киритганига гувоҳ бўламиз.
            Биринчи Президентимиз Ислом Каримов раҳбарлиги остида халқимиз истибдодга асосланган тоталитар тузим исканжасидан қутулди, эркин демократик жамият қуриш сари дадил олдинга интилмоқда. Демократия нима, фуқаролик жамияти қанақа жамият эканини билиб, инсон ҳуқуқлари ҳимояси қандай амалга оширилаётгани, қонун устворлиги тамойили тобора ҳаётимизга кириб келаётганини ҳис қилиб турибмиз.
            Аммо шуниси борки, истиқлолнинг дастлабки кунларидан бошлаб И.Kаримов миллий-маънавий тикланишга катта аҳмият берди.  Зеро, “маънавий ўнгланишни aмалга оширмасдан иқтисодий ўнгланиш мумкин эмас”, чуки “маънавият халқни халқ, миллатни миллат қиладиган куч-қудратдир” (И.Каримов). Биринчи Президентимизнинг талай нутқлари, шунингдек, “Истиқолол ва маънавият”, “Ўзбекистон XI аср бўсағасида: хавфсизликка таҳдид, барқарорлик шартлари ва тараққиёт кафолатлари”, “Биздан озод ва обод ватан қолсин”, “Юксак маънавият-енгилмас куч”, номли китобларида маънавият масалалари кенг тушунтирилиб берилди.
            Маънавият халқнинг қалби ва руҳи, унинг яратувчанлик, ижодкорлик истеъдоди нишонаси, унинг фазилатлари, борлиғини белгилайдиган шаҳодатномасидир.
            Модомики, демократия инсон курашиб қўлга киритган энг одил ва мақбул жамият тури экан, демак унда маънавий баркамоллик ҳам юқори бўлиши керак. Бошқача қилиб айтганда, маънавий баркамол инсонларгина биргаликда эркин, демократик жамият қура олади.
            Бу ҳақиқатни шарқнинг улуғ файласуфи Абу Наср Форобий Х асрда аниқ исботлаб берган эди. Унинг “Фозил кишилар шаҳри” аслини олганда айни шу масалага бағишланган, улуғ олим шуни таъкидлайдики, жамиятни ташкил этувчи инсонлар қанчалик фозил, ахлоқли бўлсалар, иймон-эътиқодлари мустаҳкам бўлса, жамият ҳам шунча мустаҳкам бўлади, бошқариш осонлашади, ҳокимият тепасига тасодифий одамлар чиқмайди.
            Демократия туб маъноси билан эркин фуқаролик жамиятдир. Инсон қонунда белгиланган ҳуқуқ ва имкониятлардан бемалол фойдалана олади, ўз ҳаётини яхшилаш, эҳтиёжларини қондириш учун фаолият кўрсатади, ўз камолоти, фарзандлари камолоти учун нимаики зарур бўлса, қила олиш ҳуқуқига эга бўлади.
            Бироқ демократия ҳам бир қандай бошқа жамият тури каби ҳокимият бошқарувини, тартиб-интизомни, ижтимоий барқарорликни сақлашни тақазо этади. Яъни бу жамиятда ҳам итоат эттириш бор. Бусиз бўлиши мумкин эмас. Яъни Қонунга ва кўпчилик иродаси билан сайланган ҳукуматга итоат этиш. Шундай қилиб, ҳокимият миллий ирода ифодачисига айланади. Ва миллат, халқ қанчалик маърифатли, маданиятли бўлса, бу ирода шунчалик ҳаётбахш, самарали бўлиши мумкин.
            Хуллас, миллатнинг маънавий камолоти демократик жамият қуриш учун бош омилдир.
            Буни қайд этаётганимизнинг боиси шуки, қадимий бой маданиятга эга ўзбек халқи демократик жамият қурар экан, айни вақтда ана шу шарқона анъаналар, маънавий сарчашмаларга таянади ва ундан озиқланади. Шарқ донишмадлиги, ислом таълимоти Ўзбекистонда қурилаётган демократик жамиятнинг биринчи негизидир.
            Аммо агар биз фақат ўз анаъаналаримизга таяниб, дунё тўплаган тажрибага беписанд қарасак, мақсадга эриша олмаймиз.
