топик, блог, фотосет ёки йўналтиргич яратиш

Исломин излайди ҳур Ўзбекистон!

Маънавият
Доцент Равшан Нигматов
        Ижодкорларнинг ҳаётида шундай тарихий воқеалар содир бўладики, улар ижодкорнинг қалбида чуқур из қолдириб, янги асар яратишга туртки беради. Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президент Ислом Абдуғаниевич Каримов вафот этди. 2016 йил 2 сентябрь куни республикамиз фуқаролари чуқур жудоликка ва қайғуга чўмган, ҳар бир ўзбекистонлик учун азиз бўлган инсон, буюк давлат арбоби, мустақил ватанимизнинг асосчиси, карвонбоши ва ислоҳотчи, миллат отаси яратганнинг инояти билан фоний дунёга рихлат этдилар. Бу мудҳиш хабар чуқур қайғу билан қабул қилиниб, бутун ҳалқимизни мотам ҳис-туйғулари билан руҳан бирлаштирди, қолаверса жаҳон миқёсида ўзининг ўрнига эга бўлган ШАХС хақида фикр ва мулоҳазалар билдирилиб, олиб борган халқчил ва давлатчилик сиёсатлари юқори баҳоланиб эътироф этилди.
        Табиийки, бу қайғулик, жудолик, чуқур истиробли ва руҳий ҳолат санъаткорларимизни ҳам бефарқ қолдирмади. Кечагидек эсимда, юртбошимиз оғир аҳволда эканликларида “эстрада хонандалик” кафедраси иккинчи босқич талабаси Эрназаров Шахбоз “Кўзингизни очинг бобожон” номли қўшиғини ва унга ишлаган клипни кўрсатганда менинг кўзимдан ёш оралаган ва бу ҳолатни атрофимдаги талабаларга кўрсатмасликка харакат қилган эдим. Лекин қалбимдаги чуқур хаяжон билан ёшларнинг боболарига бўлган садоқатлари ва қайғуларининг чексизлигини ҳис этдим.
         Мазкур қайғули ёқотишга бағишланган тадбирда Маънавият бўлими услубчиси Мунира Шодмонова ҳис-ҳаяжон таъсирида жунбушга келиб, “Тазимга бош эгиб”  номли шъерини яратдилар. Ислом Каримов ўзлари биз санъат аҳлига туҳфа қилган Ўзбекистон давлат консерваторияси биносида жойлашган Катта залида бу шеърни камина ўқиб эшиттирди. Мухташам залда яқинда ўтган президент сайловлари учрашуви ва бу мухташам залнинг пештоғига олтин харфлар билан ёзилга ва ўз жилосини сочиб турган “Халққа хизмат қилиш — олий бахт” шиори нақадар халқи учун хокизор фарзанд сўзларининг маъноси янгидан кашф этилди. Залда ўтирган барчанинг кўнглидаги истиробларни ифода этган бу охирги мисралар:
Ўзингиз қайдасиз “Жаннати Инсон!”
Сўзингиз қайдадир “Хазрати Инсон!”
                           Ўзбегим йиғлайди юрак бағри қон.
                           Исломин излайди Ҳур Ўзбекистон!....
       Мотам кунлари давом этмоқда, ичинга чироқ ёқса ёришмайди, касбдошим бастакор Муҳаммаджон Отажонов узоқ давом этган чет эл сафаридан қайтган ва яна консерваторияда дарс беришни давом эттириш мақсадида келган эди. Мендан хол ахвол сўрагандек бўлиб ижод ва ижод қилиш хақида сўз ташлади. Мен кайфиятим йўқлигиданми ё янги ўқув йили муаммолари ва мусибат сабаблими тез чап бериб ўз йўлимда давом этиш мақсадида юзаки гаплашиб кетмоқчи эдим. Бир зумда ижод сўзи менинг янги асарлар, дарсликлар ва қўлланмалар долзарблиги ҳақидаги ечимини кутиб ётган муаммоларни эслатди. Мен Мухаммаджон акага зал эшигини очдимда ярим ёриқ саҳнада Ислом Каримовни портретларига ишора қилиб шу жудоликни мусиқа оҳангларида ифода этадиган куй ёки асар яратинг келгуси авлодга қолсин, мен ўз дарслигимга киритиб шогирдларимга ўргатаман ва ижро эттираман дедим. Ижод қилишингиз учун ишга расмийлаштиришингизга қадар шароит яратиб бераман дедим. У президентимиз суратларига қараганча  ҳаёлда қолди, мен эса ўз ишларим билан шуғулланишга кетдим.
           Муҳаммаджон Отажонов “Йиғи” пьесаси мазкур воқеанинг ижодий инъикосидир. У жуда зиқ вақт, аниқроғи икки кун мобайнида яратилган бўлиб, чуқур инсоний туйғуларни очиб берадиган кўркам ва таъсирчан овоз тембрларига бой чолғу гобой учун соло кўринишида яратилди.
       Асарнинг мазмуни унинг номида акс эттирилган. Ўзбекларнинг урф-одатларига кўра марҳумнинг дафн этиш маросимини ўтказиш жараёнида махсус мусиқа ижро этилиши мумкин. “Марсия”, “Йиғи” ашулалар шулар жумласидан.
       Қўйилган сарлавҳасига мос “Йиғи” марҳумнинг яқинлари кўнгилда чуқур ғам, қайғу истироб чекишлари, тинимсиз кўз ёшланиши, тақдирга тан бериш ва шу билан бирга ич-ичидан кўтарилиб чиқаётган норозилик каби туйғулар ифода этилган.
      “Йиғи”нинг мусиқаси жуда лўнда, хажм жиҳатдан атиги 19та нота сатрдан иборат. Бироқ, ижрочи уни “бир нафасдек” талқин қилиши керак. Шунда асарга хос яҳлитлик ва тўхтовсиз ривожлов хусусиятлари сақланиб қолади. Пьесани ижро этиш пайтида яна бир муҳим жиҳат — эркинлик ҳолатига эришиш. Бу талаб композитор томонидан суръат кўрсатгичи белгилайдиган жойида  келтирилган: “Аниқ суръатисиз, эркин”.
       Куйнинг тузилишида юқори ва қуйи тарафларига йўналтирилган гаммасимон ва хроматик пассажлар, мордент ва форшлаг штрихлари ва репетиция (бир нотани такрорлаш) иборалар танлаб олинган. Бу воситалар содда кўринса-да, жамланган ҳолда ўта таъсирчан.
 
       Асарнинг премьераси Ўзбекистон Бастакорлари уюшмаси ижод залида 2017 йил 11 апрель куни шагирдим Адҳам Қўчқоров томонидан ижро этилди. Асарнинг тақтимотида мусиқашунос олим профессор Дилора Мурадова муҳтарам Ислом Абдуғаниевич Каримов ҳақида эслаб, унинг Ўзбекистон мусиқа санъати равнақига қўшган улуғ ишлари ҳақида тўхталдилар.

0 изоҳ

Рўйхатдан ўтганлар ва тасдиқланганларгина изоҳ қолдиришлари мумкин.