топик, блог, фотосет ёки йўналтиргич яратиш

КИЙИНИШ МАДАНИЯТИ”МИ ЁКИ КИЙИНИШ АҲЛОҚИМИ?

Самарқанд давлат чет тиллар институти жамоавий блоги
 
“КИЙИНИШ МАДАНИЯТИ”МИ  ЁКИ  КИЙИНИШ АҲЛОҚИМИ?
(маънавий-психологик таҳлил тажрибаси)
«Паранжингни олишди, лекин,  Андишангни олгани йўқ-ку», деб ёзганди қайсидир таниқли шоир.
Шоир қанчалик ҳақ ва бу тўғрида баҳс ножоиз.
Кийиниш одоби маънавиятнинг бир кўриниши, деб ёзади бир газета. Очиғи, баҳсталаб фикр. Албатта, керакли жойда, керакли кийимда юриш муҳим, аксарият ҳолда мансабдор, расмий киши учун. Илгари фирқа раҳбар ходимларидан «протокол бўйича кийиниш» талаб қилинарди.  Худо соғлом яратган, ота-онаси тўғри тарбиялаган, жамият муносиб таълим бера олган инсон учун бу маълум гап. Қонунга айланиб улгурган холат: тўйда тўйга мос, таъзияда ўзига яраша кийинишни билиш лозим.   
         Менинг бир итальян дўстим бор, аниқроғи, бор эди.Исми-шарифини келтиролмайман.Ўша  хорижлик дўстим билан орамизга айнан кийим сабабли совуқчилик тушган. У дам олиш кунларининг бирида мени ўзининг европалик дўстлари билан таништириш учун ижарадаги ҳовлисига таклиф этди. Ҳамма хорижлик меҳмонлар мени интиқ кутишаётган экан – дўстим таърифимни ошириб юборибди. Кириб борганимда улар одатдагидек енгил кийинишган – ким шортда, ким майка ва спорт кийимида эдим. Аканг қарағай қора костюм шим билан қизил кўйлакка муштдек қилиб нўхат гулли  галстук тақиб олган эдим. Мен янги танишларимнинг нигоҳидан ҳафсалалари бирдан пир бўлганини англадим, аммо кеч эди. Кейинчалик дўстим билан бу тўғрида кўп баҳслашдим. У сиз умрингизни  маросимлар ва ортиқча расмиятчиликка сарф этасиз, кийим бу инсон дунёқарашининг ифодаси, деб туриб олди. Мен унга менталитетларимиз турлича эканлигини исботлашга уриндим. Хуллас, орамизга совуқчилик тушди.
 Мен яланғоч демократ бўлишдан, рисоладагидек инсон бўлиб қолишни афзал билдим.
Бизнинг асрлар мобайнида шаклланган миллий менталитетимиз, ҳеч бир кимса даҳл қилмаслиги лозим бўлган ўз турмуш тарзимиз бор.
         Ҳамма нарсани бинойидек англаймиз, тушунамиз.  Миллийлик керак, лозим, бу-улуғ қадрият. Бироқ бу нарсани англаш учун ижтимоий муҳит, таъбир жоиз бўлса, ҳимоя зарур.        Узоқ бир қишлоққа жанозага бордик. Эркаклар қора чопонда, узоқроқдаги аёллари оқ чорсу рўмолда. Имом бу ҳолни қаттиқ назорат қилар экан.
         Газеталардан бу мавзудаги баъзан жиддий вабаъзаненгилроқ мақолаларни ўқир эканман, жамият таъбига зид, андишасизроқ кийим кийилиши,сохиби либоснинг тарбияси борасидаги, хусусан, маънавий ва аҳлоқий тарбиядаги сохталик ҳамдаюзакиликнинг, эҳтимол қаллобликнинг оқибати бўлиб туюлаверади. Зеро, инсон у ёки бу ғайритабиий хатти-ҳаракатга, қилиққа жазм этиш учун муайян ирода кучига, «сабоқ»қа, кўникмага эга бўлиши керак. Бундай кийинаётган ўзбек қизлари ёхуд оддий ҳо-ю ҳавас, ёхуд сохта манманлик дардига мубтало бўлишган. Чунки уларнинг аксарияти ҳали жуда ёш, «ўйнаб қолай», «кийиб қолай» қабилида фикрловчи ёшлардир. Зеро, ҳеч ким уларни бундай кийинишга мажбур қилмайди. Холбуки ҳеч бир нарса, холат беиз кетмайди: бир марта содир қилинган ҳаракат ўрганишга айланади, ўрганиш бўлиб қолган нарса инсон табиатига сингади, табиати эса, инсон тақдирини  белгилайди. Буни ёшларга муттасил ўқтириш, кўнгилларини ўйинқароқ хаёллар билан эмас, маънавий,  миллий қадриятлар иштиёқи, моҳияти ҳақдаги билимлар, умумбашарий қадриятлар моҳиятибилан тўлдириш талаб этилади. Хуллас, бугунги таълим-тарбия тизимида дунёвий, ижтимоий-сиёсий билимларга ўта катта эътибор берилган ҳолда, асосланган маънавий-руҳий, психологик таълим тарбия етишмайди. Талабанингшахси,кўнгли, қизиқиши, реал уй-хаёли ва орзу умидлари билан индивидуал шуғулланилмайди. Лўнда қилиб айтадиган бўлсак «қалб тарбияси» эътибордан четда қолмоқда.