            Биз шарқона миллий анъаналарни умумбашарий демократик ғоялар билан уйғунлаштириб бормоқдамиз. Шундай қилиб, умумбашарий ғоялар, қадриятлар-демократик жамият қуришнинг иккинчи негизидир.
            Аслини олганда, умуминсоний тафаккурнинг энг яхши жиҳатларини ижодий ўзлаштириб, давом эттириш ҳам қадимий анъаналаримиздир. VIII-XII асрларда шаклланган мусулмон Ренессанси XV- асрдаги маданий кўтарилиш, 20 аср бошидаги миллий ўйғониш дунёга очиқ кўз билан қараб, илғор фикрлардан таъсирланиш оқибатида юз берган ривожланиш эди.
            Бироқ ҳозирги миллий ўйғониш ва янги жамият қуришнинг ўз хусусиятлари бор. Бунда тафаккурдаги эврилиш оғирроқ кечмоқда. Шўро мафкурасининг мунофиқона сиёсати, ёлғон ғояларини одамлар қалбидан сиқиб чиқариш, ҳаётни тўла маънода ислоҳ этиш жоиз бўлмоқда. Бунда мустақилликни ва шу билан бирга, бозор иқтисодиётига ўтиш, “Обод ва озод ватан” бунёд этиш вазифаси қўйилмоқда. Ана шу маънода янги, демократик жамият қуришнинг учинчи негизи (шарти)-ватанпарварлик ва фидоийликдир.
            Миллий анъаналарга содиқлик, яъни ўзликни англаш ҳимояси ҳам, уни умумбашарий қадриятлар билан уйғунлаштириш ғояси ҳам ватанпарвалик туйғусини мустаҳкамлаши, кучайтириши лозим. Эркин шахс-ватан ишқида ёнган, “юртим деб, элим деб ёнаётган” одамдир. Бизнинг эркимиз Ватан озодлиги билан чамбарчас боғлиқ. Ўзбекистон қанчалик фаровон, қудратли бўлса, унинг ҳар бир фуқароси ҳам шунчалик эркин ва қудратли бўлади, имкониятлари кўпаяди.
            Демократик жамиятда, шундай қилиб, эркинликнинг жуда катта маъсулияти бор. Инсонлар ҳамма вақт: а) ўзи олдида; б) ўзгалар олдида (оила, маҳалла, жамоа); в) Ватан олдида маъсулдир. Агар киши ана шу маъсулликни ҳис этмаса маънавий етук бўла олмайди.
            Маънавияти бой одам ўз халқини севиш билан бирга ўзга халқларни ҳурмат қилади, барча маданиятлар, илмий-маърифий ютуқларни ўзлаштириб олади. Маънавиятли одам учун қонун катта суянч ва ёрдамчи. Бунинг акси ўлароқ қинғирликка ўрганган, маънавий қашшоқ киши учун қонун душман, катта тўсиқ.
            Демократик жамият-ошкоралик жамияти, демак, фикрлар хилма-хиллиги ҳукмрон бўладиган соғлом мухит. Бунда юксак маънавият эгалари асосий мавқени эгаллайдилар, чунки омманинг тафаккури баланд бўлмаса, ким ҳақ ким ноҳақлигини ажратиш, ростни ёлғондан фарқлаш қийин бўлади. Халқимиз буни айни ҳозирги кунларда ўз бошидан ўтказиб, ишонч ҳосил қилмоқда.
            Яна шуни ҳам эсдан чиқармайликки, маънавият кенг маънода миллий мафкура учун асосдир. Маънавият маърифат, мафкура каби тушунчалардан кенгроқ маънога эга. Миллий маънавият худди тил каби  халқни бирлаштириш ва хусусиятига эга.
            И.Каримов шу маънода таъкидлаган эди “Ҳақиқатан ҳам демократия фақат назарий ва сиёсий жараёнгина бўлиб қолмай, шу билан бирга халқнинг турмуш тарзи ва унинг бутун руҳияти, анъаналари, маданияти, психологиясининг хусусияти ҳамдир” (Ўзбекистон  XXI аср бўсағасида: хавфсизликка таҳдид, барқарорлик шартлари ва тараққиёт кафолатлари”, “Ўзбекистон”, нашри, 1997, 185-бет.
