топик, блог, фотосет ёки йўналтиргич яратиш

Диний экстремизм ва террорчилик тушунчаси.

Маънавият
 
«Экстремизм» сўзи лотин тилидан олинган бўлиб, “кескин фикр ва чораларни ёқлаш, кескин чораларга тарафдорлик” маъносини англатади[1]. Олимлар “экстремизм” иборасини сиёсий атама деб қарайдилар. Бу атаманинг сиёсат билан боғлиқ жиҳатлари шундаки, норасмий экстремистик ташкилотлар раҳбарлари сиёсий масалалар юзасидан “кескин, қатъий чоралар кўриш йўли билан”, яъни куч ишлатиш, зўрлик билан давлатлардаги расмий ҳокимиятни ўзгартиришни ўз олдига мақсад қилиб қўйганлигидадир. Уларнинг норасмий дейилишига сабаб, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, “Сиёсий партиялар”, “Нодавлат нотижорат ташкилотлар” ҳамда “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги амалдаги қонун талабларига кўра расман Адлия Вазирлигидан рўйхатдан ўтмаганлигидадир[2].
Диний экстремизм – кенг маънони англатади. Экстремистлар барча динларда, масалан, буддизм, христианлик, исломдаги норасмий оқимларда учраб туради.
Диний экстремизм кескин чораларни қўллашга, баъзан зўравонлик ҳаракатларини содир этишга мойиллиги билан ажралиб туради. Бунда муайян шахс ҳам, бошқа динга мансуб ижтимоий гуруҳ ҳам ёки шу диннинг ўз вакиллари томонидан рад этилаётган мазҳабга мансуб вакиллар ҳам таъсир кўрсатиш объекти сифатида танлаб олиниши мумкин[3].
Ислом экстремизми — исломнинг қадимги ғоялари ва идеалларини қайта тиклашни куч ишлатиш йўли билан амалга оширишга қаратилган диний-сиёсий ҳаракат. Бундай ҳаракат диний мутаассибликка асосланган бўлиб, муайян мазҳаб таълимотига қаттиқ ёпишиб олиш оқибатида юзага келади ва кўпинча муайян сиёсат ва иқтисодий манфаатларни таъминлаш мақсадида амалга оширилади. Ислом дини доирасида биринчи экстремистик оқим — Хорижийлар ҳаракати эди. Хорижийлар Али ибн Абу Толиб билан умавийлар давлатининг асосчиси Муовия ўртасидаги урушни музокара ва келишиш орқали тўхтатиш сиёсатига Али розилик бергани учун унга қарши бўлдилар. Хорижийлардан бири Абдураҳмон ибн Мулжам ас-Соримий 661 й.да 4-халифа Али ибн Абу Толибни ярадор қилиб ўлдирди. Хорижийлар умавийлар ва аббосийлар халифалигига қарши уруш олиб бориб, жуда кўп мусулмонларнинг ўлимига сабаб бўлди. Замонлар ўтиши билан улар барча ислом жамоасининг қаршилигига учради. X асрда ўрта Шарқда Ҳамдон ал-Ашъас «Ал-Қаромита»[4]деб аталган диний-сиёсий ҳаракатга асос солди. Бу ҳаракат вакиллари бошқа мазҳаблар тарафдорларини ўлдириш сиёсатини олиб борди. XII аср бошида исмоилийлардан Ҳасан Саббоҳ (1124 й.в.э.) ва унинг тарафдорлари ўз диний ғоялари ва сиёсий мақсадларини амалга ошириш учун қурол ишлатиш, қатл қилиш, йўлтўсарлик, террорчиликдан фойдаланиб келган. Уларнинг асосий қароргоҳи ва маркази Аламут қалъаси (Эрон)да бўлган. Улар ҳашиш (гиёҳвандлик моддаси)ни қўллаш йўли билан фидойиларни тарбиялаб, ўз мухолифларини ўлдиришга буюрган. Кейинроқ Аламут қалъаси Хўлагу томонидан забт этилиб, уларнинг террорчилик ва сиёсий фаолиятига барҳам берилди. XVIII аср ўрталарида ҳанбалий мазҳабининг айрим вакиллари таълимотидан фойдаланиб, Муҳаммад ибн Абдулваҳҳоб (1703-1794) диний экстремистик ҳаракат – Ваҳҳобийликка асос солди. Кейинги йилларда Ваҳҳобийлар ҳарбий тайёргарликдан ўтиб, Тожикистон ва Чеченистонда қўпорувчилик, террорчиликни кучайтирдилар[5].
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси томонидан 2000 йил 15 декабрда қабул қилинган “Терроризмга қарши кураш тўғрисида”ги қонуннинг 2-моддасида “Асосий тушунчалар” ва террорчилик билан боғлиқ атама ва ҳолатлар баён этилган.
