топик, блог, фотосет ёки йўналтиргич яратиш

Икки хотин ҳам “бола меники”, дедилар

Маънавият
Маданият ва маърифат
 
 
     Бир вақтлар Ҳазрати Сулаймон алайҳиссаломга икки хотин бир болани олиб келдилар. Бири, “Бу бола меники деса”, иккинчиси ҳам, “Йўқ,бола меники”, дер эди. Сулаймон алайҳиссалом:
-         Ҳеч қачон бир бола икки онадан туғилмайди! Бола иккингиздан
бирингизникидир. Иккалангиздан бирингиз ёлғон сўзламоқдасиз, — деди.
-         Бола меники, — деб даъво қилдилар.
Ҳазрати Сулаймон алайҳиссалом даъвогарларнинг можаросини эртанги 
кунга қолодирди.
     Хотинларга: “Сизлар бугун кетинглар. Бугун бу даъвони ҳал этмайман. Эртага эрталаб келинглар”, деди.
     Сулаймон алайҳиссалом ўша кеча икки ракат намоз ўқидилар. Аллоҳдан сўради: “Ё Роббий! Менга ёрдам бергин, бу даъвони қандай ҳал қиламан? Менга тўғри йўлни кўрсатгин”, — дедилар.
     Кечаси туш кўрди. Тушида: “Ё Сулаймон! “Болани иккига бўламан. Бир қўл, бир оёқ, бир кўз ва бир қулоқ сенга, бир қўл, бир оёқ, бир кўз ва бир қулоқ сенга”, деб айт. Боланинг асл онаси бунга рози бўлмайди. Шунда болани ўша аёлга бер”, деган овоз эшитди.
     Эртаси эрталаб иккала хотин келди. Ҳазрати Сулаймон алайҳиссалом:
-         Даъволарингни ҳал қилдим. Болани иккига бўламан. Бир кўз– қулоқ,
Қўл – оёқ сенга, бир  кўз – қулоқ, қўл – оёқ сенга, — деган эди, сохта она: “Майли”, деди. Ҳақиқий она эса:
-         Ё Сулаймон (алайҳиссалом), Сиз нима қилмоқчисиз?! Бола ўлади – ку! Бундай қилманг, майли бола унда қолақолсин, мен учун тирик бўлса, яшаса бўлди. – деди.
     Ҳазрати Сулаймон алайҳиссалом боланинг бўлинишини истаган сохта онани жазолади. Сулаймон алайҳиссалом боланинг онасидан:
-         Бу хотин нега сенинг боланга ёмонлик қилмоқчи? – деб сўради.
Аёл:
-         Ё Сулаймон (алайҳиссалом), бу хотин менинг қўшним бўлади. Бу хотинни менда адовати бор. Кўпдан бери менга хасад қилади. Бу сафар ёмонлиги ўзининг бошига етди, — деди.
     Бу ҳикояда ажойиб бир ибрат бор, унда хоинлар, сохта одамлар қандай ёмонликларни қилишлари мумкинлиги айтилмоқда. Жоҳил: “жоҳилман” деб келмайди. Душман душманлигини намойиш қилиб юрмайди, фасод ва фитначилар халқни, мусулмонларни, Ватанни, давлатни парчаламоқ истаганлар ўзларини Ватанпарвар, халқсевар, чин мусулмон қилиб кўрсатади. Ислоҳ этувчи бўлиб, майдонга чиқадилар. Қиладиган ёмонликларини, ботил этиқодларини яхшилик сифатида кўрсатишга интиладилар. Дўст бўлиб кўриниб, душманликларини тадбиқ этмоқчи бўладилар. Бундай ишлар тарихдан маълум. Бизлар қанча – қанча ички ва ташқи душманларнинг фитналарини кўрдик. Мутаассиб, бузуқ эътиқодли инсонлардан келадиган азият, жабрларни бошдан ўтказдик.
     Ҳазрат Пайғамбаримиз Мухаммад Мустафо (соллаллоҳу алайҳи васаллам): “Ҳақиқий мўмин киши бир тешикдаги илоннинг икки марта чақишига йўл қўймайди” – деб айтганлар.
     Тарихни унутмайлик, бепарво, лоқайд бўлмайлик. Дунёда бўлаётган фитналардан доимо хушёр ва огоҳ юрайлик. Модомики, хотиржамлигимиз ғафлатга айланиб қолмасин.
     Аллоҳ таоло тинчлигимизни, фаровон хаётимизни боқий қилсин! Омин!
 
 
                                                         Ҳикоя “хикматлар хазинаси” китобидан олинди.
 
 
 
 
Жалақудуқ тумани “Ёрқишлоқ”
    Жомеъ масжиди имом хатиби:                                   С     Юнусов

0 изоҳ

Рўйхатдан ўтганлар ва тасдиқланганларгина изоҳ қолдиришлари мумкин.