топик, блог, фотосет ёки йўналтиргич яратиш

Тинчлик– бу буюк неъмат

Маънавият
 
 
Дарҳақиқат, Аллоҳ таолонинг бизларга берган неъматлари беқиёс. Шундай улуғ неъматлардан бири бўлмиш тинчлик ҳақида мулоҳаза қилсак, шоядки, унинг нақадар улуғ неъматлиги янада намоён бўлиб, бу ҳолатга шукримиз зиёда бўлса. Чунки аксар инсон табиати неъматлар ичида яшаб туриб унинг қадрига етмасликка мойил бўлади.
Зеро, бу хусусда севикли Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деб марҳамат қилганлар:
“Инсонларнинг кўпчилиги бепарволик ила уларнинг қадрига етмайдиган икки неъмат бор, улар – соғлик ва хотиржамликдир”.
Албатта соғлик ва тинчлик бўлса, хотиржамлик бўлади. Кундалик юмушларимиз ва режалаштирган ишларимизни босқичма-босқич амалга ошириш пайида бўламиз. Буларнинг барчаси учун эса кўпинча бепарво бўладиганимиз тинчлик ва соғлик керак бўлар экан.
Тинчликнинг қадрига етмоқ, уни асраб авайламоқ бизнинг зиммамиздаги бурчимиздир. Бу барча пайғамбарларнинг суннатидир. Қуръони каримда Иброҳим алайҳис саломнинг Макка ҳаққига қилган дуоларида бунинг тасдиғини кўрамиз. У оятда Маккага тинчлик ва унинг аҳлига ризқ сўраганликлари зикр қилинган. Бу ҳақда шундай дейилади:
“Эслaнг: Ибрoҳим: “Эй, Рaббим, бу (Мaккa)ни тинчлик шaҳри қилгин вa унинг aҳoлисидaн Aллoҳгa вa oxирaт кунигa ишoнувчилaргa (турли) мeвaлaрдaн ризқ қилиб бeргин” (Бақара, 126)
Ўша пайтда ҳам Макка шаҳри тинч эди. Тинч бўлиб турган жойга яна тинчлик сўраб дуо қилиш “шу жойда тинчлик бардавом бўлсин” дейишни ифодалайди. Демак, тинчлик ҳукм суриб турган жойга яна тинчлик сўраб дуо қилиш мақсадга мувофиқ амаллардан экан. Шу билан бирга, оятда аввал тинчлик, сўнгра ризқ сўралганидан тинчликнинг ризқдан-да муҳимроқ, улуғроқ неъмат эканлиги маълум бўлади.
Ватан тинч бўлса, яшаш учун энг қулай маскан ҳисобланади.  Демак, ҳар бир жон, у ким бўлишидан қатъий назар, қайси касб, қандай мартаба, қанча обрўли бўлмасин, тинчликда ҳаёт кечиришга муҳтождир. Чунки хавфсираган кишининг кечаси хотиржам ўтмайди, тонгини хотиржам кута олмайди ва хотиржам яшай олмайди. Доим қалби қалқиб, безовта бўлади. Ўз моли, жони, оиласи ва касбидан хавфсираб юради.
Тинчлик бўлса, инсонларнинг ҳаёти фаровон бўлади ва улар Аллоҳ таолога  хотиржамликда ибодат қиладилар. Бу неъмат давомли бўлиши учун эса, унинг сабаблари, уни тутиб турувчи омиллари яъни ўзаро ишонч, меҳр-мурувват, шукроналик, адолатли бўлиш, зулм ва хиёнат қилмаслик каби фазилатли хислатларга ҳам эътиборли бўлиш лозим.
Шуларнинг асосийси ва энг улуғи Аллоҳга иймон келтириш ҳисобланади.
“Имoн кeлтиргaн вa имoнлaрини зулм (ширк) билaн қoриштирмaгaнлaр – aйнaн ўшaлaргa xaвфсизлик (бoрдир) вa улaр тўғри йўл тoпгaнлaрдир”. (Анъом, 82)
