топик, блог, фотосет ёки йўналтиргич яратиш

Қайси тилда сўзлаш керак ёки бугуннинг аччиқ ҳақиқатлари

Маънавият
Маданият ва маърифат
ҚАЙСИ ТИЛДА СЎЗЛАШ КЕРАК?

Тил ҳақида кўп ва хўп ёздик. Давлат тили ўзбек тили эканлигини ҳам барчага уқтирдик.
Бир пайтлар руслар, корейслар ўзбек тилини ўрганишга ҳаракат ҳам қилиб қолишган эди. Кейин эса…
Аммо орадан йиллар ўтгач, улар яна рус тилида иш юритишни бошлашди. Майли, русларнинг ўзларини тилида, дейишимиз мумкин.
Матбуотчилар, журналистлар учун ҳар ҳафтанинг икки кунида Миллий матбуот марказида матбуот анжумани бўлади. Авваллари у ерга мен жуда кўп борардим. У ерда бизларга тарқатадиган пресс-реализлар рус тилида, онда-сонда ўзбекча бўлмаса, рус тилида йиғилишлар бўларди.
Ўша пайт нимагадир бунга ҳеч ким эътибор бермасди. Ҳамма жим ўтираверарди.
“Оила тилсими” газетасида муҳаррирлик қилаётганимда матбуот анжуманига таклиф қилишди. Айтилган вақтда бордим. Анжуман рус тилида бошланди. Менинг тоқатим-тоқ бўлди. Қачонгача биз жим ўтираверамиз. Ахир тадбирга йиғилганларнинг тўқсон фоизи ўзбекларку. Атига ўн фоизи рус бўлганлиги учун рус тилида гапириш шартми? Ахир кўпчиликка озчилик бўйсуниши керак-ку!
Йўқ, бу даргоҳда иш шундай бир тахлитда давом этаверар экан. Ўшанда анжуманда “Кимда савол бор?” деганларида мен шартта ўрнимдан туриб қўлимга улар тутқазган “Пресс-реализ”ни кўтардим-да савол бердим:
— Қачонгача манавилар рус тилида ёзилади? Қани бизнинг давлат тили — ўзбек тилимизга бўлган эътибор?
Нимагадир ҳамма бир-бирига қараб қолди. Айримларининг эса менинг саволимдан энсаси қотди.
Бироздан сўнг эса бир газетанинг муҳаррири ўрнидан турди-да улар ҳам ичидаги дардларини айтди.
— Қачонгача бундай йиғилишлар рус тилида олиб борилади? Бешта киши рус тилини билмаса, элликта инсонга қарши бориб, бу йиғилишни рус тилида ўтқазиш шартми? Улар ҳам ўзбек тилини ўргансин? Ахир Ўзбекистонда яшаяпти. Бизнинг тилимизни ҳурмат қилишсин. Ўйламанглар, яна ўзлари рус тилини билмас экан деб. Мен ўзим Москвада ўқиб келганман. Рус ва инглиз тилини ҳам биламан. Шунақа йиғилиш қиладиган бўлсанглар, иккинчи маротаба бу даргоҳга қадам ҳам қўймайман! — дея чиқиб кетди. Унинг ортидан мен ва уч-тўртта журналист ҳам чиқиб кетдик.
Тепада ўтирганлар мулзам бўлиб қолишди.
Кейинги ҳафтадаги йиғилишга яна бордим. Элчихонада ишлайдиган япон кишиси келиб соф ўзбек тилида гапирганида ҳамма бехосдан қарсак чалиб юборди.
— Мен шу инсоннинг ҳурмати учун, қолаверса, бизнинг тилимизни ўрганиб, гапиргани учун, албатта, япон тилини ўрганишга киришаман, —деди бир газетанинг муҳаррири.
