топик, блог, фотосет ёки йўналтиргич яратиш

Ҳайбатли қўмондон Темур

Маънавият
Маданият ва маърифат
Аждодлар мероси

Аждодлари Кеш вилоятининг ҳокимларидан бўлиб келган Амир Темур мураккаб бир тарихий шароитда, яъни мўғуллар қолдирган вайроналиклардан кейин улуслар ўртасидаги зиддиятлар кучайган бир даврда Барлослар қабиласининг беклари хонадонида Кўрагон номи билан юритилган оилада 1336 йил 8 апрелда таваллуд топган. Салтанат ва жаҳондорликка бўлган иштиёқи ёшлигидан эрта уйғонган.

Тарихий манбаларда турли чалкашликларга йўл қўйилиб, Темур, Темурбек, Ҳазрат Соҳибқирон, Амири бузург Темур Кўрагон, Амир Темур Кўрагон, Соҳибқирон Амир Темур каби номлар билан аталган инсоннинг асл исми Темур бўлиб, 1360 йили Мўғулистон хони Туғлуқ Темур хизматига ўтгач, амир унвонини олган. 1370 йил уламолар, амирлар иштирокида Балхда ўтказилган қурултойда у Мовароуннаҳр ҳукмдори деб эълон қилинади ва унга «Улуғ Амир» унвони берилади. Соҳибқирон унвони кейинчалик Мовароуннаҳр ҳудудида тинчлик ўрнатилиб, «уч йиллик» юришларда, фикримизча, 1391 йили «Қундузча» деган мавзеда Тўхтамиш устидан қозонган ғалабасидан кейин берилган бўлса, ажаб эмас. Чунки бу уруш тарихий манбаларнинг шоҳидлигича, Амир Темур олиб борган урушлардан энг оғири ҳисобланган.
Соҳибқирон унвони манбаларда келтирилишича, Амир Темурнинг мўғуллар ва Чингизхонга алоқаси йўқ. У фақат ҳаётининг охирига яқин Чингиз авлоди Хизр Хожахоннинг қизига уйланиш йўли билан унга қариндош бўлган. У ақлли, журъатли, кучли, қобилиятли бўлиб ўсган. Ўз Ватанининг ва халқининг келажагини, тинчлигини кўзлаб, рақиб Чиғатой улусининг хони Туғлуқ Темур хизматига киришга мажбур бўлган. Келгусидаги ҳаёт сабоқлари, барча йўналишлардаги тажрибалар, баҳслар каби йўналишлар мажмуаси натижасида бетакрор саркарда сифатида жаҳонга танилди.

Умуман олганда, Амир Темур ва темурийлар даврида Мовароуннаҳр ва Хуросоннинг сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ва маданий тараққиёт даври бўлди. Кўплаб вайронага айланган шаҳарлар, қалъа ва истеҳкомлар қайта тикланди, янгилари қад кўтарди. Халқ тинчлиги учун мудофаа чораларини такомиллаштириш йўлида айниқса ҳарбий соҳага алоҳида аҳамият берилиб, ислоҳотлар ўтказилди. Замонасининг энг илғор қўшинини яратди. У барча ишларини ниҳоятда эҳтиёткорлик билан олиб борди. Кези келганда, шуни таъкидлаш жоизки, ҳозирги замон авлодлари қалбига у юритган сиёсат оғир ботиши мумкин. Лекин ҳақиқатдан кўз юмиб бўлмайди. Тўғри, Амир Темур ўз даврига нисбатан вазият тақозоси билан айрим вақтларда қаттиққўллик сиёсатини олиб боришга мажбур бўлган, масалан, ўғли Мироншоҳнинг қалтис ишлари учун қаттиқ жазолаш ҳақида ҳам буйруқ берган. Фикримизча, унинг бундай қаттиққўл, шафқатсиз бўлишига ўзи яшаган даврдаги ноҳақликлар, босқинчиларнинг бераҳмлиги кабилар жиддий сабаб бўлиб, ёшлигидан унинг қалбига қандай бўлмасин ўз юртини ҳимоялаш, халқига фаровон ҳаёт ато этиш ҳисси ўрнашиб қолган бўлса, ажаб эмас. Шу сабабли ҳокимият тепасига келгач, аввал ўз юртида тинчлик ўрнатиб, қудратли давлатга асос солди. Лекин ўша кезларда, қачонки атрофда ҳали нотинчликлар ҳукм сураётган бир вақтда Амир Темур хотиржам бўлиши мумкин эмас эди. Чунки ҳали унинг ёш давлати атрофида унга тажовуз ўтказиши мумкин бўлган Олтин Ўрда, Туркия каби давлатлар кучайиб бормоқда эди. Шунга кўра етарли кучга эга бўлган Амир Темур бирин-кетин уларга қарши ўзининг тарихда уч, беш, етти йиллик деб номланган юришларини бошлайди. Бундан мақсади уларни ўз хоҳишига кўра қўшиб олиш ёки кучсизлантириб қўйиш бўлган.

