топик, блог, фотосет ёки йўналтиргич яратиш

Давлат идоралари  фаолияти - халқ назоратида

Маънавият
 
               Баҳриддин  Талапов -НамДУ, доц., т.ф.н. 
        Шу кунларда ҳаммамиз гувоҳмиз, мамлакатимизда халқ  фаровонлигини  таъминлаш йўлида  олиб борилаётган эзгу ишлар ҳар бир инсонни бахтли яшаши учун қулай шароитлар яратишга,  бугунги кунимиз кечагидан, эртамиз эса бугунги кунимиздан кўра бахтли ва фаровон бўлишига қаратилган.
       Шу маънода мустақил ватанимиз тарихида, Ўзбекистоннинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишида, унинг жадал суръатлар билан тараққий эттиришда яна бир янги давр, янги тараққиёт босқичи бошланди,  десак тўғри бўлади.
       Бу борада давлатимиз раҳбари Ш.М.Мирзиёев фармонлари билан тасдиқланган “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналишлари кўзда тутилган Ҳаракатлар Стратегияси”  муҳим аҳамиятга эга.
          Ушбу кенг қамровли хужжатда давлат ва жамият қурилиши тизимини янада такомиллаштиришга, қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ йўналишини янада ислоҳ қилишга, иқтисодиётни ривожлантириш ва либераллаштиришга, ижтимоий соҳани янада ривожлантиришга,  ҳавфсизлик, диний бағрикенглик ва милатлараро тотувликни таъминлаш ҳамда ўзаро манфаатли ташқи сиёсат олиб боришга йўналтирилган, устувор вазифалар белгилаб берилган.
         Харакатлар стратегиясида ўз аксини топган муҳим йўналишлар  таҳлили шуни кўрсатадики, унинг ҳар бир бандида  истиқболда  амалга ошириладиган ислоҳотлар, амалий ишларнинг мазмун-моҳияти ёритиб берилган.
      Хусусан, демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш ва мамлакатни модернизация қилишда парламент ролини янада кучайтириш, давлат бошқаруви  тизимини  ислоҳ қилиш, бу борада жамоатчилик бошқаруви тизимини янада такомиллаштириш билан боғлиқ масалаларни белгилаб  берилганки, уларни ҳаётга тадбиқ этиш шубҳасиз жамиятимиз сиёсий тизимида янги қадриятларни шакллантиришга олиб келади.  Буларни билиш ва идрок қилиш  ҳар бир фуқаронинг бурчи деб ҳисоблаймиз.
         Шу заруриятдан келиб чиқиб, биз ушбу мақолада Президентимиз Ш.М.Мирзиёевнинг сайлов олди Дастурларида акс этган давлат бошқаруви тизимини ислоҳ қилишга доир айрим мулоҳазалар билан ўртоқлашмоқчимиз.
        Аввало шуни айтиш жоизки, Харакатлар Стратегиясида “Давлат бошқаруви тизимини ислоҳ қилишда давлат бошқаруви ва давлат хизмати тизимини давлат бошқарувининг марказлаштиришдан чиқариш” масаласига алоҳида урғу берилади.  Бу бежиз эмас. Ўйлаб кўрайлик,  давлатимиз раҳбари Президент  сайловидан олдин  вилоятлардаги учрашувларда ўз дастурлари моҳияти ҳақида гапирар экан, миллий давлатчилигимиз анъаналарига асосланиб ўзбек давлатчилигига  янги шакл ва мазмун бериш   маъносида янги таъмойилни, яъни, “Халқ давлат идораларига эмас,  давлат  идоралари  халққа хизмат  қилиши керак,”-  деган қоидани илгари сурдилар. Бизнингча,  бунда катта маъно бор. Буни ҳаётнинг ўзи ҳам талаб қилмоқда.
      Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг иккинчи боби “Халқ  ҳокимиятчилиги” деб номланади ва бу меъёрлар  давлатимизнинг  демократик табиатини  ифодалайди.  Шу боис ҳам  ушбу  7-моддада “Халқ давлат ҳокимиятининг бирдан-бир  манбаидир” деган қоида  кўрсатиб қўйилган.[1] Бу шуни билдирадики, биринчидан,  ҳокимиятнинг фақат халққа  тегишли экани,  давлат халқнинг иродасини ифодалаши ва унинг  манфаатларига  хизмат қилиши лозимлиги,  давлатнинг асосий вазифаларидан бири ҳар бир инсоннинг, шунингдек  жамиятнинг фаровонлигини таъминлашга қаратилган  бўлиши кераклигини  англатади.  Иккинчидан,  шуни айтиш жоизки,  халқнинг  ўзи  барча даражадаги давлат ҳокимиятини шакллантиришда, бевосита (референдум  орқали),  билвосита (вакиллик органлари, шунингдек  Президент  сайловлари орқали)  иштирок этади. Модомики,  шундай  экан, юқоридагилардан келиб  чиқадиган муҳим  хулоса шуки,  халқнинг ўзи давлат ҳокимияти органлари халққа қандай  хизмат қилиш билан боғлиқ  фаолиятини назорат қилишга ҳам ҳақлидир.
         Шу маънода Президентимиз Ш.М.Мирзиёев томонидан илгари сурилган “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари” деб аталувчи янги ғоя ва тамойил давлат ҳокимияти, давлат идоралари фаолияти қандай эканлигини кўрсатувчи, айни чоғда улар фаолияти халқ томонидан  нафақат баҳоланиши, айни чоғда  назорат қилинишининг ҳам  самарали шакли дейиш мумкин.



[1] Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси Т., “Ўзбекистон” нашриёти, 2012 йил, 4-бет.

0 изоҳ

Рўйхатдан ўтганлар ва тасдиқланганларгина изоҳ қолдиришлари мумкин.