топик, блог, фотосет ёки йўналтиргич яратиш

Ҳижрат мазмун моҳияти

Маънавият
 
 
Ҳижрат масаласи ҳам ўта нозик масалалардан ҳисобланади. Шу сабабдан ғаразгўйлар бу масалани ҳам ишга солиб кишиларимизнинг бошини айлантириб, турли нохушликларга гирифтор қилишга уринишади. Ақийдада ҳаддан ошиб ғулувга кетганлар “ҳижрат қилмаганлар кофирдир”деган гапни одамлар ичида кенг тарқатишган. Жуда кўп одамлар бу масала ҳақида катта ташвиш билан савол берадилар. Уларга масала далил ва ҳужжат билан тушунтирилмаган. Кофир юртда ёки дорул ҳарбда туриш куфрдир, ҳижрат қилиш фарздир деган фикр уқтирилган, холос. Аммо қайси далил буни тақозо қилишини ва энг муҳими, ҳижратнинг қаерга қилинишининг баёни келмаган.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Фатҳдан кейин ҳижрат йўқ”, дедилар”.
Имом Бухорий ва Муслим ривоят қилган.
“Бу ҳадис умумий ва ўзидан олдин келган ҳижратга далолат қилувчиларини насх қилувчидир, дейдилар. Шу билан бирга, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам мусулмон бўлган арабларни Ўзлари томон ҳижрат қилишга амр қилмаганлар ва ўз юртларида туришларини инкор қилмаганлар”.
Бу, такфирчиларнинг гапига кучли раддиядир.
Сўнгра имом Санъоний Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мусулмонларнинг раҳбари сифатида бошқаларга таклиф қиладиган ишлари ҳақидаги ривоятни келтирган ва қуйидаги жумлага урғу берган: 
“Агар улар ҳижрат қилишдан бош тортсалар ва ўз диёрларида турмоқни ихтиёр қилсалар, уларга билдирким, алар худди мусулмон аъробийлар каби бўлурлар, уларга ҳам мўминларга жорий бўлган Аллоҳнинг ҳукмлари жорий бўлгай”.
     Бас, шундай экан, аслида мусулмон бўлган юртларда намозини ўқиб, рўзасини тутиб, бошқа ўзига фарзи айн бўлган ҳукмларга амал қилиб юрган мусулмонларни “Ҳижрат қилмасанг, кофир бўласан!”дейиш қаердан чиққан?!
Иккинчидан, аввал ҳам айтиб ўтганимиздек, “Ҳижрат қилмаган кофир бўлади”деб айтаётганларнинг ўзлари қаерга ҳижрат қилишни айтиб бера олмайдилар. Зотан, уларнинг фикрига биноан, ҳозир ҳамма мамлакатлар дорул куфр. Улар ўзлари қурган ҳарбий қароргоҳларга ҳижрат қилишни ва ўша ердан ҳужум уюштириб, ўзлари режа қилаётган хаёлий давлатни қуришни таклиф қиладилар. Ана, гап қаерда!” Шудай экан азизлар ўзимизни ва фарзандларимизни турли хил ёт оқимлардан ва уларнинг пуч ғояларига алданиб қолишдан эҳтиёт қилишимиз керак. Ҳаёти дунёда Иймон аталмиш буюк неъматни эҳтиётлаб сақламоғимиз керак. Ана шундагина Роббимиз ҳузурида юзимиз ёруғ бўлади. Иншааллоҳ. 
Аллоҳ табарока ва таоло ҳидоятда мустаҳкам айлаб, адашиб кетишликдан ўз ҳифзи ҳимоясида сақласин. Амийн.

Жалақудуқ туман бош имом — хатиби                                               А. Мамасидиқов
 

0 изоҳ

Рўйхатдан ўтганлар ва тасдиқланганларгина изоҳ қолдиришлари мумкин.