топик, блог, фотосет ёки йўналтиргич яратиш

РИЁСИЗ АМАЛ ОХИРАТДА ЗАҲИРАДИР

Маънавият
 
Риё бу қилаётган амални, гапираётган гапни, қилаётган ниятини атрофдагилар билсин дея бажаришидир. Агарда бирор яхшилик қилаётган бўлса одамлар мени яхши инсон десин, молидан инфоқ қилаётган бўлса мени сахий деб ўйласин, ибодат қилаётган бўлса инсонлар тақволи экан деб ўйласин деб ҳаракат қилишдир.
Динимизда бу гуноҳи азим ҳисобланади. Бу хусусда оятлар, ҳадислар келтирилган. Қуръони каримда бу гуноҳнинг оқибати ажойиб бир мисол билан келтирилган. “Остидан анҳорлар оқиб турувчи, хурмою узумлари бор, турли хил мевалари мўл боғи бўлган бир одам ўзи кексайиб, нотавон(ёш) болалари билан қолган пайтида ўша боғини оловли тўфон уриб, ёниб кетишини хоҳлайдими? Тафаккур қилурсизлар, деб Аллоҳ ўз оятларини сизларга шундай баён қилади[1]”. Бу мисол савобли ишларни одамлар кўзи учун қиладиган кишиларга танбеҳдир. Риёкор одам ҳам охиратда ажру-савобдан бебаҳра қолади. Оятда ҳам гўё ҳамма нарсага эришган одамнинг бутун бойлиги бир зумда олов туфайли йўқ бўлиб кетиши риёкор одамнинг мисолига ўхшайди. Энг ёмони бу дунёда молу-давлатдан бир зумда ажраган инсон яна ҳаракат қилиб унга эга бўлиши мумкин, лекин бутун ҳаёти давомида яхши амаллар қилган, садақа, эҳсонлар қилган, нафл ибодатлар қилган, Қуръон тиловати билан машғул бўлган одам охиратда булар эвазига ҳеч бир савобга эга бўлмаса бундан катта ҳасрат, надомат бўлмайди.
Ҳадиси шарифларда ҳам Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг бу гуноҳдан қайтаргани, хавфсираганини кўрамиз. Ибн Лубайддан(р.а) ривоят қилинади. Расулуллоҳ (с.а.в) “Сизлардан енг хавфсирайдиган нарсам махфий ширкдир”, дедилар. Шунда саҳобалар “Эй Аллоҳнинг Расули, махфий ширк нима?” деб сўрашди. У зот: “Бу риёдир”, деб жавоб бердилар. Ҳадисда риёдан Пайғамбаримизнинг ўзлари ҳам биз ҳаққимизда хавотирлангани ҳатто бу гуноҳни ширкка тенглаштирганини кўришимиз мумкин. Динимизда бир қанча гуноҳи кабиралар бор, бировнинг ҳаққини ейиш, зино, ўғирлик, туҳмат ва бошқа гуноҳлар. Меҳрибон Роббимиз ҳақиқий тавба қилиб, бу гуноҳларга бошқа қайтмасликка аҳд қилган кишини гуноҳини кечиши мумкин, аммо ширкни кечирмаслигини Ўз каломида баён қилган. Ҳадисда риё ширкка далолат қилиши айтилмоқда. Ундан ҳар бир мўмин-мусулмон эҳтиёт бўлиши керак. Чунки риё қалбни қорайтиради. Қалб қорайган сари унда холис ният ва ихлос қолмайди. Қорайган қалбга ҳикмат ёғдуси таъсир қилмайди. Оқибатда бошқа гуноҳларни қўрқмасдан қиладиган бўлади. Инсон қилаётган амалига озгина риё аралашса, бу ибодатидан фойда йўқ. Агар у риё билан намоз ўқиса, закот берса, ҳаж қилса, Қуръон ўқиса, инфоқ қилса булардан фақат машаққат чеккани, ҳамда Аллоҳ таолога осий бўлгани қолади холос.
Аллоҳ таоло молига риё аралаштирганларнинг мисолини қуйидаги оятда шундай баён қилади: “Эй иймон келтирганлар. Садақаларингизни миннат ва озор бериш билан, Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирмаса ҳам, кишиларга риё учун молини нафақа қилганга ўхшаб, бекорга кетказманг. У мисоли устини тупроқ босган силлиқ бир тошга ўхшайдир. Бас, кучли ёмғир ёғса, силлиқ бўлиб қолади. Касб қилганларидан ҳеч нарсага қодир бўлмасалар. Ва Аллоҳ кофир қавмларни ҳидоятга бошламас ”. Оятнинг аввалида садақани миннат ва озор бериш билан ботил қилмасликка амр бўляпти. Кейин агар шундай қилинса, риё учун садақа қилганга ўхшаб қолишининг баёни келмоқда. Риё учун қилган садақаси қаттиқ тошнинг устига тўпланиб қолган озгина тупроққа ўхшайди. Ёмғир ёғса ювилиб оқиб кетади ва қаттиқ тош очилиб қолади. Бундай садақа қилувчилар ҳеч қандай савобга эга бўлмайдилар.[2]
Одамларнинг мақтовини истаб ёки бировлар кўрсин учун қилинган амаллар эвазига Аллоҳ таоло бу дунёда банданинг мақсадини ҳосил қилади. Аммо, охиратда савоб ато этмайди. Бу ҳақда Пайғамбаримиз (с.а.в) шундай марҳамат қиладилар: “Ким бу дунёда бирор амални одамлар эшитсин деб қилса, Аллоҳ уни одамларга эшиттириб қўяди. Ва ким одамлар кўрсин деб қилса, Аллоҳ уни одамларга кўрсатиб қўяди”. Демак, бу дунёнинг обрўсини истаб қилинган амалга фақат бу дунёнинг ўзидагина мукофот берилади, охиратда эса насиба бўлмайди. Мўмин одам ҳар бир амалини холис Аллоҳ таоло учун бажармоғи лозим. Одамларнинг мақтовини истаган киши эса икки дунё саодатидан ажраб қолиши мумкин. Аллоҳ барчамизни ўзига ихлос билан адо этадиганлардан қилсин.

0 изоҳ

Рўйхатдан ўтганлар ва тасдиқланганларгина изоҳ қолдиришлари мумкин.