топик, блог, фотосет ёки йўналтиргич яратиш

Турк султони Сулаймон

Маънавият
Маданият ва маърифат

Майкл Ли Лэннинг «Юз буюк саркарда» китоби асосида тайёрланган навбатдаги мақоламизда Туркияда «Қонуний», Ғарбда эса «Буюк» лақаби остида донг таратган, XVI асрнинг энг машҳур саркардаларидан бири сифатида шуҳрат қозонган турк султони Сулаймон I ҳақида ҳикоя қиламиз. Қирқ йилдан ортиқроқ вақт (1520 – 1566) мобайнида у ўн учта йирик ҳарбий юришни амалга ошириб, ўз империяси ҳудудини кенгайтирган ва мустаҳкамлаган, натижада бу империя XVI аср ўрталаридаги энг қудратли давлатга айланган. Унинг даврида Усмонли турк империяси ҳудудий жиҳатдан ўзининг энг юксак чўққисига етган.

ЎНИНЧИ СУЛТОН

Туркиянинг ўнинчи султони ҳисобланувчи Сулаймон 1494 йилнинг 6 ноябрида Трабзон шаҳрида дунёга келган. Ёшлик даврида у аввал бобоси, кейин эса отаси қўмондонлик қилган армия сафида жангларда иштирок этган. Отаси Салим I вафот этганидан сўнг у тахтни мерос қилиб олди ва тезда империяни кенгайтириш ва мустаҳкамлашга тайёргарликни бошлади. Янги султоннинг бахтига, унинг Иброҳим пошшо исмли қобилиятли вазири бўлиб, у мамлакатда фуқароларни бошқариш ишларини ажойиб тарзда олиб борар, бу эса Сулаймонга узоқ давом этадиган ҳарбий юришлар даврида қўшинларга раҳбарлик қилиш имконини берар эди.

МЕРОС

Сулаймонга отасидан ажойиб пиёдалар, отлиқлар, муҳандислар ва қудратли артиллерияга эга бўлган дунёдаги энг катта ва яхши тайёргарлик кўрган қўшин мерос бўлиб қолган. Венгрияда ўз элчиларига ёмон муносабатда бўлинганини баҳона қилиб, ўзининг биринчи урушини у айнан шу мамлакатга қарши бошлаган. Султоннинг асл мақсади эса империя ҳудудини кенгайтириш ва ўз чегаралари хавфсизлигини таъминлашдан иборат эди.

1521 йилда Сулаймон қўшинлари Белградни ишғол қилади, кейинги йили эса у Ўрта ер денгизида турк ҳукмронлиги ўрнатилишига асосий тўсиқ бўлган Родос оролидаги рицар-иоаннитларга қарши ҳарбий ҳаракатларни бошлайди. Аммо ярим йиллик қамалга қарамай, султон қўшинлари оролдаги кучли истеҳкомларни забт эта олмайди. Сулаймон рицарларга озодлик ва хавфсизликни ваъда қилиб, таслим бўлишни таклиф этади. Моҳирона ўтказилган музокаралар унга янги йўқотишларсиз ўз мақсадига етиш имконини беради.

ЗАФАРЛИ ЮРИШЛАР

1526 йилда Венгрия яна империя чегараларига хавф сола бошлайди. Сулаймон аввал қўшни Польша билан нейтралитет (бетарафлик) тўғрисида битим тузади, шундан сўнг саксон мингдан иборат қўшин билан Венгрияга ҳужум бошлайди. Жанглар мобайнида ўн беш мингдан ортиқ душман жангчилари, шу жумладан, мамлакат қироли Людовикни ўлдиришади. Сулаймон Будани босиб олади ва Венгрия тахтига ўз одамини қўяди. 30-йилларда Ироқ, Родос ороли ва Эгей архипелагининг бошқа ороллари, Триполитания, Жазоир ва бошқа ҳудудлар империя назорати остига ўтади.

Ғарбдаги чегаралар хавфсизлигини таъминлаган Сулаймон Шарқдаги душманларга қарши курашни бошлайди. 1534 – 1538 йилларда султон бошчилигидаги турк қўшинлари Эронга бостириб киради ва Табриз ҳамда Бағдодни қўлга олади. Шу билан бир вақтда, Сулаймон Франция билан Рим империясига қарши иттифоқ тузади.

ЎРТА ЕР ДЕНГИЗИДА

Қуруқликдаги ғалабалар билан бир вақтда, Сулаймон собиқ қароқчи Барбаросса бошчилигидаги ўз флотини ҳукмронлик ўрнатиш учун Ўрта ер денгизига юборади. 1538 йилда Превез яқинида бўлиб ўтган жангда Венеция ва Австрия империясининг бирлашган қўшинлари устидан қозонилган ғалабадан сўнг Туркия бу ҳудудни ўз назорати остига олади ва ўттиз йил мобайнида Ўрта ер денгизида ҳукмронлик қилади.

Шу билан бир вақтда, турк флоти Жанубий Европа, шунингдек, Шимолий Африка давлатларига қарши кўплаб юришларни амалга оширади ва бу деярли йигирма йил давом этади. Сулаймон I Кавказ орти мамлакатларига эгалик қилиш учун Эрон билан узоқ кураш олиб боради. 1555 йилда ўзаро тинчлик шартномаси тузилганидан сўнг Усмонли империяси Эрзерум, Ереван, Ван, Табриз ва Грузияни ўз назорати остига олади.

ҲАЁТИНИНГ СЎНГГИ ЙИЛЛАРИ

Ҳаётининг сўнгги даврида Сулаймон ўз империяси хавфсизлигини таъминлаш учун даврий урушлар олиб боради. 72 ёшга тўлганида у саксон минглик қўшин билан Австрияга қарши янги юришни бошлайди. Айнан шу юриш даврида, 1566 йилнинг 5 сентябрида буюк саркарда ҳарбий лагерда вафот этади. Бу воқеадан уч кун ўтганидан сўнг унинг қўшини душман қаршилигини енгади ва урушни муваффақиятли якунлайди.

Сулаймоннинг пиёдалар, отлиқлар, артиллерия ва ҳарбий муҳандислар ҳаракатини уйғунлаштириш маҳорати ажойиб ғалабаларга олиб келган ва бунинг натижасида XVI асрда энг қудратли империялардан бири юзага келган. Ҳарбий ва дипломатия соҳаларидаги катта ютуқлари сабабли у ўз иттифоқчилари ва душманлари орасида «Буюк», моҳирона танланган ҳукумат амалдорлари ёрдамида ўз империясини муваффақиятли бошқарганлиги туфайли эса «Қонуний» лақабига сазовор бўлади. Сулаймон I даврида маъмурий тузилиш ва молия ишлари, айрим вилоятларнинг мавқеи, ҳарбий тизимни тартибга солиш, ер эгалиги шакллари, аҳолидан олинадиган солиқлар ва деҳқонларга ер бириктириб қўйиш ҳақида қонуннома жорий этилган. Масжид, сарой, қалъалар ва бошқа бунёдкорлик ишларига катта эътибор қаратилган.

П. Сайдивалиев тайёрлади.

0 изоҳ

Рўйхатдан ўтганлар ва тасдиқланганларгина изоҳ қолдиришлари мумкин.