топик, блог, фотосет ёки йўналтиргич яратиш

ФАРЗАНДЛАРИМИЗ ҲАҚҚИНИ ЧИРОЙЛИ АДО ЭТАЙЛИК!

Маънавият
   
                    
ФАРЗАНДЛАРИМИЗ ҲАҚҚИНИ ЧИРОЙЛИ АДО ЭТАЙЛИК!
          Ҳар қайси миллатнинг ўзига хос маънавиятини шакллантириш ва юксалтиришда оиланинг ўрни ҳамда таъсири беқиёсдир.Чунки инсоннинг энг соф ва покиза туйғулари, биринчи галда, оила бағрида шаклланади. Боланинг табиати ва дунёқарашини белгилайдиган маънавий мезон ва қарашлар-ҳалимлик ва эзгулик, камтарлик ва олижаноблик, меҳр- муҳаббат ва оқибат, ор-номус ва андиша каби муқаддас қадриятларнинг пойдевори оила шароитида қарор топади.
Дарҳақиқат, оила жамиятга юксак маънавиятли кишиларни етказиб берадиган даргоҳдир. Шундай экан, боланинг тўғри тарбия топиши, илм маърифатли бўлиб етишиши бевосита ота-онага боғлиқдир. Агар ота-она олдидаги вазифаларини билса, ва уларни амалга оширишга ҳаракат қилса, у жамиятга нафи тегадиган фарзандларнинг камол топишига сабабчи бўлади.
Ота-она фарзандига тўғри тарбия бериши, ота-оналик вазифаларини бажариши учун, энг аввало, фарзандига нисбатан меҳр туйғусини ҳис қилиши керак. Болага нисбатан ота-онада меҳр-муҳаббат бўлмас экан, унга эътибор ҳам бўлмайди.
Барча ишларда бизга намуна бўлган Пайғамбаримиз (с.а.в)набиралари Ҳасан ва Ҳусайнларни меҳр билан суйганларини унутмаслигимиз керак.
Абу Ҳурайра(р.а) ривоят қиладилар: “Расулуллоҳ (с.а.в) ҳазрати Алининг ўғиллари Ҳасанни ўпдилар. Шунда ўша ерда ўтирган Ақраъ ибн Ҳабис ат-Таймий: “Менинг ўнта болам бор, бирортасини ҳам эркалаб ўпмайман ”, -деди. Расулуллоҳ (с.а.в.) унга бир нигоҳ ташлаб қўйдилар-да, сўнг, “Ким меҳрибонлик қилмас экан, у меҳрибонлик ҳам кўрмайди !”, -деб айтдилар”.
Ҳадисдан аён бўладики, меҳр кўриш учун аввало меҳр бериш керак. Фарзандларини севган киши эса уларга яхши тарбия беради.
Ислом динининг асосий манбалари ҳисобланган Қуръони карим ва ҳадиси шарифларда болалар ва ёшларнинг тарбиясига оид масалалар батафсил ёритилган.
Ота-онанинг фарзанди олдидаги бурчлари қуйидагилардир:
1. Чиройли исм қўйиш.
2. Ақиқа қилиш.
3. Илм ва хунарли қилиш.
4.Балоғат ёшига етгач ўғил бўлса уйлантириш, қиз бўлса турмушга узатиш.
Энди манашу юқорида зикр қилинган ота-оналарнинг бурчларига изоҳ берсак.
1.Исм қўйиш ота-онадан билим талаб қилади. Маъносини англамасдан ҳар-хил исмлар билан болага ном бериш ярамайди. Чунки бола шу исм билан бир умр яшайди. Бола табиатининг шаклланишида ҳам исмнинг таъсири катта бўлади. Баъзи ота-оналар исмнинг том маъносини билмай туриб, унинг жарангли эканлигига  мафтун бўлиб, баъзилари эса атайин болаларига ҳеч қандай маъно англатмайдиган исм қўйишади. Ўзбек тилимизда қанчадан-қанча чиройли исмлар бўла туриб маъносиз, хунук исмларни фарзандларига қўйишади. Аллоҳ болаларга ҳар томонлама чиройли исм қўйишга буюради. Агар фарзандимизга номақбул исм қўйсак, ақлини танигач, у ўз исмидан уялади, ота-онасидан норози бўлиб, тенгдошлари орасида масхара бўлади. Исм қўйишдан аввал манашуларни ўйлаган ота-оналар фарзандларига ҳар томонлама чиройли исм қўйишга ҳаракат қилмоқлари лозим бўлади.
Ибн ал Мусайяб оталаридан нақл қиладиларки, оталари Расулуллоҳ (с.а.в.) ҳузурларига борганларида, ул зот: “Исминг нимадур?” –деб сўрабдилар. Оталари: “Исмим Ҳузн (яъни Ғам)”, дебдилар. Жаноб Расулуллоҳ(с.а.в.) унга: “Сенинг исминг Саҳл (яъни шодмон бўлсин!)”, -дебдилар. Оталари: “Отам қўйган исмни ўзгартира олмайман!” -дебдилар”. Ибн ал –Мусайяб: “Шу-шу бўлдию бошимиздан ғам аримай қолди”, — дейдилар.
Исмнинг инсон ҳаёти билан чамбарчас боғлиқлигини ҳисобга олиб, исм танлашга алоҳида эътибор бериш керак экан.
2.Ақиқа қилиш ислом динида фарзандга алоҳида эътибор берилишининг белгиси ва Аллоҳ берган неъматни шукронаси ҳамдир. Ақиқа қилиш суннат амалларидан ҳисобланиб, уни бажариш имкони етган одамларга юклатилади.
Ақиқани қачон қилган маъқул деган саволга қуйидаги ҳадисдан жавоб топиш мумкин.
 
