топик, блог, фотосет ёки йўналтиргич яратиш

Касб-ҳунарли баракаси

Маънавият
                             
 
Халқимизда қадим-қадимдан илм- ҳунар эгаллаб,  пешона тери билан ҳалол меҳнат қилишлик улуғланиб келинган.
Инсоният жумладан муқаддас Ислом динимиз ҳам ялқовлик, боқимандалик каби зарарли иллатларни қатъий қоралаб, инсонларни ҳалол ризқ топиш йўлида саъй-ҳаракат қилиш ва чин-ихлос билан меҳнат қилган ҳолда ҳаёт кечиришга чақиради.
 Аллоҳ таолонинг фазлу карамига эришмоқчи бўлган инсон меҳнат қилиши, ҳалол-касб ҳунар билан машғул бўлиши керак. Ҳалол меҳнат билан шуғулланиш инсонга бахт ва нажот келтиради ва Аллоҳнинг розилигини топишида васила бўлади.
 Барча пайғамбарларнинг ўз касб-корлари бўлган. Масалан: Нуҳ (а.с) дурадгорлик, Иброҳим (а.с.) баззозлик, Довуд (а.с.) темирчилик, хурмо дарахти новдаларидан сават тўқиш, Закариё (а.с.) дурадгорлик, ҳазрати пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в) эса чўпонлик ва савдогарлик касби билан машғул бўлган.
 Ўз навбатида саҳобаи киромлар ҳам бирон-бир касб-ҳунар билан ризқ-рўз топишга саъй-ҳаракат қилганлар. Мисол тариқасида айтиш мумкинки, Салмон Форсий хурмо новдаларидан сават тўқиб сотарди, Абдураҳмон ибн Авф, Усмон ибн Аффон ва бошқа бир қатор саҳобийлар тижорат билан шуғулланардилар.
 Қадимдаги солиҳ кишиларимиз мазкур амалларни яхши англаганлари учун ҳам албатта бирон касб ва ҳунар эгаси бўлишган ёхуд тижорат, тадбиркорлик каби ишлар билан шуғулланишган. Ҳазрати Имом Абу Ҳанифа (р.ҳ) шойи ва ипак газламалар билан савдо қилганлар. Машҳур ватандошимиз, буюк аллома Имом Қаффол Шоший ҳазратлари қулфсозлик танлаган экан. Ҳазрат Хожа Ахрор валий эса тижорат ва чорвачилик ҳамда мулкчиликнинг бошқа турлари билан шуғулланганлар ва ҳоказо…
Юртимиз тарихида тадбиркорлик алоҳида ўрин тутиб келган. Юртимизда қадимдан ер-мулк, касб-ҳунарга эга бўлиш, омилкорлик билан иш юритган, тадбиркор ва ҳалол ишбилармон кишиларни қадрлаш анъаналардан биридир. Бунинг ёрқин намунаси сифатида Соҳибқирон Амир Темур бобомизнинг: “Азми қатъий, тадбиркор, ҳушёр, мард ва шижоатли бир киши мингта тадбирсиз ва лоқайд кишидан афзалдир”, – дея қилган мурожаатлари ҳам бундан дарак беради.
Айни пайт мамлакатимизда ёш авлодни илм, касб-ҳунарга тарғиб қилиш борасида амалга оширилаётган ишлар таҳсинга лойиқ. Буни мамлакатимизда келажагимиз бўлган ёшларни тарбиялаш йўлида қилинаётган ишлар мисолида ҳам кўришимиз мумкин. Ёш ўғил-қизларимиз барча замонавий технология ускуналари билан таъминланган муҳташам биноларга эга касб-ҳунар коллежлари ҳамда олий ўқув юртларида  таълим олаётирлар.
Ватан манфаати, халқ фаровонлиги йўлида ўзининг меҳнати, билими ва тажрибаси билан турли соҳаларда тадбиркорлик ва касб- ҳунар ишларини олиб бораётган барча ватандошларимизнинг ишларига Яратгандан  баракотлар тилаб қоламиз.
 
 
“Тошмасжид ”жоме масжиди имом хатиби:               Х. Махмудов
 

0 изоҳ

Рўйхатдан ўтганлар ва тасдиқланганларгина изоҳ қолдиришлари мумкин.