топик, блог, фотосет ёки йўналтиргич яратиш

Тиннлик улуғ неъмат

Маънавият
Маданият ва маърифат
                                    
Биз тинчликсевар халқмиз. Уйимиз, маҳалламиз, юртимиз тинч бўлса, хотиржам меҳнат қилиб, ҳар қандай ютуқ ва маррага эришамиз. Одамнинг онги, тафаккури тоза, маънавияти юксак бўлса ҳеч қандай ташқи ғаразли кучлар унга таъсир кўрсата олмайди.
Бугун мамлакатимиз тинч, одамлар бемалол ишлаши, орзу-ниятларига етиши учун шароит ҳам, имконият ҳам етарли. Бу инсон учун энг буюк неъмат, улуғ бахт аслида. Атрофга назар ташласак, ҳозир айрим давлатларда болаларни боғчага, мактабга юбориш, ишга бориб-келиш ҳам катта муаммога айланган. Кўчага чиқишга одамларнинг юраги дов бермайди.
Юртимизда эмин-эркин яшаш, меҳнат қилиш, диний эътиқодларга амал қилиш учун барча шароит ва имкониятлар яратиб берилган бир пайтда адашган манқуртларнинг қилмишларини сўз билан изоҳлаб бўлмайди. Ёшларнинг нотўғри, нопок йўлларга кириб кетишига нима сабаб бўлди экан? Уларни манфур йўллардан қайтаришда ота-она, қўни-қўшни, маҳалла-кўй, кенг жамоатчилик қандай ишларни амалга оширишлари керак эди?
Қўпорувчи ва жангари тўдалар аслида тинчлик дини бўлган ислом номини сотиб, ўз ёвузликларини амалга оширмоқдалар. Ироқ ва Шом Ислом давлати (ИШИД) деб аталмиш жангари тўдалар ислом дини аҳкомларини нотўғри талқин қилиб, ўз ёвузликларини хаспўшламоқдалар. Уларнинг мақсади ўзларига эргашмаганларни кофирга чиқариб, йўқ қилиш, моддий бойлик орттириш ва ҳокимиятга эга бўлишдир. Бу жиноятчи тўдалар ўзларини динимизнинг «ҳақиқий жонкуярлари» қилиб кўрсатишга қанчалар уринмасинлар, уларнинг «ҳижрат»и ватанфурушликдан, «жиҳод»и қонхўрлик ва худкушликдан бошқа нарса эмас.
Ҳозирги кунда ёшларимизни турли ёт ғоялар билан эътиқодини бузиб йўлдан уришга қаратилган ҳаракатларини гувоҳи бўлмоқдамиз. Айниқса, гўёки мусулмонлар ҳозирги маъносиз қуролли тўқнашувлар қилишлари фарз эмиш. Ўзи каби манқурт шахслар билан бирлашиб, киндик қони тўкилган юртига қарши қурол кўтариш керак эмиш. Асло тўғри бўлмаган тушунча ва ғирт мазмунсиз ғоя.
Эътиқоднинг соф бўлишини нафақат исломда, балки бошқа самовий динларда ҳам муҳим саналган. Чунки соғлом эътиқод нафақат шахс, балки жамият ҳаётида ҳам катта ўрин тутади. Кишиларнинг эътиқоди мусаффо ва қарашлари соф бўлса, ўша жамиятда тотувлик, бирдамлик, диний бағрикенглик ҳукм суради. Бу эса тинчлик-осойишталикни асосий тамойилларидан ҳисобланади.
                                                                                                                          С   Юнусов

0 изоҳ

Рўйхатдан ўтганлар ва тасдиқланганларгина изоҳ қолдиришлари мумкин.