топик, блог, фотосет ёки йўналтиргич яратиш

Мутаассиблик хавфли иллат

Маънавият
 
         Мутаассиблик — ўз фикр-мулоҳаза ва дунёқараши тўғрилигига ўта қаттиқ ишониб, бошқа диний эътиқодларга муросасиз муносабатда бўлиш демакдир. Мутаассибликка йўлиққан шахс ёки гурухлар жамиятда беқарорликни вужудга келтиришга уринадилар. У жамият, халқ, қолаверса, бир дин вакиллари орасида хурматсизлик, келишмовчилик, ўзаро адоват ва фирқачилик каби салбий омилларни келтириб чиқариши билан ҳам ўта хавфли хусусият касб этади. Зеро, мазкур иллатлар хар бир дин ва миллат келажагига тўсқинлик қилиш ва беқарорликни келтириб чиқариш учун етарли хавф-хатарга сабаб бўла олади.
          Ислом дини мутаассибликка хайриҳоҳлик билдирмайди. Аксинча, теран ўйлашга, бошқаларга нисбатан муросали бўлишга чақиради. Демак, бир фикрда қаттиқтуриб олиш ва уни бошқаларга мажбуран сингдириш шариат томонидан ман қилинган ишдир.
          Баъзи мусулмонлар ислом хукмларини тушунишликда мутаассибона қарашларни ёқлаб, диний қарашларни тушуниш ва уларга амал қилишда ихтилоф келтириб чиқариб ўз фикрини диндаги энг тўғри ҳамда асл исломий кўриниш санаб, ўзгаларга нисбатан кескин муносабатда бўлмоқдалар. Аслида ислом дини пойдевори бағрикенглик ва енгиллик асосига қурилганини эслашимиз ўринлидир. Шу маънода, Имом Бухорий роҳматуллоҳи алайҳАбу Хурайра розияллоху анҳудан ривоят килган хадиси шарифда шундай дейилади: «Албатта дин енгилликдир. Ким динда чуқур кетса, (дин) уни енгади».Шунингдек, Ибн Масъуддан ривоят килинган хадисда: «Динда чуқур кетадиган (мутанаттиъийн)лар ҳалок бўлди. Динда чуқур кетадиганлар ҳалок бўлди. Динда чуқур кетадиганлар ҳалок бўлди»,-дейилади (Имом Муслим ривояти).
          Мутаасибликнинг салбий ҳолатлари жуда ҳам кўп. Жумладан, ўзгаларга нисбатан тахқир ва маломатларни ёғдириш, ўзганинг фикрини эшитмаслик ҳамда холисликнинг йўқолиши натижасида хақиқатдан юз ўгириш, кишиларни диндан бездириш, мусулмонлар орасида келишмовчиликларни келтириб чиқариш ва ҳоказо хатарлари мавжуд.
          Анас розияллоху анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Набий алайхиссалом  Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳу ва унинг шеригини Яманга жўнатаётиб: «Енгил қилинглар ва қийин килманглар. Ҳушхабар беринг ва нафратлантирманглар. Ўзаро бир-бирингизга ёрдам беринглар ва ихтилоф қилманглар»,-деган эканлар.(Имом Бухорий ривояти)
          Бошқа бир ривоятда айтиладики, Муоз розияллоҳу анҳу бир кун жамоатга имом бўлиб намоз ўқибдилар, намозни чўзиб ўқиганларида саҳобалар Пайғамбаримизга шикоят қилибдилар, шунда У зот: «Эй Муоз фитначимисан!»,-деган эканлар (Имом Бухорий ва Муслим ривояти)
          Аллоҳ таоло «Жосия» сураси 23-оятида шундай мархамат килади: «(Эй Муҳаммад),ҳавойи –нафсни ўзига «илоҳ» қилиб олган ва Аллоҳ уни билган ҳолида йўлдан оздириб, қулоқ ва кўнглини мухрлаб, кўз олдига парда тортиб қўйган кимсани кўрганмисиз? Бас, уни Аллоҳ (йулдан оздирганидан)дан сўнг ким ҳам ҳидоят қила олур?! Ахир эслатма олмайсизларми?! ».
          Демак, мутаассиблик ортида хавойи-нафсга эргашишлик каби кабиҳ сифат ҳам мужассам эканлигини кўрамиз.
          Албатта, мутаассиблик динни нотўғри тушунишдан пайдо бўладиган сифатдир. Кишининг бир фикрда туриб олиши ёки мутаассибона фикр юритиши хавойи-нафсга эргашиш ҳисобланади. Асримизнинг кўзга кўринган уламоларидан Муҳаммад Саъид Рамазон Бутий ўз асарларидан бирида мутаассиблик хақида қуйидаги фикрни билдиради: «Мен бу замонда баъзи шахс ва жамоаларнинг мутаассиблигидан ёки шаҳвату ҳавойи-нафсидан келиб чиқадиган, хукмлари шаръий далиллар хукми билан бирлашмайдиган ва уларнинг хужжатига бўйсунмайдиган янгича ислом туғилаётганини мулоҳаза қилмокдаман».
         Демакки, динни ўзининг дунёқараши доирасида маҳкам тутиш, ундаги вожиб амалларни адо қилишда уларга эргашмаган одамларни ёмон кўриш, улар билан низо чиқариш, тарқоқлик ва фитнага сабабчи бўлиш айни мутаассибликнинг ёрқин кўринишидир. Хозирги кунда мутаассибликка юз тутган фирқа ва гурухлар  жуда кўп. Шунга ўхшаш оқим ва гурухлардан ҳамиша огоҳ бўлишимиз зарур. Чунки бундай оқимларга кириб қолган шахслар мутаассибликка берилган ва ҳеч қандай ёвузликдан қайтмайдиган манқуртларга айланиб колмоқда.
        Ҳулоса қилиб айтганда, ислом дини мутаассибликнинг ҳар қандай кўриниши, ҳусусан, кишининг ўз фикрида муросасиз бўлишини қаттиқ қоралайди. Мутаассибликка берилган шахсларни бағрикенгликка чақиришимиз, агар ўша мутаассиб яхшиликча бу ишдан қайтмаса, жиддий чоралар кўришлик лозим. Чунки, таассубга берилиш фуқаролар орасида ихтилоф ва бўлинишни, ўз эътиқоди ва амалларига нисбатан ишончсизликни келтириб чиқаради. Бундай ишончсизлик минг йиллардан буён исломнинг мўътадиллик таълимотларига амал қилиб келаётган халқимиз тинчлигининг бузилиши, Ватан равнақига тўсиқ бўлишига олиб келади. Ватаннинг барқарорлиги учун фидоийлик қилиш ва унинг тараққиётига рахна солаётганларга қарши туриш хар бир фуқаронинг Ватан ва дин олдидаги муқаддас бурчидир.
 
 
 
 
 Хўжаобод тумани “Гулистон” масжиди имоми
 
  АбдумуталлибУсмонов.

0 изоҳ

Рўйхатдан ўтганлар ва тасдиқланганларгина изоҳ қолдиришлари мумкин.