Маймуний айтади: “Мен Абу Абдуллоҳдан қачон болага ақиқа қилинади”, -деб сўрадим. У: “Оиша (р.а.) онамиз 7,14,21-кунлари, деб айтганлар”, -деди.
 
 
Демак, ақиқа маросими яқинлар даврасида ўтказилади ва ота-она ўз қувончини ўзгалар билан баҳам кўради. Яна Ақиқа маросимига ёши улуғ инсонларни таклиф қилинса, ёши улуғлар бизга ўхшаб улуғ ёшларга кирсин, деб дуо қилар экан, олимларни таклиф қилинса, олимлар бизга ўхшаб олим бўлсин, деб дуолар қилар экан.
3.Илм ва хунарли қилиш деганда фарзандларимизга фойдали илм ва хунарларни ўргатиш назарда тутилмоқда. Ислом динида илмга қанчалик аҳамият берилишини Қуръони карим оятлари ва Пайғамбаримизнинг ҳадиси шарифлари ҳам тасдиқлайди. Жумладан Аллоҳ таоло Қуръони каримда илмни фазилатини баён қилиб шундай дейди:
“Айтинг: “Биладиганлар билан билмайдиганлар тенг бўлур-ми?!” Дархақиқат, фақат ақл эгаларигина бундан эслатма олурлар”.(Зумар сураси 9-оят).
         “Аллоҳ сизлардан имон келтирган ва илм ато этилган зотларни (баланд)даража(мартабаларга) кўтарур. Аллоҳ қилаётган (барча яхши ва ёмон)амалларингиздан хабардордир”.(Мужодала сураси 11-оят)
         Ҳадисларга мурожаат қиладиган бўлсак, уларда ҳам илм олиш фазилатининг юксаклигини кўрсатувчи кўпгина мисолларни топишимиз мумкин.
           Расулуллоҳ (с.а.в.) айтганлар: “Аввалги пайғамбарлардан ва мендан мерос бўлиб илм қолади”; “Ҳар нарсанинг таянчи бор. Диннинг таянчи фиқҳ, яъни билимдир”; “Бир олимнинг мажлисида қатнашиш минг ракъат (нафл) намоз ўқишдан, минг нафар беморни зиёрат қилишдан, мингта жанозада қатнашишдан афзал”,-дедилар. Ва яна бошқа бир ҳадисда “Илм олиш ҳар-бир муслим ва муслимага фарз”-деганлар.
Демак, ҳар-бир инсон Аллоҳнинг каломи ва Пайғамбаримизнинг ҳадисларига мувофиқ илм олишга ҳаракат қилиши  керак.
Инсон илм олиш билан бир қаторда, муайян бир хунарни ҳам эгаллаши зарур. Доно ҳалқимиз: “Хунарли киши хор бўлмас”, деб деб бежиз айтмайди.
Кайковус “Қобуснома” асарида шундай мурожаат қилади: “Эй, фарзанд, огоҳ бўлки, ҳунарсиз киши ҳамиша фойдасиз бўлур ва ҳеч кишига наф еткурмас. Билурсанки, хори муғилон (тиканли бута) тани бору, аммо сояси йўқдур. Хунарсиз киши ҳам хори муғилон сингари на ўзига наф етказур, ва на ўзгага фойда берур”.