            Ана шу маънода Ислом Каримов демократияни “Юқоридан тушуниш”, “зўрлаб тиқиштириш”ни эмас, балки аввало халқни унга тайёрлаш, халқнинг ўзидаги демократик қадриятларни тиклашни вазифа қилиб қўйди ва мунтазам равишда буни амалга ошириб келди. Бугун халқимиз 26 йил олдинги халқ эмас, бугун у ўзини таниган, ўз ҳақ-ҳуқуқини таниган халқ бўлиб шакланмоқда.
            Бунга миллий-маънавий қадриятларни тиклаш сари олиб борилган ишлар жуда катта самара берди.
             Тарихимизни ҳаққоний равишда қайта тиклаш, миллий ўзликни англаш, миллий ҳамжиҳатликни таъминлаш, маънавий қадриятларни тиклаш борсида кўп ишлар амалга ошрилди. Улуғ аждодларимизнинг номи оқланди, улар меъросни ўрганиш кенг йўлга қўйилди, тилимиз, динимиз ўз мақомига эга бўлди.
            Шу заминда миллий ифтихор, ватани аждодлари билан халқлари билан бирга бардам қадам ташламоқда
            Халқимизнинг руҳияти бутун борлиғи билан қайта тикланди дейиш мумкин.
Буларнинг ҳаммаси бизнинг ўзимизни ўзгартириб, фикрларимизни тозалашдан ташқари, жаҳон аҳлининг бизга муносабатини ўзгартирди. Чунки ўзини ҳурмат қилган миллатгина бошқа миллатларни ҳурмат қилади.
            Бироқ миллий-маънавий тикланиш ўзгалардан афзаликка даъво қилиш, бошқаларни камситишга сабаб бўлмаслиги керак.
            Ўзбекистон кўп милатли ва кўп конфессияли давлат. Биз барча миллатлар ва дин вакиллари билан баҳамжиҳат ва ҳамкорликда бир маконда яшашга ўрганишимиз, сабру тоқатли халқ эканлигимизни намоён этишимиз лозим. Шу маънода диний ва миллий бағрикенглик бизнинг давлатимиз сиёсатининг муҳим қирраси бўлиб турибди. Бу барқарорлик ва тараққиётимиз омили ҳам.
            Бироқ шуни  айтиш керакки, бозор иқтисодиётига ўтиш маънавият соҳасида ҳам бир мунча мушкулликларни туғдирмоқда. Бу табиий. Зеро, жамиятнинг бош ўзак масаласи-бу мулкчиликдир. Хусусий мулк тиклангач, у билан боғлиқ тушунчалар (фойда, манфаат) ҳам тикланади. Рақобат бошланади. Рақобат бир томондан, ақлни эплайди, шахсий ташаббус, тадбирликни рағбатлантиради, мен кимдан кам, деган савол ҳаракат мақсадига айланади. Натижада шафқат, андиша ва ҳоказо тушунчаларнинг маъноси ўзгаради. Рақобат шафқатни билмайди. Иккинчи томондан, айнан рақобат адолатнинг мезони бўлади- соғлом рақобатда 1. тараққиёт юз беради; 2. инсонлар ўз кучига ишонадиган бўладилар; 3. истеъмолчи ютади.
            Ана шундай шароитда маънавий-ахлоқий тарбия биринчи даражали аҳамият касб этади.
            Бунда маънавий қадриятлар, чунончи адабиёт ва санъат асарларининг роли ортади, диннинг тарбиявий кучидан фойдаланиш керак бўлади. Умуман аждодларимизнинг тарбия соҳасидаги тажрибаларидан кенг фойдаланиш наф беради.
            Ана шундай долзарб масалалар, яна бир бор И. А. Каримовнинг “Бизнинг бош мақсадимиз-жамиятни демократлаштириш ва янгилаш, мамлакатни модернизация ва ислоҳ этишдир” “Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси” асарларида ўз аксини топган.
            Демократия — маънавий тараққиёт меваси, шундай экан, бу икки тушунча ҳамма вақт бир-бирини қўллайверади. Шу каби демократик давлатнинг суянчиғи ҳам маънавиятдир.
                                                                                        CамИСИ ўқитувчиси
                                                                                         А.Алимов

0 изоҳ

Рўйхатдан ўтганлар ва тасдиқланганларгина изоҳ қолдиришлари мумкин.