Жумладан, “Терроризм – сиёсий, диний, мафкуравий ва бошқа мақсадларга эришиш учун шахснинг ҳаёти, соғлиғига хавф туғдирувчи, мол-мулк ва бошқа моддий объектларнинг йўқ қилиниши (шикастлантирилиши) хавфини келтириб чиқарувчи ҳамда давлатни, халқаро ташкилотни, жисмоний  ёки юридик шахсни бирон-бир ҳаракатлар содир этишга ёки содир этишдан тийилишга мажбур қилишга, халқаро муносабатларни мураккаблаштиришга, давлатнинг суверенитети, ҳудудий яхлитлигини бузишга, хавфсизлигига путур етказишга, қуролли можаролар чиқаришни кўзлаб иғвогарликлар қилишга, аҳолини қўрқитишга, ижтимоий-сиёсий вазиятни беқарорлаштиришга қаратилган, Ўзбекистон Республикаси жиноят кодексида назарда тутилган зўрлик, зўрлик ишлатиш билан қўрқитиш ёки бошқа жиноий қилмишлар”нинг  асл моҳияти террорчилик эканлиги кўрсатиб ўтилган.
Терроризм тушунчасига  турли таърифлар берилган. Бу таърифлар унинг манфур башарасини очиб беришга хизмат қилади. Лекин бир туркум таърифлар борки, улар бу касофатнинг «ички дунёси»ни очиб беради. Бу таърифлар инсонни чуқур ўйга толдиради. Ва шу баробарида террор ҳақидаги дахшатли ҳақиқатни яланғочлаб қўяди. Масалан, Франция Фанлар академияси XVIII асрда Чоп этган луғатида терроризмни «қўрқитиш тизими» деб таърифлайди. Бошқа гуруҳ олимлар терроризмни «ҳаракат орқали тағибот» деб атайдилар. Айрим манбаларда эса терроризмга «қўрқитиш сиёсати» дея нисбат берилади. Кўриниб турибдики, террор ва қўрқув – эгизак тушунчалардир. Инсонларни қўрқитишдан мақсад эса жамиятда ваҳима ва саросима, парокандалик ва беқарорлик келтириб чиқаришдир. Демак, аҳолида зўравонлик олдида ҳимоясизлик ҳиссини туғдириш терроризмнинг асосий хусусиятидир[6].
Террор – лотинча сўз бўлиб, одамларни ўлдириб, мухолифларни орадан кўтариш, жамиятда қўпорувчи ҳаракатларни амалга ошириш билан хавф ва даҳшат туғдиришни англатади.
Террорчилик бир сиёсий атама сифатида, қурол сотиш, наркобизнесни ривожлантириш, конституцион тузумларни ағдариш ва бошқа тубан мақсадларга эришиш учун, айтиб ўтилган турли жиноий йўллардан фойдаланишни зарур ва жоиз деб биладиган кимсалар ва ташкилотларнинг йўл-йўриғидан иборат.
Террорчилик ҳеч қачон эзгуликка қаратилган эмас, аксинча ҳар доим диний ва инсоний меъёрлар, умуминсоний қадриятлар ва аҳлоқий фазилатларга қарши ишлатилганлиги учун энг оғир ва вахшиёна жиноят ҳисобланиб келган. Унинг тарихи қон билан ёзилган.
Террорчилик дин, миллат, элат ва чегара билмайди. Энг ваҳший, маданиятсиз ва инсоний хислатларини йўқотган ашаддий жиноятчилар, бу қабиҳ ишга қўл урадилар.
 Террорчилик узоқ ўтмишга эга бўлиб, сон-саноқсиз бегуноҳ одамларнинг ҳаётига зомин бўлиб келган. Шарқу ғарбнинг машҳур шахсиятлари, йирик олимлар ва давлат арбоблари унинг қурбонига айланишган.  АҚШнинг Президентлари Авраам Линкольн, Жон Эф Кеннеди, Ҳиндистон раҳбарлари Махатма Ганди, Индира Ганди ва унинг ўғли Раджив Ганди, Миср Араб Республикаси Президенти Анвар Садат, шунингдек «Сиёсатнома» китобининг муаллифи Хожа Низомул-мулк, унинг ўғиллари ва бошқа кўп порлоқ сиймолар шулар жумласидандир.
                МустаҲкаммасжиди
                             имом хатиби                                Арипов Саъдулла.
 



[1] Ўзбек тилининг изоҳли луғати. –М.: Рус тили, 1981. –T.2. –Б. 442.

[2] Ражабова М. Диний экстремизм ва террорчилик. –Т.: Янги аср авлоди, 2000. –Б. 38.

[3]Закурлаев А. ва Ахунов Б. Диний экстремизм ва террорчилик. –Т.:Янги аср авлоди, 2004. –Б. 66.

[4]Иккинчи номи Таълимийлар. Буларда фирқага янги кирганларга таълим бериш қаттиқ қоида асосида олиб борилгани сабабли, улар Таълимийлар номи билан ҳам аталган.

[5] Ислом. Энциклопедия. З.Ҳуснидинов таҳрири остида. –Т.:«Ўзбекистон миллий энциклопедияси», 2004.

[6] Умарова Н. Замона зулмни кўтармасёхуд инсоният кулфати ҳақида. “Халқ сўзи”

0 изоҳ

Рўйхатдан ўтганлар ва тасдиқланганларгина изоҳ қолдиришлари мумкин.