топик, блог, фотосет ёки йўналтиргич яратиш

ХАЙРУ САҲОВАТ – ИНСОН ЗИЙНАТИ.

Маънавият
Маданият ва маърифат
ХАЙРУ САҲОВАТ – ИНСОН ЗИЙНАТИ.
         Яхшилик, хайру саҳоват, меҳр-оқибат, сийлаи-раҳм каби  улуғ фазилатлар доимо инсонга зийнат бўлиб келган. Бундай олийжаноб ҳислатларни ўзида мужассам эта олган кишигина ҳақиқий инсоний фазилатга эга бўлган шахс ҳисобланади. Худди шундай  фазилатлар ўзбек халқининг азалий хулқ-атворига айланиб, ота-боболаримиз,  момоларимиз ва дилбар аёлларимизнинг жасорати, ҳиммати ва имон эътиқоди ҳамда ҳаёсида  ўз аксини топган. Мазкур умуминсоний қадриятлар муқаддас ислом динининг асл манбалари – Қуръони карим ва расулуллоҳ (с.а.в)нинг ҳадисларида кўп бора таъкидланиб келади.
Қуръони каримнинг қўйидаги оятида шундай марҳамат қилинади:“Сизларнинг (ҳар) бирингизга ўлим келганда: Эй, Роббим Мени озгина тирик қолдирсанг-чи, мен садақа қилиб, солиҳ (банда)лардан бўлсам!,-деб қолишидан илгари Биз сизларга ризқ қилиб берган нарсалардан эҳсон қилингиз”(Мунофиқун 10-оят).
Мазкур ояти каримада ҳар бир банда садақа бериш билан солиҳ инсон даражасига етишишлиги ҳамда молу дунёсига барака ато қилиниши кўрсатилмоқда.
Яна Аллоҳ таоло  садақани бошқаларга кўрсатмай беришнинг яхшилиги ҳақида шундай марҳамат қилади:“Садақаларни кўрсатиб берсангиз, бу жуда яхши. Агар уни кўрсатмай ва камбағалларга берсангиз, шу сиз учун яхшироқдир ва у баъзи гуноҳларингизни кечиради. Аллоҳ ҳамма амалларингизни билувчидир”(Бақара 271-оят).  
      Баъзи  муфассирлар бу оятни фарз садақа деб тафсир қилиб, фарз бўлган закотни  одамларни закот беришга қизиқтириш ва ундан ибрат олишлари учун кўрсатиб бериш яхши деб ҳисоблаганлар.
         Баъзи муфассирлар фарз садақани кўрсатмай бериш маъқул аммо,   садақани кўрсатиб беришда бошқаларни хайр — эҳсонга қизиқтириш бор деб фикр билдирганлар.
 
Садақа беришда албатта риёдан узоқлашиш, ундан сақланиш, миннат қилиш ва бировларга озор беришдан ўзни тийиш лозим бўлади.
Ибн Аббос (р.а.) мазкур  ояти каримани қўйидагича шарҳлаганлар:
     “Аллоҳ таоло кўрсатмай бериладиган нафл садақанинг савобини кўрсатиб бериладиган нафл садақа савобидан етмиш баробар ортиқ қилган. Кўрсатиб бериладиган фарз садақанинг савобини кўрсатмай бериладиган фарз садақа савобидан йигирма беш маротаба ортиқ қилган, барча фарз ва нафл ибодатларда ана шундайдир”.
       Имом  Ҳасан бундай деган:“Бир ишни давомли қилиш, ўша ишдан оғирроқдир. Чунки банда ишни кўрсатмай қилса, унга кўрсатмай қилган ишнинг савоби ёзилади. Шайтон кўрсатмай қилган ишини кўрсатиб қилмагунича уни васвасага солаверади. Сўнг мақтовни яхши кўрмагунича яна васваса қилади. Кейин унга кўрсатиб қилган иши риё учун деб ёзилади”. 
Хайр-эҳсон, меҳр оқибат ва садақа беришлик улуғ ишлардан эканлиги ҳақида Расулуллоҳ (с.а.в) ҳам ўз муборак ҳадиси шарифларида шундай деганлар:
  “Абу Ҳурайра (р.а)дан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ (с.а.в)га бир киши келиб: “Ё Расулуллоҳ, қандай садақанинг савоби улуғроқдир”,- деб айтди. Жаноби Расулуллоҳ (с.а.в):“Сен ўзинг соғлом ва саҳиҳ бўлсанг-у, камбағал бўлиб қолишдан қўрқиб ҳамда бой бўлишни орзу қилиб садақа қилсанг”- дедилар”.
Яна бир ҳадисда расулуллоҳ (с.а.в) садақани аввало ўз яқинларидан бошлашлик афзалроқ эканлигини таъкидлайдилар:
Саид ибн Мусайяб Абу Ҳурайра (р.а.) дан Набий (с.а.в) нинг бундай деганларини эшитган эканлар: “Ўзидан орттириб қилинган садақа энг яхши садақадир, шунинг учун садақа беришни энг аввало оилангдан бошлагин!”. 
         Аллоҳ таоло барчамизга меҳр оқибатнинг ҳақиқий тимсоли бўлган хайру саҳоват, инфоқ-эҳсон, имон-эътиқодда   бўлиб, жамиятимизнинг фаровонлиги ва юртимизнинг тинчлиги йўлида бардавом бўлишни насиб этсин.
 «Юсуфчек» масжиди
имом хатиби:                               И.Ураимов 

0 изоҳ

Рўйхатдан ўтганлар ва тасдиқланганларгина изоҳ қолдиришлари мумкин.