топик, блог, фотосет ёки йўналтиргич яратиш

San'at ijtimoiy institut sifatida

Маънавият
Театр – ижтимоий институт
 
«Ҳозирги кунда жамият олдида турган энг асосий вазифалар: одамларни ҳаётга ақл кўзи билан қарашга ўргатиш – «рационализация»; билимли, маънавий етук инсон бўлиши учун барча имкониятларни яратиш — «интеллектуализация», шунингдек энг муҳими — диний ақидаларга кўр-кўрона ишонмай, ҳодисанинг моҳиятини онгли тарзда тушуниб етишлигини — «демистификация»ни таъминлашдан иборат.» -дейди немис социологи Макс Вебер.
 
Бугун бундай кенг қамровли вазифани фақат санъат, айниқса, ижодий маҳсулида воқэъликнинг маънавий-маърифий, ижтимоий ва мафкуравий томонларини тўлалигича қамраб оладиган театргина амалга ошириши мумкин. Фақат театр ўз тамойиллари асосида долзарб мавзулар ва энг муҳим масалаларни саҳнага олиб чиқиб, инсониятни мулоҳаза юритишга, жамият йўл қўяётган хатоларнинг олдини олишга ва энг асосийси, ҳеч кимни ҳеч нарсага мажбурламай, онгли равишда ўзининг фуқаролик ва инсоний бурчларини бажаришга ундайди.  Саҳнада гавдалантирилган қаҳрамон ҳар бир томошабинни ўзини-ўзи четдан туриб кузатишига имкон яратади, ҳаётимиздаги камчиликларни бадиий шаклда очиқ-ойдин, қўрқмай кўрсатиб бера олади ва муаммоларни қайси йўл билан ҳал қилишга, тўғри йўлдан адашмасликка, энг қийин масалалар тугунини ечишга ўргатади.
Макс Вебер таъкидлаган вазифаларни амалга ошириш учун  театрнинг ўрни ижтимоий институт даражасида муҳим десак, адашмаймиз.
Бу фикримизни асослаш учун  аввало “театр оммага тақдим этадиган бадиий маҳсулот – спектаклнинг ижтимоий ҳаёт учун қандай фойдаси бор?” деган саволга  мурожат қиламиз. Санъат аҳли орасида, айниқса Ўзбекистон Давлат санъат ва маданият институти талабалари ўртасида кўпинча баҳс-мунозараларга сабаб бўладиган мавзу бор: театр санъати жамиятга қандай мерос қолдириши мумкин?
Масалан, қадимий бинолар асрлар оша ҳам инсонни завқлантиради. Ёзувчи, рассом ёки ҳайкалтарош яратган гўзал асарлар йиллар ўтган сари бебаҳо меросга айланади. Шоир шеърлари, бастакор яратган куйлар нота ёзувларида мангу яшайди, созанда уларни ўрганса, соз чалиб, куйласа, тингловчига завқ беради. Ҳатто кино ва фотография санъати намуналарини сақлаш, хоҳлаган вақтингизда уларни томоша қилиб, баҳра олишингиз мумкин.
Театр-чи, Ундан нима қолади? Ахир театр ижодкорлари минг машаққат билан яратган энг яхши спектакль ҳам саҳнада бор йўғи бир неча йил яшайди. Афиша, пластинка ёки кино-ленталарга ёзиб қолдирилган томошаларни ҳисобга олмаганда, бир неча йил аввал бонг урган спектакльлардан бугун нима қолди?! Кечагина буюк актёрларнинг жонли ижросидан завқ олган тамошаларимиз, наҳот бугун репертуардан олиб ташлангани учун, қайта кўриб бўлмас воқеага айланса? Бу масалада вақт – театр учун бешафқатдир.