Кўриниб турибдики, инсон нафақат ўзига, балки ўзгаларга фойда етказиш учун ҳам касб-ҳунарни эгаллаши керак. Кишининг ҳунари қанча кўп бўлса, шунча яхши.
Ҳадиси шарифда таъкидланишича, кишиларнинг энг яхшиси ўзгаларга фойдаси тегадиганидир. Бошқаларга нафи тегиши учун ҳунар ўрганиш ва ундан одамларга хизмат кўрсатишда фойдаланиш керак. Ҳукуматимиз томонидан фарзандларимизни илмли ва ҳунарли бўлиши учун етарли шарт-шароитлар яратилган. Муҳтарам Юртбошимиз таъкидлаганларидек: “Фарзандларимиз биздан кўра кучли, билимли, доно ва албатта бахтли бўлишлари шарт”-дедилар ва мана шу йўлда юртимизда жуда катта ишлар амалга оширилмоқда.
Лекин биз ота-оналар фарзандларимизга илм олишлари учун етарли шарт шароитлар яратиб бера олаяпмизми? Айрим ота-оналар ўзлари оилани тебратиш ўрнига, фарзандларини рўзғор ишларига тиқиб қўяётганликлари. Ўқиб олим бўлармидинг, пул топиб кел деб, уларни ёш туриб кўчага чиқариб қўйиш ёки чет давлатларга жўнатиб юбораётган ҳолатлари ҳам бор.
 Ҳурматли ота-оналар фарзандларимизга бугун илм маърифатни бермай, фарзандларимизни вақтида ўқишга юбормай, ўткинчи ҳою-ҳавасларга берилиб, уларни билим олишларига шароит қилиб бермасак, фарзандларимиз олдидаги бурчимизни адо қилмаган бўламиз ва эртага Қиёмат кунида  Аллоҳни олдида хисобимиз оғир бўлади. Фарзандларимиз ҳам бизларни кечирмайди.
4. Балоғат ёшига етгач ўғил бўлса уйлантириш, қиз бўлса турмушга узатишлик, ҳар бир ота-онанинг бурчидир. Балоғат ёши деганда уйланиш вақти назарда тутилган. Балоғат ёши Ханафий мазҳабига кўра, ўғил болаларга 19ёш, қизларга эса 17 ёш деб белгиланган. Конституциямиз ва “Оила” Кодексида ҳам айнан  манашу ёшларда оила қуриш белгилаб қўйилган. Лекин ҳозирги давр дунё ислом уламолари эса, никоҳ ёшини фақатгина тиббиёт белгилаб беришлигини эътироф этишмоқда. Таассуфки, айрим ота-оналар фарзандларини ҳали улар билим юртларидаги ўқишларини тамомламай туриб, уйлаб қўйиш ҳолати ёки бўлмаса турмушга узатиб юбориш ҳолатлари борлиги бизни ташвишга солмоқда. Юқорида илм беришлик ҳам ота-онанинг фарзанди олдидаги бурчи эканлигини айтиб ўтдик. Бир ўйлаб
 
