топик, блог, фотосет ёки йўналтиргич яратиш

Ватанни химоя қилиш ҳам ибодатдир

Маънавият
ВАТАННИ ҚЎРИҚЛАШ ҲАМ ИБОДАТДИР
 
        Ислом дини инсонпарварлик ва тинчликпарварлик динидир.У барча инсоний туйғу ва қадриятларни улуғлайди ва кишиларни шунга ўргатади. Мана шундай туйғулардан бири меҳр-оқибат, соғинч, муҳаббатдир. Улар аввало ота-она, ака-ука, ёр-дўстлар билан боғлиқ. Бошқача қилиб айтганда, уларнинг барчаси инсон туғилиб ўсган уйи, маҳалласи, қишлоғи-Ватани деган тушунчада мужассамдир.
        Ватан атамаси аслида арабча сўз бўлиб, она-юрт маъносини англатади. Ватан тушунчаси кенг маънода ва тор маънода қўлланилади. Бир ҳалқ вакиллари жамул-жам яшаб турган, уларнинг аждодлари азал-азалдан истиқомат қилган ҳудуд назарда тутилса, бу кенг маънодаги тушунчадир. Киши туғилиб ўсган уй, маҳалла, қишлоқ назарда тутилса бу тор маънодаги тушунчадир. 
        Ватан-муқаддас даргоҳ. Уни ҳимоя қилиш, душманлардан асраш, равнақи,  фаровонлиги ва тинчлиги йўлида хизмат қилиш ҳар бир мусулмон учун ҳам фарз, ҳам қарздир. Пайғамбаримиз Расулуллоҳ (с.а.в): «Молини, жонини, динини ва аҳлини ҳимоя қилиш йўлида ҳалок бўлган киши шахид мақомидадир», -деганлар. Хадисда санаб ўтилган мол, жон, дин ва оила киши ҳаётининг мазмуни, унинг Ватанини ифода этади.
        Шариат манбаларида Ватанни химоя қилиш фарзи айн, яъни барчага баробар буюрилган амал деб белгилаб қўйилган ва ибодат даражасига кўтарилган.
        Ватан ҳимояси муқаддас амаллардан экани, ундан юз ўгириш ёки бирор бахонани рўкач килиб, уни ҳимоя қилмаслик оғир гуноҳдир.      
        Мамлакатимизда 14 январ-Ватан ҳимоячилари кунини миллий байрам сифатида нишонлаш анъанага айланди. Бугунги тинч ва осойишта ҳаётимизни сабабчиси ва ҳимоячилари мана шу ҳарбийларимиздир. Ана шундай масъулиятли бурчни чин кўнгилдан адо этаётган ўғлонларимиз ҳаққига ҳар қанча тасаннолар айтсак арзийди.
         Тарихдан маълумки, ҳар давр ва ҳар замонда ҳалқнинг тинчлиги ва фаровонлигини таъминлаш ва ҳудудларни ҳимоя қилиш учун ўша юртнинг ўғлонлари сафарбар этилган. Расулуллоҳ с.а.в. даврларида ҳам бир жамоа кишилар сафарларда  тунлари қўриқчилик қилиб чиққанлар. Абу Райҳона р.а. ривоят қилади: “Биз Расулуллоҳ с.а.в. билан бирга ғазотда эдик. Тунлардан бирида баланд жойга келдик. Ўша кечада ҳаво қаттиқ совиб, бизга қаттиқ совуқ етди. Ҳаттоки, баъзи шерикларимиз ерни ўзи сиғадиган даражада ковлаб, унга кириб тешикни оғзига қалқонларини беркитиб олишди. Пайғамбаримиз бу ҳолатни кўриб: “Ушбу кеча бизларни душманлардан ким қўриқлайди? Мен бизни қўриқлайдиган кишини фазилатли дуо билан дуо қиламан”, дедилар. Ансорлардан бир киши: “Ё Расулуллоҳ, мен”, деди. У зот алайҳиссалом: “Яқинроқ кел”, дедилар. У киши яқинлашди. Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Сен кимсан?” деб сўрадилар. У ўзини “Ансорийлардан”, деб таништирди. Расулуллоҳ с.а.в. дуони бошладилар ва уни кўп дуо қилдилар. Абу Райҳона айтади: “Пайғамбаримиз унинг ҳаққига қилган дуони эшитдим-да: “Мен ҳам борман, дедим. “У зот менга яқинроқ  кел”, дедилар. Мен яқинроқ бордим. У зот: “Кимсан?” деб сўрадилар. Мен: “Абу Райҳонаман”, дедим. У зот алайҳиссалом ансорийнинг ҳаққига қилган дуоларидан ўзгачароқ қилиб дуо қилдилар. Сўнгра: “Аллоҳдан қўрқиб йиғлаган кўзга дўзах ҳаромдир. Аллоҳнинг йўлида юртини туни билан қўриқлаб, мижжа қоқмаган кўзга ҳам дўзах ҳаромдир”, дедилар (Имом Аҳмад ва Табаронийлар ривояти).
Ватан ҳимояси мавзусида сўз борганда беихтиёр Темур Малик қиссаси ёдимизга тушади. Темур Малик Ватанни қандай севди ва қандай ардоқлади?! Унинг қанчалаб умри она Ватани тупроғига ғаним оёқ босмаслиги учун бедор кечди. Тунларни кунларга, кунларни тунларга улади. Жангларда босқинчи ёвга мардонавор тик боқиб, “Бу муборак заминни босишингга, топташингга йўл қўймайман”, -дегандек Ватан ҳимояси йўлида ҳатто сўнгги қонини нисор этди.
Буюк давлвт арбоби ва саркарда, соҳибқирон Амир Темур ҳазратларининг нақадар буюк ватанпарвар бўлганликларини тарих жуда яхши билади. Улуғларимиз таъкидлаганларидек:“Ватан озодлиги, юрт истиқболи ва истиқлоли йўлида фидокорлик кўрсатиб яшаган арбобни келажак ва тарих ҳеч қачон унутмайди. Амир Темур ана шундай тарихий ва унутилмас шахсдир”.
        Бизлар ўз жигарбанд, дилбандларимиз, азиз фарзандларимизга ана шундай улуғларимиз йўлини, уларнинг Она Ватан ҳимояси  ва манфаати йўлида кўрсатган буюк жасоратлари ва садоқатларини  англатмоғимиз лозим. Шундагина уларнинг дилидан Ватанга муҳаббат туйғулари, юртни ташқи кучлар хуружидан ҳамиша ҳимоя қилиш ҳисси мустаҳкам ўрин олади. Бу туйғулар  нақадар улуғлиги ҳақида Ҳазрати Али каррамаллоҳу важҳаҳу бундай деганлар: “Она Ватанни севиш туфайли дунё обод бўлган”.
        Инсон дунё ва охиратда солиҳ амаллари, Ватан, имон, дин ҳимояси, ободлиги билан роҳатга эришади. Ҳақиқатан, ватанни қўриқлаш ва унинг остонасини ғанимлар ҳамласидан ҳимоя қилиш бу инсон ўзининг уйини, оиласини, қариндош уруғини ва айниқса, динини ҳимоя қилиш деганидир. Зеро, ватан тинч бўлсагина, келажак авлод тинч осойишта яшайди ва юртда тараққиёт ҳамда ривожланиш ҳамда ободлик бардавом бўлади.
       Аллоҳ таоло мустақил юртимизни тинчлиги ва осойишталигини сабабчилари бўлмиш, харбий аскар ва зобитларимизни Ўзининг ҳифзу ҳимоясида сақлаб, жаннатмакон юртимизни ёмон кўзлардан ва ёвуз кучлардан ҳамда барча офатлардан ўзи асрасин!
 
 
Хонобод шахар бош имоми:                                         М.Рахимов
 
 
 
 

0 изоҳ

Рўйхатдан ўтганлар ва тасдиқланганларгина изоҳ қолдиришлари мумкин.