топик, блог, фотосет ёки йўналтиргич яратиш

САЛОҲИДДИН АЛ-АЙЮБИЙ

Маънавият
Маданият ва маърифат
СУЛОЛА АСОСЧИСИ

Газетхонларимизнинг таклиф ва истакларини инобатга олган ҳолда мазкур рукн остида берилаётган ва Майкл Ли Лэннинг «Юз буюк саркарда» китоби асосида тайёрланган навбатдаги мақоламизда сиз ўз даврининг машҳур қўмондонларидан бири, Миср ҳукмдори (1171 йилдан), айюбийлар сулоласи асосчиси, ҳарбий куч билан Яқин Шарқ мусулмонларини бирлаштирган, Иккинчи салиб юриши даврида босқинчилар армиясини тор-мор қилган ва Учинчи салиб юришида душманлари мақсадига эришишига йўл қўймаган, ўз ютуқлари билан бутун мусулмон оламида катта шуҳрат қозонган Салоҳиддин ал-Айюбийнинг ҳаёти ва ҳарбий фаолиятига оид қизиқарли маълумотлар билан танишишингиз мумкин.
ЛАШКАРБОШИНИНГ ЎҒЛИ

Салоҳиддин (Салоҳ ид-дин Юсуф ибн Айюб, араб тилида «дин ифтихори» маъносини билдиради ) 1138 йилда Ироқнинг Тикрит шаҳрида дунёга келган. У Сурия султони Нуриддиннинг салибчиларга қарши муваффақиятли курашган лашкарбошиларидан бири Айюб ибн Шодининг ўғли эди. Аввал дин ишларини ўрганишга киришган Салоҳиддин кейинчалик отасининг изидан бориб, ҳарбий фаолиятни танлайди. Ўттиз ёшга борганида эса у Нуриддин армиясининг нуфузли қўмондонларидан бирига айланади.  1164 – 1169 йилларда Мисрга қилинган ҳарбий юришларда қатнашади, 1169 йилда Миср вазири этиб, 1171 йилда Фотимийлар сулоласининг сўнгги халифаси вафот этганидан сўнг эса Мисрдаги ҳокимиятни эгаллаб олган аббосийлар ҳомийлигини тан олган ва улар томонидан султон унвони билан тақдирланган.

АЙЁРОНА ЧЕКИНИШ

Султон Нуриддин вафот этганидан сўнг Салоҳиддин бош қўмондонга ва шу билан биргаликда, Миср ҳукмдорига айланади. 1174 йилда мамлакатда тўнтаришни амалга ошириб, Айюбийлар сулоласига асос солган. Ҳокимиятдаги асосий лавозимларга ўз қариндошлари ва яқин дўстларини қўйиб, армияни кучайтирган, флотга асос солган ва бутун Яқин Шарқни ўзига бўйсундириш мақсадида ҳарбий ҳаракатларни бошлаган.

Ўн икки йиллик зафарли юришлар мобайнида Салоҳиддин Сурия ва Ироқни забт этади, Фаластиндаги салибчилар давлатидан ташқари, бутун минтақани ўз назорати остига олади. 1187 йилда йигирма минг кишилик қўшин билан (уларнинг ярми отлиқ камончилардан иборат бўлган) Фаластинга қарши юриш бошлаган. Одатда унинг тактикасига кўра, камончилар қанотлардан душманга биринчи зарбани берган. Душман сафида тартибсизликлар юзага келганидан сўнг қилич билан қуролланган отлиқлар ва пиёдалар жангга кирган. Салоҳиддин айёрона чекиниш ёрдамида салибчиларни сувсиз саҳро бўйлаб ортидан қувлашга мажбур қилади ва уни ҳолдан тойдириб, Хиттин яқинида кутилмаганда қарши ҳужумга ўтади ва душманни тор-мор этади.

ОЛИЙҲИММАТ САРКАРДА

Бу жангдаги ғалабадан сўнг Салоҳиддин ҳужумларни давом эттиради ва бир қатор шаҳар ва истеҳкомларни забт этади, 1187 йилда эса деярли 88 йилдан буён салибчилар назорати остида бўлиб келган Қуддусни эгаллайди ва душман аскарларининг каттагина қисмини асирга олади. Аммо доимо ўз ғалабасидан сўнг хунрезлик билан шуғулланган салибчилардан фарқли равишда, Салоҳиддин асирларга ҳиммат кўрсатади ва уларнинг мусулмонларга қарши бошқа қурол кўтармасликка қасамёд қилган қўмондони Ги Лузиньянни озод қилади. Бироқ, тез орада қирол Ричард I раҳбарлигида Учинчи салиб юриши бошланади. Қиролнинг Ўрта ер денгизидаги флоти билан қўллаб-қувватланган улкан армияси ҳамда ўз қасамини бузган Ги қўшинлари икки йиллик қамалдан сўнг муҳим аҳамиятга эга бўлган Акру қалъасини босиб олади.

Бироқ Салоҳиддин қўшинларни қайта тўплайди ва салибчилар фойдаланиши мумкин бўлган барча озиқ-овқат захираларини йўқ қилиш орқали Ричарднинг Қуддусга ҳужумини тўхтатишга муваффақ бўлади. 1192 йилда ҳар икки саркарданинг учрашуви ташкил этилади ва унда уч йил муддатга тинчлик тўғрисида сулҳ тузилади. Босқинчилик ва хунрезлик урф бўлган ўша давр учун бу битим ўта адолатли ва инсонпарварлиги билан ажралиб турар эди.

ХАСТАЛИК ОҚИБАТИДА

Аммо Салоҳиддин ҳам, Англияга қайтиб кетган Ричард I ҳам Фаластинга ҳукмронлик даъвосидан воз кечмайди. Улар ҳарбий ҳаракатларни қайта бошлаш илинжида эди, бироқ яна салибчиларга қарши жангга кириш Салоҳиддинга насиб этмайди. Дамашққа қайтганидан сўнг у сариқ безгак хасталигини орттиради ва 1193 йилда 55 ёшли саркарда дунёдан ўтади.

Буюк саркардалардан бири сифатида тан олинган, адолатли ҳукмдор сифатида фуқароларининг садоқатига сазовор бўлган Салоҳиддин ал-Айюбий оддий ҳаёт кечирган ҳамда ўзидан сўнг бойлик ва хазиналар эмас, балки яна бир неча авлодлари ҳукмронлик қилган машҳур сулолалардан бирини қолдирган.

П. Сайдивалиев тайёрлади.

0 изоҳ

Рўйхатдан ўтганлар ва тасдиқланганларгина изоҳ қолдиришлари мумкин.