 
 
 
кўринг, фарзандингиз ҳали ўзи гўдак бўлса, бирор бир соҳани етук мутахассиси бўлмаган бўлса, суяги ҳали қотмаган бўлса-ю, эртага фарзанд кўрса, фарзанди қандай қилиб соғлом бўлади. Ўқишлари ҳам чала бўлиб етук мутахассис бўла олмайди. Натижада ҳали ғўр, катта ҳаётга уқуви бўлмаган ёшлар оилани тебрата олмай, тез орада ажралишиб кетишмоқда. Туғилаётган фарзандлари ҳам нимжон ёки ногирон ҳолда туғилмоқда. Минг афсуски, мана шундай эрта никоҳларни чаласавод муллалар томонидан яширинча ўқиб қўйилмоқда. Албатта чала муллаларни эртага ўша дунёга келаётган норасида гўдакларни уволи тутади.
         Никоҳдан кўзланган энг олий мақсад бу, Аллоҳга ибодат қилиб, ота-онасини ортидан ҳаққига дуо қиладиган, инсонлар орасида номини сақлайдиган келажакни ҳақиқий эгаси бўладиган соғлом, баркамол ва солих зурриёт қолдиришдир.Анас ибн Молик(р.а.) шундай дейдилар: “Набий (с.а.в.) бизни уйланишга буюриб, бева ўтишдан қаттиқ қайтарар эдилар ва дердиларки, “Туғадиган соғлом ва суюкли аёлга уйланинглар!” Зеро, мен Қиёмат куни сизларнинг кўплигингиз билан бошқа пайғамбарлар олдида фахрланаман”.
Никоҳ муқаддас ришта бўлиб, у жамиятнинг негизини ташкил қилган оила қуриш учун ҳуқуқий замин ва жамият мустаҳкамлигию бардавомлигини таъминловчи асосий омил ҳисобланади, айни вақтда у одамларнинг кундалик ҳаётида содир этилиши мумкин бўлган зино иллатининг ҳам олдини олади.
          Ҳозирги кунда балоғат ёшига етмаган қизларни ўртасида турмушга чиқмай туриб, зино йўли билан  ҳомиладор бўлиб қолиш ҳолатлари ҳам учраб турганлиги аччиқ бўлсада ҳақиқат. Зино ҳар хил касалликларни келтириб чиқаради. Бундан ташқари, беникоҳ туғилган болаларнинг кўпайишига олиб келади. Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз (с.а.в.): “Никоҳ менинг суннатимдир. Ким ундан юз ўгирса у мендан эмас, яъни менинг умматим эмас”,-деб таъкидлаганлар. 
Демак никоҳдан кўзланган асосий мақсад солиҳ фарзандни дунёга келтириш ҳамда зино иллатидан сақланиш экан.
         Хулоса сифатида шуни айтиш керакки, бугун биз юксак технологиялар ривожланаган ва глобаллашув жараёнлари кезаётган бир даврда яшамоқдамиз. Ҳозирги вақтда ривожланган давлатлар қаторига қўшилиш, маънавий тахдидларга қарши тура билиш учун мафкуравий иммунитетни шакллантириш лозим бўлиб, эл-юрт равнақи учун жон куйдирадиган ёшларни тарбия қилишимиз биз ота-оналар учун зарур вазифа бўлиб қолди. Шундай экан, ҳар бир ота-она ўз масъулиятини чуқур ҳис қилган ҳолда, фарзанд тарбиясига сидқидилдан ёндашишлари мақсадга мувофиқдир. Ушбу ўта масъулиятли ва хайрли ишларимизда Аллоҳ ўзи ёру мададкор бўлсин.
 
 
 
Хонобод шахар бош имом хатиби:                                                  М.Рахимов

0 изоҳ

Рўйхатдан ўтганлар ва тасдиқланганларгина изоҳ қолдиришлари мумкин.