топик, блог, фотосет ёки йўналтиргич яратиш

МУСТАҚИЛЛИК ДАВРИДА БОБУРШУНОСЛИК

Самарқанд давлат чет тиллар институти жамоавий блоги
МУСТАҚИЛЛИК ДАВРИДА БОБУРШУНОСЛИК
 
Бобур ўзбек зиёлилари тарихидаги дилбар ва мумтоз, такрорланмас ва серқирра, шоҳ ва шоир, ватандан йироқда яшаган энг ватанпарвар ва энг мураккаб тақдир соҳиби бўлган буюк шахсдир. Қисқа умрда, умрбоқий меъмуар асарлар, нодир девонлар тартиб берди, умрбоқий жанг санъати ибрат мактабига асос солди.
Унинг ҳарб илмидаги тажрибалари Александр Македонский, Юлий Цезарь, Наполеон, Амир Темур каби жаҳонга таниқли буюк сиймоларнинг ютуқлари қаторига қўйиб ўрганилади.
Мусофир жаҳонгашта Бобур Мирзо йигирма беш ёшида Афғонистон, Покистон, Ҳиндистон, Бангладеш сингари мамлакатларни забт этиб, Бобурийлар салтанатига асос солди.Уч юз йилдан ортиқ, бу салтанат эзгулик маёғини баланд кўтариб турди. Бобурнинг ҳаёти ва ижоди яшаб турган давридаёқ ўрганила бошлаган. Сўнгги икки аср давомида жаҳон миқёсида кенг ўрганилди, “Бобурнома” асари дунёнинг кўплаб тилларига таржима қилиниб, қайта-қайта нашр қилинди. Бобурнинг она юрти Ўзбекистонда эса, бобуршунослик алоҳида йўналиш сифатида чуқур ўрганилди, ўнлаб диссертациялар ҳимоя қилинди. Аммо, мустақилликка эришганимиздан сўнг бобуршуносликка чуқур эътибор берила бошланди. Бобурсеварлар бобуршуносликка янгича йўналиш жиҳатидан ёндаша бошлади. Бобурпарварларнинг машаққатли меҳнатлари туфайли мустақиллик даврида, туғилиб ўсган она шаҳри Боғишамолда Бобур боғи ташкил қилинди, Бобур Мирзонинг мемориал ёдгорлик мажмуи қурилди, Бобур номидаги Халқаро жамғарма тузилди, Халқаро илмий экспедиция ташкил қилинди.
Бугунги кунда ҳам Ҳиндистонда бобурийлар авлоди яшаётганлиги ҳақида Бобур номидаги Халқаро илмий экспедицияси аъзоси, ёзувчи Хайриддин Султонов “Бобурийнома” номли маърифий романида (1997 йил) маълумот берди.
Деҳлида яшаётган Бобурийлар авлоди Қамаржаҳон Зебуннисо Бегим, Қамаржаҳон Зебуннисо Бегимнинг қизи Покиза Султон Бегим ва Зиёвиддин Тусий ханодонида бўлди. Эсдалик учун тушган расмларни кенг жамоатчиликка эълон қилди. Шу ўринда Бобур номидаги Халқаро жамғарма аъзолари, қолаверса, Халқаро илмий экспедицияси аъзоларини, Андижоннинг фидойи инсонлари номини эслашни лозим топдим. Зокиржон Машрабов, Бобур номидаги Халқаро жамғарма президенти, экспедиция раҳбари, Хайриддин Султонов, ёзувчи, Президентнинг давлат масалаҳатчиси. Абдуғани ҳожи Ҳамидов, “Эл” халқаро жамиятининг Андижон бўлими раиси. Собиржон Шокаримов, журналист. Сайфиддин Турсунов, экспедиция врачи, профессор. Рустам Шамсиддинов, тарихчи, профессор. Шуҳрат Мадазимов, экспедиция ҳомийси, завод директори.Орифжон Ураимов, фирма раҳбари. Маҳмуд Раҳимов, таржимон, АнДТИ проректори. Муҳаммадсодиқ Қосимов таржимон, қори. Фарруҳ Расулов, журналист, Ўзбекистон телевиденияси Андижон вилоят мухбири. Аҳмаджон Исмоилов, ҳофиз. Баҳром ака ва Рустамжон акалар ҳайдовчилар. Шу фидоий инсонлар ташкил қилган экспедиция туфайли Бобуршуносликда янгича қарашлар пайдо бўлди. Бу фидоий инсонлар олтмиш кун Бобур Мирзо юрган ўн саккиз минг километр йўл юриб, мусофирчилик азобини тортиб, хайрли ишларни амалга оширдилар. Андижонга Бобур Мирзонинг қабридан тупроқ келтириб, рамзий қабри ташкил қилинди.
Сарҳисоб қилиб чиқсак, қисқа 47 йил умри давомида, 47 тадан кўпроқ шаҳарларни босиб олган. Тахтга ўтиргандан сўнг, бир шаҳарда икки марта муборак таваллуд кунини нишонлаш насиб этмаган. Андижон, Тошкент, Аҳси, Ҳавос, Жиззах, Бухора, Кармана, Зомин, Самарқанд, Қарши, Хисор, Кеш, Термиз, Шибирғон, Ҳирий, Бомиён, Гулбаҳор, Истолиф, Ғазна, Қобул, Пешавар, Сиёлкат, Қандаҳор, Лаҳур, Сирҳинд, Дибалпур, Биёна, Алвар, Панипат, Деҳли, Жайнур, Сигири, Агра, Кануж, Лакҳнав, Чандери, Банорас, Самбал, Сару, Чунар, Сикандарпур, Жимпур, Патна ва Беҳра каби шаҳарларни забт этди, боғлари-ю тоғларида отда қилич билан жанг қилди, чўлларини кезди, дарёларини кечди. Таҳликали умргузаронлик қилди.