Бунга ҳам анча вақт бўлди. Кўча-куйда, жамоат тарнспортларида одамларнинг сўзлашувига эътибор бераман. Ёш-ёш қизлар, йигитлар ўзларининг она тилида гапиришларини исташмасдан гўёки ўзларини ўта “маданият”ли қилиб кўрсатишга ҳаракат қилишиб рус тилида, гоҳида ярмини ўзбекча, ярмини русча қилиб сўзлашаётганларининг гувоҳи бўламан.
Ажойиб адибимиз Маҳмуд Сатторов ўғлини ўқишга ҳужжатларини топширтираётганида унга бир гапни уқтирган экан: “Менга қолса юзта тилни бил, аммо биринчи галда ўзбек тилингни унутма. “Қардош тилини билмоқ — қадрдонлик белгиси” дейдилар. Аммо бирон жойга борганингда ҳам ўзингни бошқа тилни билганлигингни кўрсатиб қўйиш учун ўзгалар тилида гапирма! Фақат ўзбек тилида гапир. Қачонки чет элга чиққанингда ёки сайёҳларга дуч келганингда ўшаларнинг тилида гапирасан”. Бу гапга унинг ўғли амал қилди.
Гоҳида айрим санъаткорларнинг ҳам ўзи ўзбек бўла туриб, ўз она тилисини билмаслигидан куйиниб кетаман. Аммо рус бўлган хонанда Лариса Москалёва ўзбек тилини шунақанги чиройли гапиради, ўзбек тилида қўшиқлар айтади. Ҳатто мумтоз қўшиқни ҳам маромига етқазиб куйлаётганини гувоҳи бўлдим. Шунинг учун бўлса керак унга Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист деган унвонни беришди. Худди шундай унвонни олган бошқа бир ўзбек хонандамиз ўзбек тилини билмайди.
Эстрадамизнинг машҳур хонандаси Юлдуз Усмонова эса бир концертида учта негрни “Настарин гули майда”, дея ўзбек тилида куйлатганида кўпчилик “Яшшавор!” деган бўлса ажаб эмас.
Айрим ўзбек хонандаларичи? Ҳатто ўз тилида тўлиқ гапира олмайдилар. Талаффузларида нимагадир урғу беришади. Кучаниб гапиришади. Қўшиқларидаги сўзларини нотўғри айтишади. Қани бу ерда ўзбек тилига бўлган ҳурмат-эътибор?
Ҳар бир инсонни дўстларидан жудо қилдирадиган ҳам тил, уларнинг қошида ҳурматини оширадиган ҳам тилдир. Ширин муомила дўстликнинг мустаҳкам калитидир. Ёмон гап эса гўёки қаҳратон қишдаги изғиринга ўхшайди. Теккан жойи азоб беради. Заҳар тилли инсонлар барчанинг асабларини бузади. Чиройли қизни ҳам, барно йигитни ҳам хунук кўрсатадиган нарса унинг заҳар тили бўлади. Доноларимиз бежизга “Яхши сўзинг ҳуснингга камол, ёмон сўзинг иқболингга завол” дея айтишмайди.
Илму ҳунар эгаллаш билан бирга ҳар бир инсон одамлар қалбига йўл топа олиши, одоб ва ахлоқ талаблари асосида мулоқотда бўлиш санъатини ҳам эгаллаши лозим деб ўйлайман.
Авваламбор ҳар ота-она ўз фарзандига ўзимизнинг тилимиз жудаям чиройли ва бой эканлигини болалигиданоқ уқтиргани маъқул. Кейин эса тилни ҳам эъзозлаш даркорлигини, унга бўлган ҳурматини самимийлигини исботлаш зарурлигини айтишлари лозим деб ўйлайман.
Хуллас “Тилга ихтиёрсиз — Элга эътиборсиз” дейдилар. Ҳар бир ўзини, халқини ҳурмат қилган инсон, албатта, она тилисида гапиради.

Хонбиби ҲИММАТ қизи

0 изоҳ

Рўйхатдан ўтганлар ва тасдиқланганларгина изоҳ қолдиришлари мумкин.