Дарҳақиқат, Аллоҳ таолога иймон келтириб, охиратда амалига яраша мукофот олишига ишонган кимса, яхшиликка интилиб, ёмонликдан қайтади. Бировга ноҳақ зулм қилишдан ўзини сақлайди. Унинг Аллоҳ таолога бўлган иймони, тинчлик ва хотиржамликни сақлашда асосий омил вазифасини ўтайди.
 Бундан ташқари, берилган неъматларга шукр қилиш ҳам ўша неъматнинг бардавом бўлишини таъминлайди. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади:
“Агар шукр қилсангиз ва имон келтирсангиз, Аллоҳ сизларни азоблаб нима ҳам қилади?! Аллоҳ шукрни қабул этувчи ва билувчи зотдир”.(Нисо, 147)
Ояти каримадан аён бўлмоқдаки, иймон ва шукр тинч ҳаёт учун асосий омиллардан экан. Бу неъматни сақлашни истасак, доим тинч ва хотиржам ҳаёт кечирайлик десак, Раббимизга иймон келтириб, ана шу иймон тақозо қилган ишлар яъни Аллоҳ таоло буюрган амалларни бажариб, У қайтарганлардан қаймоғимиз лозим бўлади. Чунки муқаддас динимиз бизларни доимо эзгулик ва яхшиликка ундайди. Акс ҳолда,  Аллоҳ таоло огоҳлантириб айтадики:
“Улaргa эслaтилгaн нaрсaдaн (кaттa) бир қисмини унутдилaр. Шундaн кейин улaрнинг ўртaлaридa қиёмaт кунигaчa aдoвaт вa нaфрaт қўзғaтдик”. (Моида, 14)
Тинчликнинг нотинчлик билан алмашинишига, тинчликнинг бузилишига бандаларнинг Аллоҳдан келган эслатмани унутишлари сабаб бўлар экан. Тарихга назар солсак, инсонлар илоҳий таълимотдан юз ўгириб, ҳавои нафслари кетидан эргашганликлари оқибатида ораларида жабр ва зулм кўпайган. Бу эса бевосида уларнинг ораларида адоват-нафратнинг кучайишига сабаб бўлган ва пировардида тинчлик деган улуғ неъматдан маҳрум бўлишган.
Тинчликни сақлаш учун кишиларни, фарзандларни, аёлларни, хуллас ҳар бир шахсни Аллоҳнинг тоатида тарбиялаш, Аллоҳга гуноҳ қилишдан қайтариш лозим бўлади. Яъни, ҳар бир инсон ўзининг Аллоҳ таоло олдидаги, Ватан ва жамият олдидаги бурчи ва мажбуриятларини яхши билиши ҳамда унга амал қилиши лозим.
Шу билан бир қаторда ҳар хил фитна-фасод чиқарувчи, дин номидан иш қилувчи, турли иғволарни тарқатувчи разил кимсаларнинг ёвузликларига қарши барча ҳамжиҳат бўлиб курашса, тинчлик неъмати сақланади.
Муқаддас динимиз таълимотларидан биламизки, неъматларга шукр қилиш нафақат тинчликни сақловчи, балки барча неъматларнинг зиёда бўлиб бориши  омилидир. Аллоҳ таоло Ўзининг китобида шундай   марҳамат қилади:
“Aллoҳ бир шaҳaрни (яъни, Мaккaни) мисoл кeлтирур: у тинч, сoкин (шaҳaр) эди, ҳaр тoмoндaн ризқи кeнгу мўл кeлиб турaр эди. Бaс, у (aҳoлиси) Aллoҳнинг нeъмaтигa нoшукрлик қилгaч, Aллoҳ унгa (aҳoлисигa) бу “ҳунaрлaри” сaбaбли oчлик вa xaвф либoси (бaлoси)ни тoтдириб қўйди”. (Наҳл, 112)
Тинчлик бардавом бўлиши учун биздан талаб қилинадиган нарса, ушбу неъматга шукр келтириш ва тинчликка раҳна солувчи кучларга бепарво бўлмаслигимиздир. Агар бу неъматга шукр қилинмаса, Аллоҳ таоло бунинг ўрнига хавф-хатарни алмаштириб қўяди, бундан Аллоҳнинг Ўзи асрасин! 

0 изоҳ

Рўйхатдан ўтганлар ва тасдиқланганларгина изоҳ қолдиришлари мумкин.