Сирдош деб билган энг яқин одамлари, унга хиёнат қилди. Кимга яхшилик қилса, ёмонлиғ топди. Инсон зотига бўлган ишонч йўқолди. Шу сабаб:
Ким кўрибтур, эй кўнгул, аҳли жаҳондин яхшилиқ?
Кимки ондин яхши йўқ, кўз тутма ондин яхшилиқ...
— деб нола чекади. Инсониятни хушёрликка даъват этади.
Фард жанрида битилган қуйидаги гўзал ва бетакрор мисралар билан ўқувчилар қалбидан мустаҳкам ўрин эгаллайди.
Истарам етсам қуюндек гулъузорим қошиға,
Оллида туфроғ бўлуб, эврулсам онинг бошиға!
Элга шоҳ бўлса ҳам, ёр олдида қул каби тупроқ қадар бош эгишга тайёр эканлигини фахр билан тилга олади. Ёрга (висолга) қуюн тезлигида интилиш, унга бош эгиш унитилмас оний завқ туйғусига ошно қилишни олий бахт деб билади. Бундай мисралар билан ўқувчилар қалбига энг нозик туйғуларни олиб киради.
Ҳар кимки вафо қилса вафо топгусидур,
Ҳар кимки жафо қилса жафо топгусидур,
Яҳши киши ёмонлиғ кўрмагай ҳаргиз,
Ҳа кимки ёмон бўлса жазо топгусидур!
Деб ёзиб инсонларни олижаноб туйғу саналган, вафо қилишга даъват этади.Унинг акси ўлароқ жафокашлик қилиш, жафо билан жазоланишини муқаррар айтади. Яхши киши ёмонлик кўрмаслигини истайди. Ёмон киши эса албатта жазоланишини таъкидлайди.
Тақдир юки бошимга балолиғ бўлди,
Ҳар неники айладим ҳатолиғ бўлди,
Оз юртни қўйиб Ҳинд сори юзландим,
Ё Раб нетайин, бу не юз қаролиғ бўлди.
Заҳириддин Муҳаммад Бобур, ўз тахаллусига монанд жасур, шеърюрак, мард, инсоният тарихининг дилбар шахсидир. “Тақдир юки бошимга балолиғ бўлди”,- деб ёзиб, тақдири нақадар мураккаб эканлигини эътироф этади. Бу мураккаб тақдир тақозаси билан, ўз юрти Андижонни қўйиб Ҳинд сори юзланганлигини таъкидлайди, бир лаҳза бўлса ҳам ватан соғинчи тинчлик бермайди. Энг катта орзуси Андижонга қайтиб келиш эканлигини айтади.
Мамлакатимиз биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримов 1994 йил, 4 октябрь куни Андижонга қилган сафари чоғида Бобур Мирзонинг мемориал ёдгорлик мажмуини зиёрат қилиб, хотира дафтарига қуйидаги сўзларни ёзиб қолдирган: “Бобомиз Заҳириддин Муҳаммад Бобур номи билан ҳар қанча фаҳрлансак арзийди. Ўзбек ҳалқининг довруғини дунёга таратган улуғ аждодларимиздан бири ўлароқ, ул зот бизни тарихимизни қадрлашга, келажакка буюк ишонч билан қарашга ўргатади.
Бобур Мирзо номи билан аталмиш Миллий боғнинг, шоир рамзий мақбараси ҳамда “Бобур ва жаҳон маданияти” музейининг барпо этилиши-халқимиз тарихидан янги, озодлик замонига қадам қўйганидан яхши бир муждадир.
Заҳириддин Муҳаммад Бобур каби мумтоз инсонларни дунёга берган халқ ҳеч қачон хор бўлмайди, муқаррар тарзда саодатга эришади.
Қадимий Андижон аҳлининг бу каби савобли ишлари кўпайсин ва бошқа ватандошларимизга ибрат бўлсин.
Бобур Мирзо бобомизнинг сиймосини абадийлаштиришга қўл урган инсонларга самимий миннатдорчилигимни билдираман.”
Мамлакатимизнинг биринчи, азиз, Президенти қаламига мансуб бу сўзлар хотира дафтари зарварақларини безаб туриш билан бирга Бобуршуносларга куч ва илҳом бериб турибди.
Жондин сени кўп севармен, эй умри азиз,
Сондин сени кўп севармен, эй умри азиз,
Ҳар неники севмак андин ортиқ бўлмаз,
Андин сени кўп севармен, эй умри азиз.
Ўзи азиз бўлган инсон бошқаларни ҳам азизлайди. Шахсан менга Ҳазрат Навоий ва Заҳириддин Муҳаммад Бобурдан сабоқ берган, аллома, донишманд устозим, академик Ботирхон Валихўжаев таъбири билан айтганда, азизланаётган одам азиз эмас, азизлаётган одам азиздир. Дарҳақиқат, севимли ёрга:“Жондин сени кўп севармен, эй умри азиз”-деб мурожаат қилиш билан бирга, ўзининг ҳам азизлардан азизроқ эканлигини исбот этади. Бир инсонни қанча севиш керак бўлса, ўшандан ҳам кўпроқ сева олишини эътироф этади. Ҳаммамизга ёд бўлиб кетган бу рубоий, АБАДИЁТГА даҳлдор мана шундай умрбоқий мисралардан ташкил топганлиги билан ҳам, эътиборга моликдир.
 
Абдурайим Туробов, СамДЧТИ доценти.
 
 

0 изоҳ

Рўйхатдан ўтганлар ва тасдиқланганларгина изоҳ қолдиришлари мумкин.