Аслида, юзаки қарагалгандагина шундай. Агар театр санъати адабиёт, мусиқа, рақс, тасвирий санъат каби бошқа санъат турларини долзарб мавзу ва умуминсоний ғоялар атрофида жамлаб, одамлардаги маърифатсизлик, нафс, амалпарастлик, фисқу-фасод, бидъат каби иллатларга қарши маънавий тўсиқ ҳосил қилиб, уларни завқлантириш ва руҳий тарбиялаш орқали инсоний фазилатларга ундамаганида, инсоният аллақачон урушлар, вайронагарчилик, очарчилик оқибатида, қашшоқликда, ўз ўзини қириб тугатган бўларди.
Спектакллар ўз ижтимоий вазифаларини тўғри бажара олган ҳолдагина, одамнинг қалбида, онгида, хотирасида, ҳатто ирстятида маънавият уруғи шаклида сақланиб қолади. Фақат шунда театр ишлаб чиқараётган бадиий маҳсулот – спектакллар  шаклан йўқолиб кетса-да, улардан қолган позитив таассурот абадий яшаб, доимий равишда жамиятга фойда келтираверади.
Демак, театр ҳар қандай вазиятда ҳам жамиятда рўй бераётган ғоявий, ижтимоий, сиёсий, иқтисодий воқеликларни ўзида акс эттира олиши билан долзарб бўлиб қолади ва унинг бош мақсади – ҳаётдаги ҳар бир муаммони жамоатчилик эътиборига олиб чиқиб, унинг ижтимоий сабабларини аҳтариш ва шу масаланинг ечими бўйича ўз таклифи, ғояларини айта олишдир. Қанчалик қийин ва оғир даврларни бошидан кечирмасин, иқтисодий жиҳатдан қанчалик қийналмасин, театр ўзининг ижтимоий вазифаларини бажаришдан тўхтатмаслиги керак. Акс ҳолда театрнинг савияси тушиб, жамиятдаги муҳим ғоявий-мафкуравий кураш воситаси эмас, шунчаки “артистлик қиладиган” жойга айланиб қолади. 
Албатта, томошабиннинг талаб ва истаклари ҳисобга олиниб, спектакль оммани қизиқтира оладиган, бадиий-эстетик меъёрларга тўлиқ жавоб берган ҳолда, томошабин билан бир қаторда рол ижрочиларини ҳам завқлантира оладиган жиҳатларига эга бўлиши, ижрочиларнинг эркин ижод эта олиши ҳам ўта муҳим вазифадир. Театр дидактика, баландпарвоз гаплар ва қуруқ сафсатабозликдан қочиши, ижтимоий масалаларни ваъзхонлик ва совет даврида бўлганидек, “қизил шиорлар” билан муҳокама қилмаслиги зарур. Бинобарин, санъат тури сифатида театрнинг асосий вазифаси воқеаларни гапириб бериб, насиҳат қилиш эмас, балки саҳнада одамларга ибрат кўрсатиб, энг сўнгги хулосани томошабиннинг ўзи чиқариб олишига эришишдир. Буюк маърифатпарвар адиб Маҳмудхўжа Беҳбудий айтганидек, “Театр – ибратхонадур” ва бунда ҳар қандай муҳим ғоя бадиий шакллар, санъатда мавжуд ифода воситалари орқали баён этилиши керак бўлади. 
Шундагина театр диди ўткир мухлисни ҳам, ҳангоматалаб томошабинни ҳам ўзига жалб қила олади. Жамиятда рўй берган сиёсий-иқтисодий ўзгаришлар санъат ва маданият соҳасига, шу жумладан театрнинг ривожланишига қанчалик таъсир ўтказса, театр ҳам инсонларнинг маънавий онгига, шунчалик таъсир ўтказиши мумкин.
 