Амир Темур турли даврларда ном таратган саркардалардан кес­кин фарқ қилган ҳолда стратегик ва тактик билимларни ўз ўрнида моҳирона ишлата билди. У кўплаб дўстлар орттирди, душманларини ҳам ўзига қаратди, уларга тазйиқ ўтказа билди, уларга қарши зарба беришнинг янги-янги усулларини ихтиро этди. Жумладан, Амир Темурнинг ён томондан қиялама зарба бериш тактикаси диққатга сазовор. Бу усул гарчи қадимий бўлса-да, Амир Темур уни такомиллаштирди. Бунинг учун у сараланган ва яхши ҳимояланган чаққон ва ботир суворийлар бўлимини яратиб, уларни ўнг томонга жойлаштирган. Жанг вақтида рақибига қарши чап томондан кучли зарба берилиб, уларни саросимага солган бир пайтда ўнг томондаги суворийлар орқа томонга ўтиб олиб, керакли зарбани бера олишган. Амир Темур кўп ҳолларда ўнг томон бутунлай ишғол этилмагунча чап қанотни жангга ташламаган. Ўзи марказдаги қўл қисмга бошчилик қилиб, захира қўшин билан ўнг ва чап қанотга мадад бера олган. Амир Темур бир пайтнинг ўзида жами қўшин билан ҳаракатга келишдан воз кечган. Чунки бу ҳолатда, яъни барча қўшин бирданига жангга кирганда талафот кўп бўлган.

Амир Темурда «ҳарбий захира» (чағдовул) мавжуд бўлиб, унга алоҳида эътибор берилган. Амир Темур лашкарини рақиб ой шаклида ўраб олганда бу қисм уларни иккига бўлиб ташлаган  (Тўхтамиш билан жангда) ва уларни енгиш осон бўлган. Амир Темур олиб борган жангларнинг сирли дақиқаларини кўриш мумкин. Масалан, кутилмаганда енгилгандай ёки қўрққандай бўлиб орқага чекиниш, кейин кутилмаган томондан рақибни ўраб олиш, уларни чалғитиш, бир рақиб устига юраётган бўлиб, бошқа рақиб устига бостириб бориш, уларга хавф солиб туриш каби бошқа турли маҳорат сирларини кўриш мумкин.

Амир Темур ўта интизомли қўшин тузишга эришди ва унинг тузган қўшини Чингизхон қўшини тартибига ўхшаб кетса-да, кўп жиҳатлари билан фарқланган, яъни унинг армияси умумхалқ характерига эга бўлмай қўшини чорвадор, ҳунарманд, деҳқонлар ва ўтроқ аҳолидан ташкил топган. Отлиқ аскарлар қўшиннинг асосини ташкил этса-да, пиёдалар ҳам етарли бўлган. Улардан тоғли ҳудудларда жанг қила оладиган қисмлар тузилган. Қўшинда аёллар ҳам хизмат қилган. Амир Темур биринчилардан бўлиб «раъдандоз» номли «гумбурлатиб» отувчи, ўт ирғитувчи қуролдан фойдаланди. Шунингдек, жангда ҳарбий бўлинманинг қўлини (етти қўл) яратиш тартибини жорий этди.

