топик, блог, фотосет ёки йўналтиргич яратиш

Ислом ва эзгулик

Маънавият
Ислом ва эзгулик
Ислом дини инсонларни   поклик ва эзгу ишлар қилишга чақиради.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадиси муборакларида: «Одамларнинг яхшироғи одамларга наф – фойда етказадиганидир» дебмарҳамат килганлар. Ушбу ҳадисни кенг қамровли таҳлил қилсак албатта инсонлар бу дунёда савобли амаллар қилиш ва эзгу ишларни амалга оширишга буюрилганлиги маълум бўлади.
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда Расулуллох соллаллоҳу алайҳи васалламга таълим бериб айтадики: «Сиздан (эй Муҳаммад) қандай эҳсон қилишни сўрайдилар, айтинг ниманики хайр – эҳсон қилсангиз, ота – она, қариндошлар, етимлар, мискинлар ва мусофирларга қилингиз! Аллоҳ ҳар қандай қилган яхшиликларингизни билиб турувчидир». (Бақара сураси 215-оят)
Ислом дини нафақат мусулмон аҳлига балки бошка дин вакилларига ҳам яхшилик қилиш лозимлигини таълим беради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам «Ким ғайри динга азият берса, менга азият бергандай бўлади, ким менга заҳмат берса, қиёмат куни унга хусуматчи бўламан» деганлар
Расулуллоҳ, соллаллоҳу алайҳи ва саллам,  кечалари қоим (ухламай ибодат қиладиган) кундузлари рўза тутувчи, лекин, захар тили билан инсонлар  дилини ранжитадиган бир аёл ҳақида сўралганда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам : «У аёл дўзах аҳлидан» – деганлар.
Улуғ ватандошимиз сўфи Аллоҳ ёр ҳазратлари «Саботул-ожизин» китобида:    «Киши санчиқ сўз айтса сан чиқ андин
Ёмондин қоч, Ёмондин қоч, Ёмондин» деганлар.
Ислом оламида машҳур авлиё аёллардан бири Робия адавиядан “Бундай мақомга қандай эришдингиз?”, деб сўрашганда, бир куни саҳрода кетаётиб бир қудуқ олдида ташналикдан холдан тойган итни кўриб қолдим. Рўмолимни ечиб, қудуқ сувига шимдириб, сувини сиқиб итни суғорган эдим.  Ит сувни ичиб, ўзига келиб йўлида давом этиб кетди. Менинг ушбу итга раҳм – шафқат кўрсатганим Аллоҳга ҳуш келганидан мен авлиёлик мақомига эришган бўлсам керак”, – деб жавоб берган эканлар.
Хулоса қилиб айтганда, Ислом дини   бағрикенгликга, раҳм – шафқатли ва   саҳоватли бўлишга чақирувчи эзгулик динидир.
А.Жўрабоев. «Мирзақул бўлиш» жоме масжид имом хатиби

0 изоҳ

Рўйхатдан ўтганлар ва тасдиқланганларгина изоҳ қолдиришлари мумкин.