Театрнинг томошабин олдидаги вазифаси
Қадимда ота-боболаримиз халқ оғзаки ижоди – афсоналар, ривоятлар, достонлар таъсирида камол топиб, маънавиятини шакллантириб, умуминсоний ва миллий аҳамиятга эга урф-одатларни  сақлаб келган бўлса, бугун замонавий театр томшабинни тарбиялаш билан бирга жуда кўп ижтимоий муаммоларни ҳал қилмоқда. Масалан, спектаклга келган томошабин бор йўғи 2 соат ичида ўз юрти ёки ўзга мамлакат ҳақида, ўн-йигирма йиллик, ҳатто бир неча юз йиллик тарихдан маълумот олади. Бир ёки бир неча кишининг тақдирини кузатади, таҳлил қилади. Томоша таъсирида кулиши ёки йиғлаши – катарсис  жараёнида спектакл қаҳрамони қилган хатолар орқали ўз хатоларини теран англаб, унинг ёвузлик, адолатсизлик ва жоҳилликка қарши курашидан руҳланиб, қахрамон ғалабасидан қувониб ёки унинг қайғусидан изтироб чекиб, жуда кўп руҳий-эмоционал ҳиссиётларни бошидан кечиради. Хиёнат, нафрат, нафс, жиноят, ва уруш каби иллатларнинг оқибатини ўз кўзи билан кўради, шунингдек, севги-муҳаббат, садоқат, гўзаллик ва бунёдкорлик олиб келадиган бахт, фаровонликни ҳам ақлан, ҳам қалбан ҳис қилиб, тушунади. Ҳаётда ўз мақсадларига эришиш учун нималар қилиш кераклигини онгли равишда режалаштиради. Энг муҳими – буларнинг ҳаммаси унга мажбурий тарзда эмас, балки эстетик завқ бериш орқали бадиий шаклда сингдирилади.
Инсон руҳияти санъатга эҳтиёж сезар экан, театр доим ана шу имкониятдан фойдаланиши зарур. Лекин томошабин қизиқишини суистеъмол қилмаслик учун, саҳналаштирилаётган пьесадаги қарама-қаршиликлар, маълум бир шахс характери, ёки берилган шарт-шароит билангина чекланиб қолмасдан, жамият ҳаётининг бор барча ижтимоий қатламлари билан боғланиши лозим.
 
Спектакль – жамоа маҳсули
Одатда рассом, ҳайкалтарош, бастакор, ёзувчи, шоир ва бошқа санъаткорлар якка ҳолда ижод қиладилар. Лекин театр ижодий жамоадан иборат. Спектакль – катта жамоанинг ижод маҳсули ҳисобланади, кўпчиликнинг баҳс-мунозаралари натижасида мукаммал асарга айланади. Бугун айнан шу баҳс-мунозараларга кўпроқ эътибор берилиши, олиб чиқилаётган муаммо ва унинг ечими асосида пайдо бўладиган ғоя фақат режиссёр дунёқараши, драматург фикри ва вазирликдан келадиган буйруқ асосида эмас, балки ҳамма ижодкорларнинг фуқаролик позицияси асосида туғилиши ўта муҳим масаладир. Ижрочи актёр онгига буйруқ билан сингдирилмаган, балки ўз маънавияти, ватанпарварлиги билан англаб етган фикрни томошабин онги, руҳиятида чуқур из қолдириши учун ҳаракат қилгандагина у саҳнада шахсга айланади, ўз ишига масъулиятли ёндашиб, ўта муҳим фикрларни баландпарвоз гап эмас, умуминсоний ғоя даражасига кўтаради. Зеро, ижтимоий муҳим деб ҳисобланган спектакллар кўпинча сунъийлиги, ортиқча шиорлари билан киши меъдасига тегиб қолади.
Кўпчилик томоша қилаётган спектаклларнинг ҳаммасини ҳам «енгил-елпи, паст савиядаги, фақат кассабоп томоша»га чиқариб қўйиш ҳам тўғри эмас. Унда томошабинни ҳаяжонга соладиган мавзу борки, бундай спекталлар саҳналаштирилади, мухлислар эса айнан шуни кўргани келади. Муҳими, режиссёр ижтимоий аҳамиятга эга мавзуни томошабин ҳукмига ташлай билса, бас, спектакль ўз вазифасини бажараётган бўлади.
 
