топик, блог, фотосет ёки йўналтиргич яратиш

Одоб – боланинг кўрки

Маънавият
Маданият ва маърифат
Динимизнинг барҳаёт таълимотларида одоб – аҳлоқ масаласига ҳам алоҳида эътибор берилган. “Одоб” сўзи тарбияли бўлмоқ, ҳушхулқ бўлмоқ деган    маъноларни билдиради. Барчамизга маълумки, фарзанд инсон хаётининг   мазмуни, насл – насабини давом эттирувчи, оиланинг мустаҳкам занжиридир. Яхши, солиҳ ва баркамол фарзанд ота – онанинг бахт – иқболи, икки дунё саодатига етиштирувчи дилбанди. Фарзандларга «Жаннат райҳонлари» деб таъриф берилиши бежиз эмас. Аммо, у одобли, яхши фазилатлар соҳиби бўлгандагина ота – онасига раҳмат, бахт ва  хурсандчилик келтиради. Фарзанд – оила қувончи, Ватан ва жамият таянчи. Унинг соғлом, илмли, имон-эътиқодли ва иродали бўлиб улғайиши нафақат ота – она балки, давлатимизнинг ҳам эзгу мақсадларидан биридир. Шу боис мамлакатимизда истиқлолнинг илк кунлариданоқ фарзанд тарбиясига катта эътибор қаратилди.  Шу йил 15 июнь куни Тошкент шаҳрида “Ижтимоий барқарорликни таъминлаш, муқаддас динимизнинг софлигини асраш – давр талаби” мавзусидаги анжуманда муҳтарам Президентимиз сўзлаган нутқида: “Кейинги йилларда халқимиз ўртасида кенг тарқалган «Ўз уйингни ўзинг асра!» деган даъватга бугун “Ўз болангни ўзинг асра” деб қўшимча киритиш вақти келди”, деб ўйлайман деган сўзларини замирида ҳам жондан азиз фарзандларимизни жисмонан соғлом, ақлан баркамол ва ҳар томонлама салоҳиятли этиб вояга етказишдек улуғ мақсад мужассам.      
                    Фарзандларимизнинг яхши, одобли, меҳнатсевар, соғлом ва ҳар томонлама салоҳиятли бўлиб ўсиши кўп жиҳатдан онасига боғлиқ бўлади. Шунинг учун динимиз кўрсатмаларида бўлғуси келинни танлашга алоҳида эътибор қилинади.
                    Келажакда туғилажак фарзандларга муносиб она танлаш ҳақида фарзанд ҳали туғилмасидан кайғурилади. Ойша онамиз (р.а) дан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ (с.а.в):
                  «Фарзандларингизга муносиб онани ихтиёр қилинглар», деганлар.
                  Инсониятнинг кўпайиши, наслининг бардавомлиги қиёматгача давом этадиган илоҳий ирода ва муҳим жараёндир. Бироқ ота – онанинг вазифаси фарзандини дунёга келтиришдангина иборат, деган фикрга бориш ҳам тўғри эмас. Улар ўз фарзандларини ақлли, эсли–хушли, жисмонан соғлом, диёнатли, иймон-эътиқодли, чиройли одоб – аҳлоқли, жамият ва миллатга фойдаси  тегадиган инсонлар қилиб тарбиялаш ҳақида қайғуришлари  керак. Чиройли одоб – аҳлоқ инсондаги барча фазилатларнинг энг олий ва афзалидир, зеро ҳусни хулқ соҳибидан доимо эзгулик, яхшилик кутилади. Ўзига, оиласига, жамиятига ва Ватанига манфаат етади. Шунинг учун ҳам улуғларимиз: “Ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзи тамойилларини қарор топтириш, уларни гиёҳвандлик, аҳлоқсизлик, четдан кириб келаётган ҳар хил зарарли таъсирлардан, “оммавий маданият”  ниқоби остидаги таҳдид ва хавф – ҳатарлардан асраш масалалари бир зум ҳам эътиборимиздан четда қолмаслиги даркор”, деб уқтирадилар. Демак, бугунги мураккаб бир замонда ўзлигимиз ва миллийлигимизни англашимиш, ёш авлод тарбиясида муҳим ўрин тутган одоб – аҳлоқ, катталарни ҳурмат қилиш, кичикларга иззатда бўлиш, юриш – туриш, кийиниш, еб–ичиш, бошқалар билан муомалада бўлишдаги меъёр, тартиб – қоидалар каби бой ва ўлмас миллий қадриятларимиз руҳида камолатга етказиш алоҳида аҳамият касб этади.
                    Муҳаммад ибн Муҳаммад Жомий айтади: «Ҳар бир ота – онанинг фарзанд  олдида бурчи бор. Болага яхши ва чиройли исм қўйсин. Унга илму маърифат ўргатсин. Ота – она фарзандини ҳамиша ҳалол овқат билан боқсин. Шундагина пуштидан бўлган бола ҳалол ва покиза бўлиб туғилади».
                       Азиз фарзандларимиз диний ва дунёвий билимлар билан барча юксак маънавиятимиз, миллий урф – одатларимиз ва қадриятларимиз асосларини ҳам пухта эгаллашлари керак.
                    Аллоҳ таоло азиз фарзандларимизни, дилбанд ёшларимизни ҳусни хулк ва чиройли одоб – аҳлоқ билан зийлатлантириб, ота – оналарига фахр,  кўз қувончи бўлишларини насиб айласин.
 
 
                 “Аммор ибн Ёсир”жоме
                     масжиди имом – ноиби:  Н.Ходжаев
 
 

0 изоҳ

Рўйхатдан ўтганлар ва тасдиқланганларгина изоҳ қолдиришлари мумкин.