топик, блог, фотосет ёки йўналтиргич яратиш

Миллий давлатчилигимизнинг мумтоз намунаси

Маънавият
Маданият ва маърифат
 
         Бугунги  глобаллашув даврида тарихий тажриба, ўтмиш  инсоният учун муҳим аҳамият касб этмоқда. Президентимиз таъбири билан айтганда, “Бугун юртимизда кечаги кунни эсламайдиган, аждодларини, боболарини ёдга олмайдиган одамнинг ўзи йўқ,  десам адашмаган бўламан.  Дунё тарихида қудратли салтанат яратган соҳибқирон Амир Темур бобомиз,… билан ким фахрланмайди,  дейсиз”(И.Каримов   Она   юртимиз бахту иқболи ва буюк келажаги  йўлида хизмат қилиш – энг олий саодатдир. Т.Ўзбекистон-2015 йил.109 бет.) Амир Темурнинг қандай беназир инсон бўлгани, маънавий камолоти, ахлоқий сифатлари, ҳарбий юришлари,  давлат арбоби, енгилмас саркарда, айни вақтда қолдирган улкан моддий ва маънавий мероси ҳақида жаҳонда кўплаб  илмий  ва бадиий асарлар яратилгани ҳеч кимга сир эмас. Жумладан, Амир Темур ҳақида инглиз драматурги Кристофор Марлоу 1588 йилда  тарихий пьеса,  машҳур немис композитори Георг Гендель 1724 йили опера, америкалик адиб  Эдгар По эса 1827 йили шеърий поэма, Францилик таниқли олим  Люсьен  Керен  2006  йилда “Самарқандга, Амир Темур даврига саёҳат” номли фундаментал асар яратган. Улардан улуғ бобомизнинг ҳаёти ва фаолиятига оид қимматли маълумотлар олиш мумкин. Афсуски, мустамлакачилик йилларида миллий қадриятларимиз, алломаларимизнинг мероси номларини тарихдан ўчиришга қаратилган сиёсат юритилган даврда Амир Темур шахсига  нисбатан ҳам адолатсизлик қилинган эди. Мустақиллик   шарофати   билан  бу   масалада  ҳам  адолат  тикланди.  Амир  Темурнинг номи, тарихдаги ўрни ҳақидаги   ҳақиқат юзага чиқди.                                                      
Истиқлол  туфайли Амир Темурнинг ҳарбий ва сиёсий фаолиятидан маълумот берувчи, унинг давлат тузилиши ва уни бошқариш ҳусусидаги қарашлари баён этилган “Темур тузуклари” асарини ўқишга мушарраф бўлдик.                                                                                                                                            
Асар икки қисмдан таркиб топган. Биринчи қисм Темурнинг давлатни барпо этиш  ва мустаҳкамлаш, қўшинларни ташкил этиш юзасидан тузуклари, режаларидан иборат. Қўшиннинг жанговар тартиби жадваллар воситасида ифодаланган.  Иккинчи қисмдага 13 кенгаш ва унинг бўлакларида Амир Темурнинг ҳокимият тепасига келиши, ҳарбий юришлари  тафсилотлари берилади. Асар муаллифи зукко сиёсатдон, йирик давлат арбоби сифатида ўз давлатининг тузилишини, мансабдорларнинг ҳуқуқ ва бурчларини белгилаб беради. “Темур тузуклари” муаллифининг фикрига кўра, ҳар бир тождор ўз давлатининг таянчи бўлган ижтмиоий-сиёсий гуруҳларга  суянган  ҳолда  иш  олиб  бориши, уларнинг ёрдамида раият,  қўшин ҳамда давлатни идора қилиши зарур.Амир Темур давлатни бошқаришда вазирлар, амирлар ва вилоят волийларига  алоҳида аҳамият берган. Вазирлар асар муаллифининг фикрича, қуйидаги тўрт сифатга  эга  бўлишлари шарт: 1) асиллик ва тоза насллик, буюклик;  2) ақлу фаросат;  3) сипоҳу раият аҳволидан хабардорлик  ва уларга хушмуомалада бўлиш;  4) сабру бардошлилик ва мулойимлик. Амир Темур    ободончилик, қўриқ ва бўз ерларни ўзлаштирганларни 
рағбатлантиришга  катта эътибор берган. Ҳусусан, асарда “Хароб бўлиб ётган ерлар эгасиз бўлса, холиса  (давлат ерларни  бошқарувчи маҳкама) тарафдан обод қилинсин, агар эгаси бўлса-ю, обод қилишга қурби етмаса, унга турли  асбоблар  ва керакли нарсалар берсинлар, токи ўз ерини обод қилиб олсин. Яна амр қилдимки, хароб бўлиб ётган ерларда коризлар қурсинлар, бузилган кўприкларни тузатсинлар, ариқлар ва дарёлар  устида кўприклар солсинлар, йўл устида, ҳар бир  манзилгоҳга работлар қурсинлар”,  — деган фикрларини ўқиймиз.                                                   
Темур тузуклари” ни ўқиб, Амир Темурга хос бўлган муҳим фазилатлар билан ҳам танишиш мумкин. Жумладан, “Менга ёмонликлар қилиб, бошим узра шамшир кўтариб, ишимга кўп зиён етказганларни ҳам илтижо  билан тавба-тазарру  қилиб келгач, ҳурматлаб, ёмон  қилмишларини хотирамдан ўчирдим”,- деб ёзади у.  Асарда бундай мисолларни кўплаб учратиш мумкин. Бугунги кунда миллий истиқлол ғоясини шакллантиришда, ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, ҳар қандай ёт бузғунчи ғояларга  муросасиз бўлишда  “Темур тузуклари”  муҳим назарий  манба бўлиб хизмат қилади.
 
Умарова М.А.., Қурбонова М.А.., Азимов А.М.
 
АДТИ Ижтимоий-гуманитар фанлар кафедраси

0 изоҳ

Рўйхатдан ўтганлар ва тасдиқланганларгина изоҳ қолдиришлари мумкин.