топик, блог, фотосет ёки йўналтиргич яратиш

Н И Я Т

Маънавият
Маданият ва маърифат

Карвон қайтадиган вақт яқинлашди. Макка аҳли уни кутиб олиш учун тайёргарлик кўра бошлади.
Хадича ўша сирли тушидан ташқари моли ва тижорати ҳақида ҳам жиддий бош қотирарди. Карвон яқинлашган сайин одамларнинг тайёргарлиги ҳам тезлашди. Савдогарларни кутиб олиш учун уйларда тадорик бошланди. Нима олиб, нима сотганларини ҳисоб-китоб қилишга, фойда ва зиённи аниқлашга шай туришарди. Тонг отиб атроф ёришгач, Хадича баъзи бир хизматкорларини олиб, баланд тепаликка чиқди ва карвонни кута бошлади. Хушхабарни биринчи бўлиб етказиш учун жория хизматчилар карвон йўлига қаттиқ тикилиб турарди.
Узоқдан Маккага тезлик билан келаётган карвон кўринди. Хадича юрагининг уриши тезлашганини ҳис этарди. Хизматчиларидан бири тўсатдан: “Эй бекамиз! Ана Муҳаммад! Муҳаммад!” дея қичқирди.
Муҳаммад билан Майсара туяларида келишарди. Уларнинг орқасида юк ортилган яна бир туя келарди. Хадича карвонни кўриб таажжубга тушди. Карвон аҳлининг ҳаммаси қуёш тиғида, фақатгина Муҳаммад сояда эди. Унинг устига бир парча булут соя ташлаб турарди. Сояга ҳеч кимни, ҳатто Майсарани ҳам шерик қилмасди. Хадича булут фақат менга кўриняпти, деб ўйлади. Шунда хизматчилар: “Муҳаммад сояда, одамлар эса қуёш тиғида келаётганини кўряпсизми? Эй бекамиз, у қаерда бўлса, булут ҳам унга эргашиб юрибди”, деди. Хадича ҳеч нарса демади.
Муҳаммад уйига қайтди. Майсара эса, Хадичанинг ҳовлисига йўл олди. Хадича дўконига бориб, ҳисоб-китоб қилди. Кўзларига ишонмади. “Қандай қилиб, Муҳаммад бунчалик фойда билан қайтди? Шунча молни қандай қилиб сотишди экан?” дея ҳайратланди. Келтирилган моллар, уларнинг баҳосини кўриб ҳайрати ўн чандон бўлди. “Бу қанақа фойда? Қандай қилиб бунча фойда топдиларинг?” деб Майсарани сўроққа тутди. “Ҳаммаси Муҳаммаднинг шарофати туфайли — деб жавоб берди Майсара. — Биз Бусра шаҳрига етмасдан карвон билан бирга бозорга кирдик. Атрофимизни сотувчилар ўраб олишди. Кўзларига матоҳларимиз чиройли кўриндими, қисқа вақт ичида уларни сотиб тутатдик.
Муҳаммад жуда чаққон ҳаракат қилди. Ёнимиздаги савдогарлар таажжуб билан қараб ўтиришарди. Ҳатто баъзилари: “Майсара, бу қанақаси, ҳаммамизнинг молимиз бир хил бўлатуриб, фақатгина сизлар сотиб тугатдингиз?!” деб ҳайратларини билдиришди. Ҳа, ҳаммаси Муҳаммаднинг баракоти туфайли бўлди. Сотишда бўлганидек, олишда ҳам Аллоҳ уни қўллади. Сотувчилар молларини негадир унга арзон баҳода беришди. Одамлар Муҳаммаднинг ишини кузатиб, ақли шошди. Ҳа, қиммат сотди ва арзон олди. Баъзи савдогарларимиз таажжуб билан: “Нима бало, сизлар харидор ва сотувчилар билан аввалдан келишиб кўйганмисиз?” дегандек саволга ҳам тутишди”.



