топик, блог, фотосет ёки йўналтиргич яратиш

Саломатлик - бебаҳо неъмат

Маънавият
Маданият ва маърифат
Саломатлик — бебаҳо неъмат.
Аллоҳ таоло томонидан инсонга инъом қилинган беадад неъматларнинг энг олийси-сиҳат-саломатликдир. Айрим инсонлар касал бўлиб қолганларидагина, саломатлик тенгсиз неъмат эканлигини англаб етадилар. Саломатлик бўлмаган пайтда ҳеч нарса татимаслигини барчамиз яхши биламиз. Аллоҳ таоло инсонларга ҳар хил турдаги касалликларни юбориб, уларни имтиҳон қилади. Шариатимиз касал бўлмасдан олдин саломатликни қадрига етишимиз кераклигини таъкидлайди. Албатта соғлом инсон жамият корига ярайди.
Бизларга ато этилган неъматлардан меъёрида ейишимиз, ҳаддан ташқари кўп ейиш касаллик чақирувчи омиллардан эканлигини унутмаслигимиз лозим. Ҳаддан ташқари кўп ейишлик инсонни дангаса қилиб, уйқуни келтиради ва баданни оғирлаштиради. Динимиз уламолари сиҳат-саломатликни сақлашда қуйидаги ояти каримани алоҳида таъкидлаб кўрсатадилар: “Енглар, ичинглар, лекин исроф қилманглар”.(Аъроф сураси,31-оят). Меъёридан ортиқ таом ейиш ҳам исрофнинг турларидан биридир. Бундай одатлардан воз кечиш саломатлик гаровидир.
Ҳазрати Умар ривоят қилишича Пайғамбаримиз алайҳиссалом: ”Биз шундай қавмдирмизки, очликни ҳис қилмагунча таомланмаймиз, таомланганда ҳам тўйиб емаймиз” деб марҳамат қилганлар. Бу ҳадиси шарифлар бизлар учун дастуруламал бўлиши лозим.  
Расулуллоҳ (с.а.в.): “Ошқозон касалликлар уйидир, парҳезли овқатланиш барча даволар асосидир”- деб марҳамат қилганлар. Овқатни жуда иссиқ ёки жуда совуқ пайтида истеъмол қилиш ҳам саломатлигимизга зарар келтирадиган омиллардан ҳисобланади.  
Дардни берган Худо унинг давосини ҳам яратган. Динимизда касалликни даволатиш учун ҳаракат қилиш лозимлиги таъкидланади. Бунда Аллоҳга чин ихлос билан дуо қилиб дардига даво беришини сўраши лозим. Пайғамбаримиз алайҳиссалом шундай марҳамат қиладилар:”Ҳар бир дардни давоси бордур, вақтики дардни давоси топилса Аллоҳ таоло изни ила шифо бўлади”.(Ибн Можа ривояти).
Убайдуллоҳ ибн Муҳсин Ансорий ал-Хатмийдан (р.а.) ривоят қилинади. Расулуллоҳ (с.а.в.):”Кимки нафси омон, хотиржам ва жасади саломат ҳамда ҳузурида бир кунлик ризқи бўлса, гўёки дунёни тўлалигича ўзига бўйсундирибди”,-дедилар.(Имом Термизий ривояти). Бу ҳадисдан шу нарса маълум бўладики, оиласи, Ватани, тинч ва осойишта, ўзи соғ-саломат, Аллоҳ таолонинг неъматлари ато этилган инсон – энг бахтли инсондир.
Беморни вақтида шифокорга кўрсатиш касалликни олдини олишда айниқса муҳим. Баъзи пайтларда кундалик рўзғор юмушлари билан банд бўлиб, касалликни вақтидан  ўтказиб юбориш ҳоллари кўп учрайди. Аллоҳ ато этган саломатликни қадрига етиб, беморликка олиб борувчи омиллардан сақланишимиз лозим. Абу Курайма Миқдод ибн Маъдий Карибадан (р.а.) ривоят қилинади. Расулуллоҳ (с.а.в.):”Одамнинг қорнидан кўра ёмонроқ тўлдирадиган идиши йўқдир. Одам болаларига белини тиклаш учун бир неча луқма таом кифоя қилади. Агар зиёда емасликнинг иложи бўлмаса, учдан бири таом учун, учдан бири ичимлик учун ва учдан бири нафас олиш учун бўш қолсин”-дедилар.(Имом Термизий ривояти).
 
Келажагимиз бўлган ёш авлодни ўз саломатлиги учун қайғурадиган, озодалик ва покизаликка катта эътибор берадиган қилиб тарбиялаш – ҳозирги кундаги муҳим масалалардан биридир. Касаллик келтириб чиқарувчи омиллар – кашандалик, спиртли ичимлик ичиш, меъёридан ортиқ овқатланиш, камҳаракатлилик кабиларни зарарларини ёшларимиз онгига сингдириб, ёшларимизни спорт турлари билан шуғулланишларига катта эътибор қаратишимиз лозим. 
«Гулистон» масжиди
имом хатиби:                                    А.Усмонов.

0 изоҳ

Рўйхатдан ўтганлар ва тасдиқланганларгина изоҳ қолдиришлари мумкин.