         Таълим тизимларида маънавий-маърифат соатлар сунъий тадбирга айланиб қолмаслиги керак. Зеро,илмий-методолик ёки тарихий аснога эга бўлмаган дарс соатлари, назаримда,юмшоқроқ айтганимизда, талабга жавоб беролмайди. Бу хусусда мутахассислар тинимсиз изланишлари, талабалар турмушини, шахсиятини амалий ўрганишлари, аналитик семинарлар ўтказилиши шарт.
         Кийиниш хусусида гапира бошласангиз  кимдир мийиғида кулиб «шахсий иш» деса, кимдир «жиддийроқ муаммо кўп»га солишади.Тўғри, иқтисодий, ижтимоий масалалар, оила ташвиши олдида кийиниш оддий нарсадек туюлади. Бироқ ҳар қандай муаммони ҳал этиш мумкин, аммо маънавият дарз кетса, ориятга, номусга даҳл қилинади, ана унда бу тузатиб бўлмас фожеага айланади.
         Халқ  ҳар қандай индивиддан донодир. Кишилар биз уйлаганимиздан кўра кўпроқ бу хусусда ўйлашади. Ҳодиса кишиларни ўйлантираяптими, демак у билан боғлиқ муаммонинг ечимини ахтармоқ лозим.
          Биз  денди-башанг кийинган олифта бўлиб кўринишимиз мумкин, аммо инсонийлик фазилатларимиз гўзал бўлмаса кулгуга қолишимиз тайин. Аммо масаланинг иккинчи томони ҳам бор. Донишманд, ўта ақлли инсонлар ташқи кўринишга, “шакл”га эътибор беришавермайди. Кийимни, юқоридаги итальян дўстимга ўхшаб, инсон эркинлиги ва шахсияти масаласи хисоблашишади. Илмий психологияда бу аллақачон исботланган: башанг, қиммат кийимларни ўта батартиб ва ҳафсала билан кийувчи ва бунга алоҳида эътибор берувчи одамлар аксарият ҳолатда профессионал-касбий савияси пастроқ, иқтидордан маҳрум, энг хавфли ўртамиёна, аксарият ҳолда бироз қаллоб мутахассислар бўлишади ва улар илғор илмий-ижодий тараққиётга ғов бўлишади. Чиройли, басавлат кийим аксарият ҳолда уларнинг малакавий-ижодий ноқобилликлари, ўзларининг савод ва маданият даражалари пастлигининг хаспўштлашлари далолатидир.  Афсуски ҳозирда олий ва ўрта таълим тизимида “кийиниш маданияти”га ҳаддан ортиқча эътибор берилади.  Албатта бу масала юқорида айтилганидек, ўта муҳим, бироқ бунга маданиятни шакллантириш, тарбиялаш ва шундай муҳитни пайдо қилиш орқали эришилади. Машҳур СамДУ профессори Яков Зунделович хонимлар олдида пиджаксиз ўтиришни одобсизлик, аёл ёки қиз болага кийими борасида танбеҳ тугул салбий фикр билдиришни эса катта аҳлоқсизлик белгиси хисоблар экан. Кийим маданияти тушунчаси борасида мумтоз зиёлиларнинг тушунча ва қарашлари бутунлай бошқача бўлган. Кийиниш бу маданиятми ёки одоб-аҳлоқ категориясими? Бу ҳақда ҳар жойда ва ҳар кимга гапиравериш мумкинми? Ана энди ўзингиз ўйлаб кўринг. Савиянгиз етмаса, илғор тафаккурга йўғрилган адабиётларни ўқинг.
         70-йилларда  комфирқа котиби бўлиб, ўзбек аёлига лозим кийишни таъқиқлаган, кабинетидан қувиб солган кекса “оқжол”, энди таълим маскани дарвозасида миллий кийим ҳақида ваъз айтиб ўтирса? Ёки ёшларга кийиниш аҳлоқи ҳақда фикрини ўтказишга ожизлик қилган ёхуд савияси етишмаган “устоз”, ўқитувчи ва талабалардан, бундай кийинмайман, деган мазмунда тилхат ёки кафолот хати ёздириб олса!? Кайси асрда яшаяпмиз ўзи?  Бу хатга кўзи тушган маънавий ғанимларимиз нималар деб туҳмат тўқиши мумкин… Наҳотки шуни ўйлашга катта билим керак бўлса…      
 
Эшқобил Вали
 
 
 
 
 

0 изоҳ

Рўйхатдан ўтганлар ва тасдиқланганларгина изоҳ қолдиришлари мумкин.