топик, блог, фотосет ёки йўналтиргич яратиш

Дизайнерлар томонидан яратилган 8 спорт анжоми

Qiziqarli faktlar!
Жамият
Атрофимиздаги буюмларнинг қандай кўринишга эга экани тасодиф эмас. Қачонлардир буларнинг барчаси — мебель, идиш-товоқ, кийим-кечак, техника — дизайнерлар томонидан ишлаб чиқарилган. Спорт анжомлари ҳам бундан холи эмас. Қуйида машҳур спорт анжомларининг кимлар томонидан ишлаб чиқилганига оид маълумотлар  тақдим этилади.
 
Футбол тўпи

Футбол тўпининг энг машҳур шакли — биз ўйлагандек шар эмас, ўйилган икосаэдр. Бундай тўпнинг покришкаси 32 панелдан тикилган — 20 та оқ олтибурчак ва 12 та қора бешбурчак. 32 панелли тўп ғояси америкалик меъмор ва дизайнер Ричард Бакминстер Фуллерга тегишли. У шаклан соҳага яқин бинолар қуришнинг янги усулларини излаётган бўлган. Илк футбол тўпи 1970 йилда Adidas компанияси томонидан футбол бўйича жаҳон чемпионати учун яратилган.
 
Шахмат фигуралари

1849 йилнинг 1 мартида Натаниэль Кук шахмат фигураларининг янги оригинал дизайнини рўйхатдан ўтказди. Шу йилнинг 8 сентябрида эса The Illustrated London News журнали мазкур тўпламнинг яратилишида англиялик машҳур шахматчи Ҳовард Стаунтон иштирок этгани ҳақида маълум қилган. Янги шахмат дизайни унинг номи билан атала бошланди. Бугунги кунда «Стаунтон»дизайнидаги  шахмат тўплами Халқаро Шахмат Ассоциацияси томонидан ўтказилувчи мусобақалар учун тавсия қилинган.
 
Гольф тўпи

1905 йилда англиялик муҳандис Уильям Тейлор ноёб дизайнли тўпни патентлади — унинг юзаси чуқурчалар билан қопланганди. Тейлор бир нарсага эътибор қаратди: гольф ўйинчилари ўз тўпларининг аэродинамик хусусиятларини ошириш учун уларда чуқурчалар бўлишини исташарди. У тўп ва ўйиннинг барча жиҳатларини инобатга олиб, тенг тақсимланган чуқурчаларга эга гольф тўпини ишлаб чиқди. Бугунги кунда текис юзали гольф тўплари деярли қўлланмайди. Чуқурчалар сони 250-450 тагача ошди, баъзи моделларда эса уларнинг сони 1000дан зиёдни ташкил қилади.
 
Фигурали учиш конькилари

Жексон Хейнснинг 1860-йиллардаги конструкцияси замонавий конькилар прототипи бўлган. Айнан Хейнс конькиларни бевосита пойабзал таглигига маҳкамлашни бошлаган — ундан аввал эса конькилар махсус боғичлар ёрдамида пойабзалга маҳкамланарди.
Коньки учидаги тишчаларни XX аср бошида швециялик фигурали учиш устаси Ульрих Сальхов ихтиро қилган. Улар сакраш ва шаклларни бажаришда енгиллик яратиш учун зарур бўлган. Шундан кейин конькида югуриш билан шуғулланувчи Николай Панин-Коломенкин моделни янада мукаммаллаштирган — у мустаҳкамликни ошириш учун 3 тишли конькини яратган. Ўшандан буён катта ўзгариш бўлмади, фақат коньки шакли ва лезвия қалинлиги ўзгарди холос.
 
Ролик конькилар

1960-йилларда фигурали учишни машқ қилиш учун ролик конькилар пайдо бўлди. Хоккейчи Скотт Олсон бир куни шундай конькиларни кўриб қолди. У укалари Бреннан ва Жим билан ўз роликларини ясашга қарор қилишди. Улар дизайнни қайта ишлашди. 1980 йилда ака-ука Олсонлар кейинчалик ролик конькиларини ишлаб чиқариш бўйича дунё етакчисига айланган Rollerblade Inc. компаниясига асос солишди.
 
Теннис ракеткаси

1874 йилда англиялик Уолтер Уингфилд «сферистика» номини олган ўйин кашфиётига патент олди — шу пайтдан бошлаб катта теннис тарихи бошланди.
1976 йилдан муҳандис Ҳовард Худ алюминийдан ясалган Prince Classic ракеткасини ишлаб чиқарди. Вақт ўтгани сайин ракеткалар ўйин учун янада қулайлаштирилди.
Замонавий теннис ракеткалари графитдан ясалган. Илк тўлиқ графитли Cannon ракеталари 1974 йилда Американинг Aldila компанияси томонидан ишлаб чиқарилди.
 
Тоғ чанғилари

Ҳовард Хед теннисдан ташқари тоғ чанғи спорти ривожига ҳам ҳисса қўшган. 1940-йиллар охирида у тоғ чанғиларининг янги стандартини яратишга киришган. Бу алюминий, фанера, пластикдан ясалган чанғилар эди. HEAD «Standart» илк серияли тоғ чанғилари шундай юзага келган.
 
Nike кроссовкалари

1985 йилда Тинкер Хэтфилд Nike компаниясига дизайнер сифатида ишга жойлашди. У бир неча ўн йиллар давомида бугунги кунда классика ҳисобланувчи бир қатор Nike моделларини ишлаб чиқди: Air Max 1, Air Trainer 1, Air Tech Challenge, Huarache, Air Raid.
Айнан Тинкер Хэтфилд баскетболчи Майкл Жорданни Nike билан шартнома тузишга кўндирган. Натижада Air Jordan модели пайдо бўлган, бугунги кунда бу ном остида профессионал боксчилар ва Америка футбол ўйинчилари учун спорт пойабзаллари ишлаб чиқарилади. 

0 изоҳ

Рўйхатдан ўтганлар ва тасдиқланганларгина изоҳ қолдиришлари мумкин.