Актёр – энг муҳим қурол
Театрнинг бошқа санъат турларидан яна бир устун жиҳати – унда жонли мулоқот жараёнини бошқарувчи актёрнинг борлигидир. Бошқа ҳеч бир санъат тури томошабин билан жонли мулоқотга киришолмайди. Фақат театрдагина томошабин актёр билан ҳамнафас яшайди, «изтироб» чекади. Бир қарашда “ёдлаб олган” сўзларини декламация қилаётгандек кўринган актёр, аслида ўзининг билим-савияси, ўткир иқтидори, мустаҳкам руҳияти билан томошабинга таъсир ўтказади, тарбиялайди. Актёр саҳна асарини чуқур билгани, режиссёр назорати остида драматик асарнинг мавзуси, ғояси, спектаклнинг ижтимоий аҳамиятини тўла таҳлил қилгани, шунингдек томошабиннинг диққат марказида бўлгани учун ҳам саҳна билан томошабин ўртасидаги энг асосий воситачи ҳисобланади. Актёр саҳнадан туриб спектаклдаги воқеаларни томошабин билан ёнма-ён бошидан кечиргани учун ҳам мухлислар уларни қадрлаб, ўз ҳаётий идеалларига айлантирадилар.
Актёр ижодкор сифатида ҳам, инсон сифатида ҳам комилликка интилиб борар экан, ижро этадиган роллари орқали тошмошабинга бу фазилатларни сингдиради. Актёр шахс бўлса, уни севган томошабин ҳам шахс сифатида тарбияланади. Бунинг учун актёр рақс тушиш, соз чалиш, қўшиқ айтиш, нутқ техникасини мукаммал эгаллаши билан бир қаторда, илғор фикрли,  маънавияти юксак инсон бўлиши шарт. Шундагина у замон муаммоларини ҳам ақлан, ҳам ички бир ҳиссиёт билан сеза билади ва  уларнинг ечимини саҳнада намоён этади.
 
Пьеса ва репертуар
Бугунги театр ашаддий мухлисларини замонавий пьесалардан кўра классик асарлар ёрдамида саҳна билан боғлаб тургани маъқул. Ёшларни эса аксинча, замонавий томошаларга жалб қилиш лозим деб ўйлайдиганлар ҳам бор. Шунинг учун болани аввал қўғирчоқ театрига, сўнгра ёш томошабинлар театрига олиб бориб, уларни мулоҳаза юритишга ўргатиб, «жиддийроқ» томошаларга тайёрлаб, кейинроқ мумтоз асарларни кўрса, мақсадга мувофиқ бўларди. Демак, театрлар ўз репертуарини режалаштирилаётганда мана шу муаммолар ҳам назарга олиниши керак.
Лекин хоҳ классик, хоҳ авангард асар бўлсин, унинг ғоявий асосида имкони борича ҳаётда ўзгаришларга сабаб бўлаётган мавзулар, муаммо, дард, хатоларнинг сабаби ёритилиши шарт. Ўз вақтида кўтарилган муаммо келгусида рўй берадиган катта фалокатларни олдини олишга, уларнинг тўғри ечими жамиятнинг ҳар тарафлама тараққий этишига сабаб бўлади.
 
Бугунги кун санъат ёшлари зиммасига ана шундай машаққатли ва масъулиятли вазифа қўйилган бўлиб, ёш дараматург ва режиссёрлар қўрқмасдан янги ижодий услубларда ишлаши, экспериментлар қилиши, қизиқарли бадиий шаклларни ахтариш билан бир қаторда, замон чигалликларини, долзарб ижтимоий масалаларни онгли равишда саҳнага олиб чиқиб, уларни ҳар тарафлама ўрганиб, муаммоларга умуминсоний манфаатларга мос равишда ечим топиб, шу билан жамиятимиз, давлатимиз, қолаверса, инсоният тараққиётига ўз ҳиссасини қўшишдек шарафли вазифани бажаришлари лозим. Зеро, театр бу жуда кучли мафкуравий қурол бўлиб, уни Ватан манфаатлари йўлида хизмат қилиши – етишиб келаётган ижодкорлар қўлидадир.  
ЎзДСМИ талабаси
Махмудов Сардор

0 изоҳ

Рўйхатдан ўтганлар ва тасдиқланганларгина изоҳ қолдиришлари мумкин.