топик, блог, фотосет ёки йўналтиргич яратиш

Миллий ғоя ва ижтимоий-маънавий жараёнлар уйғунлиги: миллий демократик тараққиётнинг муҳим омили

Маънавият
 
           Баҳриддин Талапов –т.ф.н., НамДУ
<strong >                                                                               Миллий ғоя, маънавият ва
ҳуқуқ асослари кафедраси мудири
 
 Миллий ғоянинг ижтимоий воқелик, миллатнинг келажакка йўналтирилган тасаввурлари эканини қайд этиб Президент  И.А.Каримов унга қуйидагича таъриф беради: “Миллий ғоя деганда, аждодлардан авлодларга ўтиб, асрлар давомида эъзозлаб келинаётган, шу юртда яшаётган ҳар бир инсон ва бутун халқнинг қалбида чуқур илдиз отиб, унинг маънавий эҳтиёжи ва ҳаёт талабига айланиб кетган, таъбир жоиз бўлса, ҳар қайси миллатнинг энг эзгу орзу-интилиш ва умид — мақсадларини ўзимизча тасаввур қиладиган бўлсак, ўйлайманки, бундай кенг маъноли тушунчанинг мазмун-моҳиятини ифода қилган бўламиз” [1.71б.]. Президентимиз миллий ғояни яратиш зарурлигини мустақилликка эришган илк кунлариданоқ таъкидлаганини, бу вазифага олимлар, зиёлилар ва кенг жамоатчилик жалб этилганини эслатиб шундай дейди: “Табиийки, миллий ғоямиз шу юртда яшаётган барча одамларнинг олижаноб ниятларини, ҳаётий манфаатларини мужассам этадиган юрт тинчлиги, Ватан равнақи, халқ фаровонлиги деган юксак тушунчаларни ўз ичига олади” [2.72б.].
Миллий ғоя негизидаги фундаментал демократик тамойил шундаки, у ҳар бир киши, миллат, халқ экзистенциал борлиқда ўзининг мустақил фикри, мустақил дунёқараши, ғоясига эга деб билади. Ушбу ғоясини илгари суриш, унга издошлар топиш ва уни тарғиб этиш ўша субъектларнинг халқаро юридик нормаларда эътироф этилган ҳуқуқидир. Ушбу ҳуқуқни ҳеч ким инкор қилолмайди, у шахс, миллат, халқ учун ҳаёт ва мамот масаласи, келажагини белгилаш, авлодларининг бахтли яшашини таъминлашга қаратилган интилишларини объективлаштириш имконидир. XVIII асрда швецариялик Эмер де Ваттель ҳар бир миллат, халқ ўз эҳтиёжларини қондириш ҳуқуқига эга, бироқ у бошқа миллат, халққа ўз эҳтиёжларини қондиришга хавф уйғотмасин деган эди[3.44-45б.]. Демак, қандай тараққиёт йўлини, давлатни бошқариш усулини танлаш, қандай тамойилларга асосланган ғояларни, андозаларни келажак модели, ижтимоий идеали қилиб олиш ҳар бир миллат, халқнинг суверен ҳуқуқидир. Аммо инсоният тараққиётидан яхши хабардор, миллати, халқининг орзу-умидларини, ижтимоий идеалини тўғри англайдиган сиёсий лидер, давлат раҳбари миллий ва умуминсоний манфаатларни уйғунлаштириш йўлини танлайди. Юртбошимиз миллий ва умуминсоний қадриятларни уйғунлаштириш йўлидан боришни таклиф этганида инсоният тараққиёти қонунларидан яхши хабардор стратег, лидер эканини намоён қилди.
Собиқ Иттифоқ тарқатилиб, Ўзбекистон мустақил давлат бўлгач, И.А.Каримов миллий тараққиётни илғор давлатлар эришган иқтисодий, демократик ютуқлардан фойдаланиш, жаҳон ҳамжамияти билан алоқалар ўрнатиб, умуминсоний бойликлардан баҳраманд бўлиш, хуллас, глобал интеграцияга қўшилишда деб билди. У пайтда глобал интеграция ҳозиргидек шиддатли ҳодиса эмас эди, аммо Юртбошимиз инсоният уйғунлашиш, бирлашиш, давлатлар кўптомонлама ҳамкорликка интилаётгани умумжаҳон тараққиёти талаби эканини билган. БМТ Бош Ассамблеясининг 48 сессиясида сўзлаган нутқида дейди: “Ўзбекистон жаҳон ҳамжамиятининг муштарак манфаатлари билан узвий боғлиқ ҳолда, унинг замонавий ривожланиши даражасига хос бўлган чуқур демократик жараёнлар ўрнида устувор миллий мақсадларга эришиш сари қатъият билан бориш ниятидадир. Ўзбек халқини инсониятнинг ягона оиласида осон бўлмаган, аммо буюк келажак кутаётганлигига унинг ишончи комил” [4.17б.]. Ушбу стратегик йўлнинг тўғрилигини инсоният, глобал тараққиёт кўрсатмоқда.
 
Миллий ғоямиз инсоннинг тинч яшаш, жамият ва давлат ишларида қатнашиш, сайлаш ва сайланиш, сўз ва эътиқод эркинлиги, ижод қилиш ҳуқуқи кабиларга таянади. Шу нуқтаи назардан, миллий ғоя ва инсон ҳуқуқлари бир-бирини тўлдириб, бир-бирини қўллаб-қувватлаб келади. Агар миллий ғоя демократия ва инсон ҳуқуқлари учун назарий-фалсафий, ғоявий асос бўлса, уларнинг ижтимоий борлиқдаги моҳиятини асослаб келса, демократия ва ҳуқуқ миллий ғояни объективлаштиришга, реал ҳаётий воқеликка айлантиришни кафолатлайди ва ёрдам беради.

0 изоҳ

Рўйхатдан ўтганлар ва тасдиқланганларгина изоҳ қолдиришлари мумкин.