Амир Темур ҳаёти давомида доим қўшинига янги-янги тартиб ва қоидаларни киритиб борган. Кўп тарихчилар унинг зафарлари ҳақида қатор-қатор фикрларини берганлар. Масалан, Миср тарихчиси ас-Саййид Фараж «Ҳайбатли қўмондон Темур» китобида Амир Темур зафарларини таҳлил қилиб, унинг қўшини устунлигини сон жиҳатдан кўплиги, разведка, жангларини ҳужумкорлик руҳида олиб борганлиги, маънавий руҳнинг юқорилиги, тарғибот-ташвиқот ишларининг кучи ва бошқарув сиёсатидаги ўта кучли бўлганлигини сабаб қилиб кўрсатган.

Амир Темур ўз замонасининг энг илғор қўшинини яратиб, керакли қурол ва техникаси билан таъминлади. Қисмлар бир-биридан кийим-боши, байроқ ёки туғи орқали фарқланган. Бундай ажралиб туриш жанг пайтида қўшинни бошқаришда жуда қўл келган. Унинг ҳарб санъати ривожига қўшган хизматларидан яна бири қўшин қанотларини жанг чоғида душман ҳужумидан ҳимоя қилиши ва аксинча рақиб қўшинини ён томонидан айланиб, орқа томонидан зарба бериш мақсадида тузган отлиқ қисми (кунбул) бўлган.

Амир Темур доимо дўст ёки рақиб бўлишидан қатъи назар мардларни ҳурмат қилган. Масалан, араб тарихчиси ибн Тангрибердининг ёзишича, Ҳалаб (Сурия) шаҳрини олишда Амир Темур аскарларига қарши Ҳалаб амирининг ўғли матонат кўрсатиб кўп жойидан яралангач, асирга олишганида фақат бошининг ўттиз жойидан яраланганини кўриб, мардлигига қойил қолган Амир Темур ўз табибларига уни даволашни буюрган.

Амир Темур сафар чоғи бошлаб борувчи йўлчи, яъни кажарчиларни маҳаллий халқ ичидан олишга жиддий ёндашган. Етарли миқдордаги черик жам бўлгач, барча қўшин турларини – ёйчилар, найзаворлар, қорурандозлар (ўт пуркагичлар), санчандозлар, тахшандозлар, манжаниқ, аррода ва тиричарх отувчилар ҳамда бошқа аскарий қисмлар кўрикдан ўтказилган. Бу қўшин турларидан ташқари яна понтончилар (кўприк қурувчилар) ва кемачилар, нафтандозлар (олов отувчилар) бўлган.

Амир Темур рақибига тўсатдан зарба бериш усули билан шуҳрат қозонган. У ўта таҳликали онларда ҳам саросимага тушмас, ҳиссиётга берилмас, иродаси иккиланишга асло йўл қўймас эди. Унинг хаёлида доимо ғалаба бўлган. Жанг олдидан жангчиларнинг руҳини кўтариш учун совғалар берган.

Хулоса қилиб айтганда, Амир Темурнинг жанг санъати ҳақида замондошлари қолдирган маълумотларнинг поёнига етиш қийин. Унинг замондоши ибн Арабшоҳ таъкидлаганидек, ҳақиқатда ҳам «Амир Темур тенги йўқ феъл-атворли, чуқур мулоҳазали… тафаккур денгизининг қаъри йўқ...» эди. Шунингдек, ҳарбий мутахассислар тили билан айтганда, гўё уруш худосининг ўзи Амир Темурга жанг олиб боришнинг барча усулларини  ўргатгандек туюлади.

Ўткир Алимов

Темурийлар тарихи давлат музейи катта илмий ходими

0 изоҳ

Рўйхатдан ўтганлар ва тасдиқланганларгина изоҳ қолдиришлари мумкин.