Хадича хурсанд бўлиб, Майсарадан йўлда рўй берган воқеаларни батафсил айтиб беришни сўради.
“Муҳаммад шаъни улуғ, ҳамиятли инсон. Ҳозир сизга олди-сотди жараёни ҳақида гапириб бердим. Карвон аҳли бунақа хислат ҳаммада ҳам бўлмаслигини, баъзи одамларгагина берилишини гапирдилар. Осмондаги мўъжизани кўрмадингизми? Ҳаво жуда иссиқ эди. Қуёш нури оловдан баттар куйдирарди. Маккадан узоқлашгач, кичиккина соя топсак бошимизни яширардик. Лекин Муҳаммад қийналмади. Унга осмондан бир парча булут яқинлашиб, то Шомга етгунимизча соя қилиб борди, — деди Майсара. Бекаси юзидаги ҳайратни кўриб бир оз тин олди, сўнг яна сўзида давом этди. — Одамлар бу булутни кўриб, роса ҳайрон қолдилар. Баъзан Муҳаммад одамлардан ажралиб, чуқур ўйга толар эди. Фақат савол берсаларгина жавоб қайтарарди. Баъзи бировлар йўл машаққатини енгиллаштириш учун ўйин-кулги уюштирса, у иштирок этмас эди”.
Хадича: “Шом шаҳрида Муҳаммад нима билан машғул бўлди?” деб сўради.
“Дарахтзор ва боғларни сайр қилди. Ёқимли ҳаво- сидан баҳра олди. Савдогарлар уюштирган базмлари- да иштирок этмади. Баъзилар каби кибрланмади. Ал- лоҳ таолога шукр қилди. Доим тафаккур билан банд бўлди. Одамлар уни қолдириб, ўзлари кўнгли тусаган жойларига кетишди. Карвон қаерда тўхтаса, у ўша ерда қоларди”.
Майсара ҳикоясини бир зум тўхтаб, бекасига си- новчан тикилди. Сўнг ҳаяжон билан улкан сирни очаётган одамдек гапира бошлади: “Одамлар кутаётган пайғамбар мана шу йигит эканига ишонасизми? У зоҳир бўладиган вақт жуда яқин қолди, деб айтишяпти… ”
Хадича бирдан ҳушёр тортди. Ҳайрат билан: “Эй Майсара, нималар деяпсан? Бу фикр сенда қаердан пайдо бўлди?” деди.
Майсара Хадичани ҳайратлантириб ушбу гапларни айтди: “Бекам, Шомга яқин жойда — Бусра шаҳрида туялардан тушдик. Муҳаммад юкларимиз олдида, дарахтларнинг сояси остида ўтирди. Бу дарахтзор яқинида бир роҳибнйнг ибодатхонаси бор экан. Роҳиб Муҳаммадни кўргач, мендан, дарахтнинг остида ўтирган киши ким, деб сўради. Унга, қурайшлик йигит деб жавоб бердим. Роҳиб ҳаяжон билан: “Ана шу киши аниқ пайгамбар қилиб юборилгандир. Аллоҳ Таоло тез орада одамлар орасидан бир элчи сайлайди. Дарахтнинг ортида ўтирган киши бўлажак пайгамбардир!” деди.
Хадичанинг ҳайрати ошгандан-ошди. Амакисининг ўғли Варақа ибн Навфалнинг айтганлари рост чиқаётган эди. “Наҳотки, одамлар айтаётган пайгамбарнинг зоҳир бўлишига оз вақт қолган бўлса?” деди ўзига ўзи. Дўконидан қайтгач, Варақа ибн Навфалнинг ҳузурига шошилди. Унга кўрган-эшитганларини ҳикоя қилди. Амакиси ҳаяжон ичра: “Хадича, у бошқаларга ўхшамайдиган инсон”, деди.
Хадича: “У пайғамбар бўлгунича кутиб турайми?” деб сўради.
“Албатта, у пайғамбар бўлади, — деди Варақа. — Унинг сифатлари, ҳусни, хулқи шундан далолат бериб турибди. Аллоҳ унинг мартабасини ҳозирданоқ бошқалардан юқори қилиб қўйди”.



Хадича уйига қайтаркан, бир қарорга келган эди. Барча пайғамбарлик шарафи Муҳаммадга насиб этишини таъкидлаётган бир пайтда имкониятни бой бер- масликка аҳд қилди. У бу шарофатли йигитга турмушга чиқишни дилига тугиб қўйди.

0 изоҳ

Рўйхатдан ўтганлар ва тасдиқланганларгина изоҳ қолдиришлари мумкин.