топик, блог, фотосет ёки йўналтиргич яратиш

ҒОЯВИЙ ТАҲДИДГА ДОИР

Маънавият
Маданият ва маърифат
ҒОЯВИЙ ТАҲДИДГА ДОИР
 
Бугун жамиятимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг асосида наъмунавий шахсий фазилатлар: интеллектуал салоҳият, маданият, етакчилик, ижодий қобилиятлар, хушмуомалалик, ташкилотчилик, ташаббускорлик ва тадбиркорлик қобилиятлари, масъулият, умуман олганда  бунёдкорлик йўлида муайян  мақсадларга эришишга қаратилган ижобий хислатларга эга шахсларни тарбиялаш вазифаси ўта муҳим аҳамият касб этмоқда. Ушбу ҳаракатларнинг самараси ўлароқ, ўз мустақил фикрига эга, борлиққа теран нигоҳ билан қарайдиган авлод шакллана бошлади. “Келажагимиз эгалари” — дея таърифланган ёш авлодни баркамол шахс этиб тарбиялаш баробарида уларга мамлакат тақдирининг боғлиқ эканини ҳисобга олсак, ёшларни Ватанга садоқат ва унга  дахлдорлик хисси ҳамда чин маънавий руҳда тарбиялаш зарурлиги кўринади. Агар истиқлол даври, айни кунга қадар юртимизнинг равнақи ҳақида сўзласак, бутун дунё эътироф этаётган тараққиётимиз, ўзига хос турмуш тарзимиз ва энг аҳамиятлиси олдимизга қўйган  мақсад-муддаоимизнинг  тўғри экани яққол кўринади. Бу эса ҳар биримизга чексиз ғурур-ифтиҳор бағишлайди.  Бироқ, шу ўринда ҳар доим ҳам масаланинг икки томони, ижобий ва салбий жиҳати бўлгани ёки эзгуликка қарши ёвузликнинг мавжудлиги биздан доим ҳушёрликни талаб этади. Яъни тўғри йўлдан кетаётган карвонни манфур мақсадлар йўлида издан чиқаришга қаратилган ҳаракатлар ҳамма даврларда ҳам бўлган. Шу маънода бугун тез ўзгараётган замонда жамият ва унинг аъзолари, айниқса ёшлар онгига зарар етказувчи асосий ҳавф-хатар – “Ғоявий таҳдид”дир.
Бу ёруғ дунёда инсонни онг ва тафаккур бошқарар экан, унга кўрк ва мазмун бағишлайдиган асосий омил бу – маънавиятдир. Ғоявий таҳдидлар эса уни издан чиқариш ёки зарарлашга, яъни инсоннинг ўз олдига қўйган ватанпарварликка йўғрилган, миллий-умумбашарий мақсадларидан чалғитишга қаратилган маънавий таҳдиддир.
Масалани таҳлил қилиш ва унга жавобан қилинажак ҳаракатлар ҳақида фикр юритар эканмиз аввало, “Маънавий таҳдид”нинг ўзи нима, унинг таъсир доираси қанча ёки бартараф этишнинг қандай йўллари мавжуд каби саволларга жавоб излашимиз даркор. Айни ўринда масаланинг долзарблиги ва унинг моҳиятини тўла англаб олишимиз учун мамлакатимизнинг Биринчи Президенти мухтарам Ислом Каримовнинг “Маънавий таҳдид деганда, аввало, тили, дини, эътиқодидан қатъий назар, ҳар қайси одамнинг том маънодаги эркин инсон бўлиб яшашига қарши қаратилган, унинг айнан руҳий дунёсини издан чиқариш мақсадини кўзда тутадиган мафкуравий, ғоявий ва информацион хуружларни назарда тутиш лозим,”деганфикрларини келтириб ўтмоқчимиз.  Дарҳақиқат, техника ва технология тараққий этган ушбу асрда локал тармоқ ва ва мобил оламнинг имкониятлари чексиз экани бутун инсониятга наф келтирмоқда. Бироқ, шу сабаб етказилиш усули ва шаклидан қатъий назар, асосли ёки маънисиз ахборот ҳуружлари, турли мафкура ва ёт ғоялар пайдо бўлмоқда. Энг ёмони зоҳири ўта ялтироқ, одамни ўзига чорлайдиган ботини яъни ортида эса фақатгина маълум гуруҳларнинг ўз манфаатлари йўлида қилаётган ёки ўйлаб топган ғаразли ниятлари яширинганидир. Айни вақтда дунёнинг айрим ҳудудларида нотинчликлар, қуролли ҳаракатлар, турли диний оқимлар, ИШИД масаласи ва яна турфа хил йўл ва йўналишлар мавжудлиги сир эмас. Шу ўринда ҳақли бир савол туғилади. Хўш, бундай иллатлардан шахс омилини, айниқса ёшларни қандай ҳимоя қилиш зарур?  Доно халқимизнинг пурҳикмат ўгитлари қаторида “Одобни беодобдан ўрган” мақолини эсласак ва агар масалага ўзига хос ёндашиш, яъни ўзбек халқининг ўз менталитети ҳамда маънавияти, ўзи белгилаб олган тараққиёт йўлига бегона бўлган ҳар қандай қарашни эшитганда ёки унга йўлиққанда ибрат кўзи билан қараб, фақатгина унинг нотўғри эканига яна бир бор ишонч ҳосил қилиш кайфиятида бўлиш зарур. Ва яна ҳар бир шахс ўзида ғоявий иммунитетни шакллантриши ҳамда фаровонлик йўлидаги барча хатти-ҳаракатларга дахлдорлик руҳида яшаши даркор. Агар ҳар биримиз мустақиллик, озодлик, бугунги тинч ва осуда ҳаёт ўз-ўзидан келмагани, уларнинг барчаси тинимсиз курашлар, қийинчилик ва йўқотишлар, уйқусиз тунлар, изланиш ва яратилишлар маҳсули эканини қалбан англар эканмиз, эл-юртимиз, Ўзбекистон деб аталган бу бетакрор ва озод диёрга ҳеч қандай ёвуз кучлар, ғоявий таҳдидлар соя сола олмайди.
 
Хурматилло ИСМОИЛОВ
“Тиллар, пeдагогика ва психология” кафeдраси ўқитувчуси
 
 
 
 
 

0 изоҳ

Рўйхатдан ўтганлар ва тасдиқланганларгина изоҳ қолдиришлари мумкин.